Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:56

IMEI регистрациясидаги "ўғри"ларни қидириш бошланди. Иқтисодчилар “нотўғри тизим”ни тўғри йўлга солишни сўрамоқда


Иқтисодчиларга кўра¸ Ўзбекистонга мобил телефон ва планшетларни қонуний йўл билан олиб кириш бу маҳсулотлар нархининг кескин қимматлашига олиб келиши боис¸ мамлакатда мобил қурилмалар контрабандаси ривожланган.
Иқтисодчиларга кўра¸ Ўзбекистонга мобил телефон ва планшетларни қонуний йўл билан олиб кириш бу маҳсулотлар нархининг кескин қимматлашига олиб келиши боис¸ мамлакатда мобил қурилмалар контрабандаси ривожланган.

2 сентябрь куни Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хориждан олиб келинган мобил телефонлар IMEI кодини регистрация қилиш жараëнида ўғирланган шахсий маълумотлардан фойдаланиш амалиëти мавжудлигини расман тан олди.

28 август куни Озодлик хорижга чиқиб келаëтган ўзбекистонликлар паспорт ва шахсига оид маълумотларнинг кенг кўламда ўғирланиб¸ ноқонуний телефон импорти билан шуғулланувчилар томонидан IMEI рақамини регистрация қилиш учун ишлатилаëтгани ҳақида мақола эълон қилган эди.

Мазкур мақолада келтирилган маълумотлар тўғри эканини билвосита тасдиқлаган АТ вазирлиги ўз рамий баëнотида “ҳозирда учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда мобил қурилмалар ИМEИ-кодларини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда”¸ деб ëзди.

Шундан келиб чиқиб¸ Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тузилган Мобил қурилмалар ИМEИ кодларини рўйхатга олиш тизими – UZIMEI бу жараëнда ўғирланган шахсий маълумотларни ишлатаëтган “шахслар”ни аниқлашни сўраб¸ ҳуқуқ идораларига мурожаат қилган.

Вазирлик расмий баëноти.
Вазирлик расмий баëноти.

Учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларини киритган ҳолда ноқонуний равишда олиб кирилган мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказилиш ҳолатларини олдини олиш ва ушбу ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган шахсларни аниқлаш мақсадида, Тизим оператори томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган. Бугунги кунда тергов суриштурув ишлари олиб борилмоқда. Тергов суриштирув ишлари натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади”¸ дейилади вазирлик Ахборот хизмати 2 сентябрь куни чиқарган баëнотда.

Божхона қўмитаси ҳам ўз текширувини бошлади

3 сентябрь куни Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси ҳам IMEI кодини регистрация қилишда ўғирланган шахсий маълумотлардан фойдаланиш ҳолатлари "юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан текширув тайинлангани"ни маълум қилди.

"Бу каби ҳолатларга дуч келган фуқароларимиздан Давлат божхона қўмитасининг қисқа рақамли ишонч телефони 11-08 га мурожаат қилишингиз сўралади.

Таъкидлаш жоизки, республикамиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона назоратини амалга ошириш, контрабанданинг олдини олиш божхона органларининг асосий вазифалари бўлиб ҳисобланади.

Юқоридаги ҳолат бўйича ўтказиладиган текширув натижалари юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан қўшимча ахборот берилади"¸ дейилади Божхона қўмита матбуот хизмати тарқатган баëнотда.

Ўзбек блогосферасидан ҳукумат ва ҳуқуқ тизимларига таклифлар

Ноқонуний импорт қилинган телефонлар IMEI кодини регистрация қилиш жараëнида ўғирланган шахсий маълумотлардан фойдаланганларни аниқлаш бўйича тергов суриштирув бошлангани ҳақидаги расмий хабар ўзбек блогерлари ва тармоқ фойдаланувчилари ўртасидаги муҳокама мавзуига айланди.

Хусусан¸ иқтисодий мавзудаги чиқишлари билан танилган маҳаллий блогерлар¸ бу жараëннинг асл муаммо эмас¸ балки унинг симптомлари билан кураш каби янглиш йўналишдан кетиши хусусида хавотир билдирдилар.

