Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:37

Суриштирув: Мирзиëев пандемияга "ачинмай" сарфлаган $8 миллиард кимларга тегди?


Озодлик суриштируви: COVID Мирзиëев олигархларини қандай бойитди?

-Агар пандемия бўлмаганида эди, имкониятларимиз янада кўпроқ бўларди. Коронавирусга қарши курашга 80 трлн сўм маблағимиз кетди. Лекин бу пулга ачинмайман, халқимизни имкон қадар асраб қолдик.

Бу гапларни Шавкат Мирзиëев 2 июнь куни Сурхондарëда ўтказган мажлисда айтди.

80 триллион сўм Ўзбекистоннинг 2020 йилги давлат бюджетидаги жами харажатнинг 40 фоизи, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг эса¸12 фоизидан ошиғи демакдир.

Пандемияга қарши кураш учун сарфлангани айтилаётган бу пуллар Мирзиëев ўтган йили ўзи ажратган бирламчи маблағдан 8 баробар кўпдир.

Мирзиëевнинг 2020 йил 19 март кунги фармони билан Инқирозга қарши курашиш жамғармаси тузилган эди. Унга хориждан олинадиган 1 миллиард доллар қарз ҳисобидан 10 триллион сўм берилди.

2 июнь кунги чиқишида Мирзиëев пандемияга қарши кураш учун нега аввал белгиланганидан 8 баравар кўп маблағ сарфланганини айтмади. 80 триллион сўм ëхуд 8 миллиард АҚШ долларининг қаердан келиб, қаерга кетгани ҳақида ҳам оғиз очмади.

Бу қарз пулларнинг каттагина қисми президент ва Бош вазир қарорлари билан легаллаштирилган схемалар орқали Мирзиëевга жуда яқин олигарх ва амалдорлар бошқарувидаги монополист ширкатлар ҳисобига ўтди. Очиқ расмий манбалардан тўпланган ҳужжатлар тахлами шуни кўрсатади.

Озодликнинг навбатдаги суриштируви пандемияга қарши кураш доирасидаги икки мегалойиҳанинг махфий Шоввозсой қасри қурувчилари - Очилбой Раматов¸ Бахтиëр Фозилов¸ Жаҳонгир Ортиқхўжаев назоратидаги компанияларига қандай тақдим этилгани ҳақида.

Қозонбошилар...

Ўзбекистонда коронавирус пандемияси ëйилиб¸ ҳукумат уни жиловлаш учун устма-уст қарорлар чиқара бошлаган 2020 йил баҳори ëдингизда бўлса керак.

Айни ана шу қарорлар COVIDга қарши курашни катта ва сердаромад бизнесга айлантирди; Ўзбекистондаги қолган сердаромад бизнес каби ҳокимиятга чатишган монополистларни ўзига оҳанрабодек тортмай қолмади.

Пандемия билан боғлиқ фармон ва қарорлар занжири Шавкат Мирзиëевнинг 5969-сонли фармонидан бошланди.

19 март кунги бу фармон «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» деб номланди.

Фармон билан «коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш¸ аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида” Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси тузилди.

Жамғармага 10 триллион сўм ¸ ëки 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Ғазнасида бунча пули йўқ ҳукумат янги жамғармага яна хориж молия тизимларидан катта қарз олди.

Бу фармондан олти кун ўтиб¸ 25 мартда Бош вазир Абдулла Арипов 2020 йилнинг Вазирлар Маҳкамасининг 181-сонли қарорини чиқарди. “Хизмат доирасида фойдаланиш учун” деб таснифланган бу қарор ҳозирга қадар жамоатчиликка очиқланмаган.

Абдулла Ариповнинг 2020 йил 25 март кунги 181-сонли қарори ХДФУ деб таснифланган.
Абдулла Ариповнинг 2020 йил 25 март кунги 181-сонли қарори ХДФУ деб таснифланган.

Қарор Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 20 минг ўринли карантин маркази¸ Зангиота туманида эса 10 минг ўринли махсус шифохона қуриш ҳақида. Маблағ манбаи давлат бюджети¸ янаям аниқроғи Инқирозга қарши курашиш жамғармаси.

Қарор билан давлат буюртмачи бўлган бу қурилишлар на тендер ва на танлов ўтказилмасдан уч МЧЖга берилди.

Бу эса¸ Мирзиëевнинг 2018 йил 9 апрель кунги қарори билан кучга кирган “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг фундаментал бандларини очиқдан-очиқ бузишдир.

Қонуннинг 4-моддасида белгиланган асосий принциплар¸ давлат хариди билан боғлиқ ҳар қандай жараëнда хусусан¸ “молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги; очиқлик ва шаффофлик; тортишув ва холислик; мутаносиблик; давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлигини таъминлаш ва коррупцияга йўл қўймасликни” талаб қилади.

Аммо Мирзиëев имзолаган бу қонун билан бир пайтда айнан унинг ўзи ва Бош вазири махфий ва ярим махфий фармон ва қарорлар билан амалдаги қоунунга зид бўлган “истиснолар” пирамидасини яратди.

“Тошкент пирамидаси”

Бу пирамида Ариповнинг 181-сонли қарорида бор бўй-басти билан намоëн бўлади.

Биринчи “истисно” бўйича¸ Юқори Чирчиқ ва Зангиотадаги қурилишларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқариш тугатилмай туриб бошланишига рухсат берилди. Мазкур истиснога "қурилишни жадаллаштириш" деган иддао асос бўлди.

Бу эса¸ бош пудратчиларнинг қурилиш нархини у бошланиб¸ келишув имзоланганидан кейин истаган пайтида истаганича оширишига имкон берди.

Арипов қарори легаллаштирган иккинчи “истисно”га кўра¸ пудратчи ва субпудратчиларга қурилишга ишлатиладиган материал ва жиҳозларни тендер савдоси ва танлов ўтказмасдан ўзи истаган ташкилотдан – давлат пулига – сотиб олишига рухсат берилди.

Учинчи “истисно” бўйича¸ бундай арзанда пудратчи ва субпудратчилар ҳар қандай солиқлар¸ четдан олиб келинадиган қурилиш материаллари ва бошқа зарурий жиҳозлар учун бож йиғими тўлашдан озод қилинди.

Кейинги йиллардаги аксар улкан давлат лойиҳаларида кўрилаëтгани каби давлатнинг улкан хариди тақдири “истиснолар занжири” асосида яширин музокара ва махфий савдолашув орқали ҳал қилинди.

Топишмоқ: Тошкент вилояти кимнинг "маҳри"га берилган?

Президент фармонидан бошланиб Арипов қарори билан давом этган махфий савдолашувнинг мутлақ ғолиби¸ ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича¸Тошкент шаҳар ҳокимлиги¸ аниқроғи олигарх ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевдир.

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари¸ Ўзбекистон маъмурий бўлинишига кўра¸ икки хил маъмурий тузилма¸ икки мустақил ҳудуд ва алоҳида икки ҳокимлик.

Аммо Арипов ҳеч бир изоҳсиз иккаласи ҳам Тошкент вилояти ҳудудида қуриладиган карантин зонаси ва махсус шифохонага бош буюртмачи қилиб¸ Тошкент вилояти эмас¸ балки Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” УК ни танлади. (Айни шундай хизмат Тошкент вилоят ҳокимлигида ҳам бор.)

Ҳоким Ортиқхўжаевга бўйсунувчи бу УК эса¸энг йирик объект қурилишининг бош лойиҳачиси¸ бош пудратчиси¸ субпудратчилигини кимга тортиқ қилганини тахмин қилаëтгандирсиз. Бу ҳақда сал пастроқда.

10 триллионлик COVID контрактлари пойгасидаги катта соврин Мирзиëев даври қурилишларининг, таъбир жоиз бўлса, икки асосий меъмори - Очилбой Раматов ва Бахтиëр Фозиловга тегди.

Арипов қарори билан Зангиотадаги 10 минг ўринга мўлжалланган ихтисослашган шифохона қурилиши Раматов ва Фозилов ўртасида 50 ка 50 нисбатида тенг тақсимланди.

Объектнинг ярми амалда Раматов бошқарувида қолаётган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ¸ қолган ярми эса¸ Мирзиëев президент бўлгандан бери Ўзбекистондаги 10 миллиард доллардан қимматроқ давлат лойиҳаларини қўлга киритган Бахтиëр Фозиловнинг Enter Engineering компаниясига берилди.