Ким эсласа, бир вақтлари Тошкентда "Евросеть" магазинлари пайдо бўлганди. Мана сервис хам кириб келади деб хурсанд бўлганлар хам бўлди. Адашмасам кўп ишламади, ёпилиб кетди.

Сабаби оддий - тўлиқ, чегарадан барча божхона божлари тўланиб олиб кирилган телефон, контрабанда йўли билан олиб келган телефондан барибир қиммат бўлади ва рақобат кила олмайди.

Аслида контрабандага курашиш учун ўйлаб топилган IMEI низоми, контрабандага умуман таъсир қилмади - шу эски тоз, эски хаммом, Малика ярмаркаси бировни номига рўйхатга олинган телефонлар билан тўлиб етибди. Охирги пайтларда бунақа телефонлар ваъда билан сотилмоқда экан - яъни, сиз сотиб олинг биз бир ойда рўйхатдан ўтказиб берамиз. Ўхшамаса - пулини қайтариб берамиз экан.

Энг қизиғи контрабанда телефонни ким ва қайси йўллар билан олиб киришини деярли кўпчилик билади, лекин хеч нима қилмайди. Хазанов бир миниатюрасида айтгандик - ким, қаерда, қачонлигини биламиз, бармоқ излари, яширин камера туширилган видеоси, гувоҳлар бор - лекин хеч нарсани исботлай олмаймиз
”¸ деб ëзди Телеграмдаги Kurbanoff.yoq канали муаллифи.

Блогер Отабек Бакиров эса¸ ҳуқуқ тизимлари бошлаган тергов-суриштирувда “паспорт маълумотларининг ўғирланиши ва четдан кириб келаётган фуқароларнинг паспорт маълумотларини IMEI рўйхатдан ўтказиш учун фойдаланилиши илдизини Карантин марказлари атрофидан излаш керак”лигини таъкидлади.

Март ойидан буён Ўзбекистонга кирган фуқаро борки, Карантин марказларига жойлаштирилмоқда. Паспортлар ҳам айни шу марказларда йиғиштириб олинади.

Нима деб ўйлайсиз, балки ноқонуний телефон импорти ва Карантин марказлари ўртасида балки қандайдир боғлиқ бордир. Ўйлаб кўринг. Буни балки суриштирув ва тергов аниқлар.

Нимагадир хавфсизлигинг учун эркинлигингдан воз кечсанг, хавфсизлик ҳам эркинлик ҳам бўлмайди, деган матал ёдга келмоқда
”¸ деб ëзди Телеграмдаги bakiroo канали автори.

Ўзбекистонлик таниқли ношир Фируз Аллаев эса¸ бу хабар ортидан “IMEI билан боғлиқ муаммо, сабаб ва ечимлар” деб номланган мақола эълон қилди.

“Муаммонинг сабаблари, ечимлари, халқ ва давлатга зарари ҳақида” деб тақдим этилган мақоласида Аллаев муаммонинг илдизи “ҳақиқий бозор қонуни амал қилмаслигига бориб тақалишини ëзди.

Ҳақиқий бозор қонуни амал қилган жойда, ким маҳсулотни арзон таклиф қилса, ўша кўпроқ савдо қилади. Натижада телефон сотувчилари телефоннинг нархини арзонлаштириш устида бош қотиришди ва янги комбинациялар ўйлаб топишди. Мана шу комбинациялардан бири телефонларни олдингидек контрабанда йўли билан олиб кириб, чет элга чиқиб келган фуқаролар паспортига рўйхатдан ўтказишдир. Атрофдаги таниш-билишлар номига минглаб телефонни рўйхатдан ўтказиш имконсиз. Демак, маълум бир сотувчилар чет элдан кириб келган қайсидир фуқароларнинг паспорт маълумотларини сотиб олиб, уларнинг номига янги ИМEИларни рўйхатдан ўтказиб бошлашди”¸ деб ëзади Фируз Аллаев.