Бу икки ширкатга Тошкент вилоятининг энг бозорбоп туманидан 130 гектарлик ер нафақат текинга¸ балки мисли кўрилмаган имтиëзлар билан тутқазилди.

Раматов ва Фозилов Шавкат Мирзиëев учун махсус ва махфий қурилган, Озодлик манбаларининг энг камтар ҳисобича бир неча юз миллион долларлик Шоввозсой саройлар мажмуаси бош қурувчилари экани ëдингиздадир….

Алексей Гаршин: Шоввозсой - халқни очиқчасига талаш
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:35 0:00

Бир кун ўтиб¸ бир кунда тузилган уч “келишув”. Эгизаклар

Абдулла Ариповнинг 181-сонли қарори 25 март куни чиққан бўлса¸ Зангиота ва Юқори Чирчиқ туманларида коронавирусга қарши кураш иддаоси билан мегаиншоотлар қуриш бўйича келишувлар 26 март куни имзоланди.

Бу эса¸ юзлаб миллиард сўмлик қурилиш лойиҳаларининг кимга берилиши ҳали Арипов қарор чиқармай турибоқ аниқ бўлгани¸ 181-сонли ҳукумат қарори хос давраларда ҳал бўлган махфий келишувларни шунчаки расмийлаштириш эканини кўрсатади.

Тафсилотлар бундай.

26 март куни ҳоким Ортиқхўжаев тасарруфидаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ХДФУ деб таснифланган 181-қарор асосида иккита бир хил келишув имзолади. Эгиз келишувлардаги ягона ўзгариш¸ бош пудратчилар номи¸ холос.

Ортиқхўжаев ва Раматовга бўйсунувчи тузилмалар ўртасида тузилган дастлабки келишув.
Ортиқхўжаев ва Раматовга бўйсунувчи тузилмалар ўртасида тузилган дастлабки келишув.

242-24д ва 243-24д деб рақамланган бу келишувлар Зангиота туманида 1000 ўринли махсус шифохона тузиш ҳақида.

Улардан бири¸ “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибидаги “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” МЧЖ билан тузилади.

Раматов ширкатига Зангиота туманидаги 10 минг ўринлик ихтисослашган касалхонанинг дастлабки 1000 кишига мўлжаллаган қисмини қуриш топширилади.

Лойиҳа бош лойиҳачиси¸ “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ. Маблағ манбаи давлат бюджети – Инқирозга қарши курашиш жамғармаси.

1000 ўринлик фаст-касалхона қуришнинг дастлабки нархи 106 483 366 599 сўм¸ ëки тақрибан 10 648 336.6599 АҚШ доллари. Дастлабки ҳисоб-китобга кўра¸ битта койка давлатга 106 483 366 сўм ëки 10 648 долларга тушади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги тузилмаси ва Enter Engineering ўртасида 26 март куни имзоланган оригинал келишув.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги тузилмаси ва Enter Engineering ўртасида 26 март куни имзоланган оригинал келишув.

Айни шу куни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” самарқандлик Бахтиëр Фозиловнинг Сингапурда рўйхатга олинган Enter Engireering компанияси билан ҳам бир хил шартнома имзолайди.

Фозиловга ҳам Раматовга берилган айни лойиҳа берилади – Зангиотада 10 минг ўринлик ихтисослашган шифохонанинг 1000 ўринлик қисмини қуриш. Лойиҳа қиймати ҳам айни - 106 483 366 599 сўм.

Давлат буюртмачисининг иккала бош пудратчига берган имтиëзлари ҳам айни – Раматов ва Фозилов компаниясига 10 кун ичида лойиҳа умум қийматининг 30 фоизи¸ шунингдек 5 кун ичида сотиб олинадиган барча қурилиш материаллари пули 100 фоиз тўлаш мажбурияти давлатга юклатилади. Бу эса¸ содда қилиб айтганда¸ иккала компаниянинг қурилишга ўз ëнидан бир тийин ишлатмаслиги кафолатидир.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ матбуот хизмати¸ қолаверса¸ Enter Engineering компанияси вакилларидан мазкур келишувларга оид саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Бир ҳафтада икки бараварга қимматлаган “келишувлар”

Озодлик давлат харидлари порталидан топган ҳужжатларга кўра¸ Enter Engineering билан имзоланган оригинал контрактга ками 10¸ “Ўзбекистон темир йўллари”га қарашли МЧЖ билан тузилган келишувга эса¸ 8 марта ўзгартиш киритилган ва ҳар гал лойиҳа нархи ошиб бораверган.

242-24д ва 243-24д деб рақамланган бу келишувлар имзоланганидан 10 кун ўтиб-ўтмай 7 апрель куни уларга тузатиш киритиш бошланади.

Enter Engineering ва “Ягона буюртмачи хизмати” УК ўртасида 2/304 деб рақамланган қўшимча келишувда махсус шифохонанинг 1000 ўринли қисмини қуриш нархи икки баравардан кўпроққа қимматлайди ва бирламчи 106 483 366 599 сўмлик нарх энди 245 872 135 358 сўмга кўтарилади. Келишувнинг бошқа шартлари ўзгаришсиз қолдирилади.

Давлат харидлари порталига қўйилган сўнгги қўшимча контракт 13 ноябрь куни имзоланган. 10/884 рақамли бу келишувда (2064 ўринли) объект баҳоси 340 089 451 175 сўмга чиқади.

Бу эса¸ давлат пулига Enter Engineering ширкати қуриб бериш мажбуриятини олган махсус тиббий муассасадаги битта койканинг ўртача баҳоси 26 март кунги биринчи келишувда белгиланганидан қарийб 50 фоизга қимматлаганини англатади.

Солиқ тўловчи пулига қуриладиган битта койка баҳоси март ойида 106 483 366 сўм ëки тақрибан 10 648 АҚШ доллари деб ҳисобланган бўлса¸ саккиз ой ўтиб Фозилов ширкати унинг нархини 164 772 020 сўм ëки тақрибан 16 778 АҚШ долларига кўтаради.

Нархлар нега бу қадар ошиб бораëтганига на қўшимча келишув¸ на бошқа бирор шаклда изоҳ берилган эмас.

Айни пайтда¸ Зангиотадаги махсус касалхонанинг иккинчи қурувчиси “Ўзбекистон темир йўллари”га қарашли МЧЖ ҳам нархни ошириш пойгасида шериги Enter Engineeringдан қолишмайди.

Ҳоким Ортиқхўжаевнинг “Ягона буюртмачи хизмати” 2020 йил 12 ноябрига келиб “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж”МЖЧ билан имзолаган қўшимча келишувларда қурилиш баҳоси 320 827 215 000 сўмга кўтарилади.

Бу рақамларнинг қаердан келиб чиққанини тасдиқловчи ҳужжатлар давлат харидлари порталида йўқ.

Қурилиш битгандан кейин расмийлаштирилган лойиҳа-смета ҳужжатлари

Зангиотадаги ихтисослашган касалхона қурилишига оид лойиҳа-смета ҳужжатлари¸ расмий эксперт хулосасидаги санага кўра¸ 2020 йилнинг 29 сентябрида имзоланган.

Бу вақтга келиб¸ Зангиотадаги вирусология касалхонасининг ҳар иккала участкаси қуриб¸ фойдаланишга топшириб бўлинган эди.

Лойиҳа-смета ҳужжатида¸ бош пудратчиси “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бўлган 1000 койкалик 2-қурилиш участкаси қийматининг 30 июндаги нархи 286 548 612¸431 сўмга баҳолангани айтилади.

2-участкани 1000 койкадан 2064 койкали касалхонага айлантириш учун қўшимча 53 472 712¸257 ажратилгани боис¸ эксперт хулосасида Зангиота вирусология касалхонаси ярим нархи 340 021 324¸688 сўмга тенг¸ деб баҳоланади.

Президент ва Бош вазир қаноти остида… “Любая бизнес хораша”

Абдулла Ариповнинг 2020 йилнинг 25 март кунги қарори асосида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” УК тузган учинчи келишувга ўтайлик.

Бу келишув ҳам 26 март куни имзоланган. Санани эслаб қолинг.

Юқори Чирчиқда 20 минг ўринлик объектнинг бош лойиҳачиси Prime Tower Group. Бош пудратчиси “Обод шаҳар қуриш” МЧЖ.

Бу иккала хусусий компаниянинг асл мулкдори эса¸ Озодлик тасарруфидаги ҳужжат ва далилларнинг кўрсатишича¸ ҳоким Ортиқхўжаевнинг ўзидир.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор хусусий ширкатлар орасида "Обод шаҳар қуриш" МЧЖ ҳам бор.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор хусусий ширкатлар орасида "Обод шаҳар қуриш" МЧЖ ҳам бор.