Блогер¸ давлат ҳимоясига олинган фуқароларга оид шахсий маълумотларнинг қора бозор(донасига 5 доллар)да савдо объектига айланганига бундай “ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган шахсларни аниқлаш” ечим бўла олмаслигини таъкидлайди.

Муаммо нопок сотувчилардан кўра нотўғри йўлга қўйилган тизимдадир. Бу муаммолар тизим бошдан-бош мукаммал ўйланмаганлиги сабабли пайдо бўлмоқда. Дастлаб, телефонлар нархи кескин ошган бўлса, ундан сўнг фуқаролар ва бизнес учун ноқулайликлар яратадиган мана бу каби муаммолар пайдо бўлди. Натижада ҳамма ютқазмоқда. Турли манбалардан қидирдим, лекин Ўзбекистон телефонлар сотуви бўйича статистикани олиш имконияти афсуски бўлмади. Дейлик, тахминан Ўзбекистонда бир ойда 30000 дона телефон сотилади. Ўртача нарх 300 доллар дейдиган бўлса, бу 9 миллион долларни, бир йилга 108 миллион долларни ташкил қилади. 25 фоиз солиқни ҳисобга олсак, бир йилга 280 миллиард сўм атрофидаги солиқлар муаммо сабабли давлат бюджетига келиб тушмайди.

Демак, телефонлар бозорида савдони қонунийлаштириш учун харажатларни камайтириш ва тизимдаги муаммоларни ечиш ҳар доимгидан ҳам долзарб бўлиб турибди. Давлат ҳеч нарсасиз қолгандан кўра, йил бошида жорий қилинган 10 фоизлик божхона тўловини бекор қилиб, телефон импортига фақатгина 15 фоизлик ҚҚСни қолдирса, солиқлар юки камайганини эвазига тадбиркорлар учун янги имкониятлар очилади. Шунингдек, UzIMEI рўйхатидан ўтказишни телефон импорт қилувчиларга мутлақо текин қилиш ёки рамзий бир доллар атрофида белгилаш мумкин, Натижада қонуний ва ноқонуний маҳсулот ўртасидаги нархдаги тафовут арзимаган миқдорга тушади ва қонунни бузиб, ўзини хавф остига қўйгандан кўра тадбиркор ҳам яхшиси қонуний ишлашни, солиқларни тўлашни маъқул кўради”.

Парламент жамоатчилик петициясини эътиборсиз қолдирмоқда

Ўзбекистонликларнинг хориждан ўзи учун телефон олиб киришини чеклаш¸ бундай телефонлар IMEI кодини бир ой ичида пуллик регистрация қилиш тартиби улар жорий этилган 2019 йилдан бери кескин эътирозларга сабаб бўлиб келмоқда.

Ўзбекистонликлар шахсий телефонини ҳозирда бир ой ичида 44 600 сўм¸ бир ойдан кечикса¸ 55 750 сўм тўлаб UZIMEI тизимида қайддан ўтказмаса¸ у маҳаллий оператор SIM картаси билан ишламайди.

Бундай тизимдан норозилар 2019 йил охирида Mening fikrim жамоавий мурожаатлар порталида петицияси ëзган ва 2020 йил февралига келиб 20 мингдан ошиқ имзо тўплаган бу петиция Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этилган эди.

Парламентга топширилган жамоатчилик сўрови.
Парламентга топширилган жамоатчилик сўрови.

Петициядаги сўров ўрганилаëтганини билдирган Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари бўйича қўмитаси ҳозиргача бу жараëнга оид жамоатчиликка бирор маълумот берган эмас.

10 мингдан ошиқ имзо тўплаган жамоатчилик сўровини муҳокама қилиши шарт бўлган депутатларнинг бу сўровни олти ойдан бери эътиборсиз қолдириб келаëтгани ҳам ўзбекистонликлар эътирозига сабаб бўлмоқда.

Mening fikrim порталида бу мавзудаги сўнгги шарҳларга қаралса¸ жамоатчиликнинг ўз сўровига "сайланган халқ вакиллари"дан жавоб кутаëтгани кўрилади.

XS
SM
MD
LG