Қурилиш пули манбаи давлат бюджети – Инқирозга қарши кураш фонди.

Лойиҳанинг дастлабки қиммати 194 251 429 955 сўм ëки тақрибан 20 миллион доллар. Консерва қути ичидаги битта койка нархи¸ бирламчи ҳисобга кўра¸ давлат ғазнасига 1000 долларга тушмоқда.

Арипов қурилишнинг ҳали лойиҳа-смета ишлари тугамай туриб бошланишига рухсат бергани ëдингиздадир. Нархнинг дастлабки¸ деб белгиланиши ана шундан.

Ана шу асосда энди бош пудратчи - Ортиқхўжаевнинг хусусий компанияси ҳоким Ортиқхўжаевга бўйсунувчи давлат буюртмачиси билан нархни ошириш бўйича Зангиотадаги қурувчилар билан пойга бошлайди.

24 ноябрдаги 7-қўшимча келишувга кўра¸ объект нархи 64 054 298 843 сўмга қимматлайди ва 258 305 728 798 сўмга чиқади.

Юқори Чирчиқдаги 20 минг ўринлик карантин маркази билан боғлиқ барча ҳужжатлар¸ хусусан¸ Ортиқхўжаев компаниялари билан имзоланган қўшимча келишувларининг барчаси давлат харидлари порталига қўйилмаган. Шундан¸ бу марказнинг солиқ тўловчи ва давлат бюджетига қанчага тушгани ҳақида якуний рақамни топишнинг имкони йўқ.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийлари¸ қолаверса Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор "Обод шаҳар қуриш" МЧЖ Озодлик суриштируви давомида туғилган саволларга жавоб беришни истамади.

Қарор ва келишувларсиз бошланган қурилишлар

“Ўзбекистон 24” телеканали тасвирга олган бу видеоҳикоя Youtube порталига 2020 йилнинг 26 март куни қўйилган.

Ҳоким Ортиқхўжаевга бўйсунувчи "Ягона буюртмачи хизмати" УК Зангиота ва Юқори Чирчиқдаги қурилишлар бош пудратчилари билан бирламчи келишувни ҳам айнан шу куни имзолаган.

Репортаж Озодлик суриштируви марказига қўйилган икки йирик қурилиш ҳақида. Биринчи лавҳа Юқори Чирчиқдаги 20 минг ўринлик карантин марказига оид.

Унда ҳоким Ортиқхўжаевнинг собиқ ва жорий ўринбосарлари Шерзод ва Даврон Ҳидоятовлар қурилишга оид маълумот беради.

Ортиқхўжаев шогирдлари 26 март куни кечқурун тўртта лотнинг тайëр бўлиши ва камида 500 одамни қабул қилишини айтади. Айни расмийларга кўра¸ бу контейнер будкаларни ясаб ўрнатишга 5 кун вақт кетади.

Энди яна бир бор саналарга қаранг! Ариповнинг 181-сонли қарори 25 март куни имзоланган. Бу қарор асосида тендер ва танловсиз белгиланган бош пудратчи “Обод шаҳар қуриш” МЧЖ билан расмий келишув 26 март куни имзоланган.

Видеотасвирларнинг гувоҳлик беришича¸ келишув имзоланганига қадар 57 гектарлик ерда Ортиқхўжаев хусусий ширкатлари аллақачон қурилишнинг бир қисмини тугатиб бўлган!

Бу эса¸ Жаҳонгир Ортиқхўжаев иккала қурилиш буюртмачилигининг Тошкент вилояти эмас¸ балки айнан ўзи бошқараëтган Тошкент шаҳар ҳокимлигига¸ бош пудратчи ва бош лойиҳачиликнинг эса¸ яна ўзига қарашли хусусий компанияларга берилишини ҳали Бош вазир қарор чиқармай туриб аниқ билгани тасдиғидир.

На ҳукумат қарори¸ на тегишли легал келишувлар бўлмай туриб¸ 57 гектар ерни ўзлаштириш¸ у ерда қурилиш қилиш Ўзбекистон амалдаги қонунчилиги¸ хусусан¸ давлат харидлари тўғрисидаги қонуннинг бирваракайига ўнлаб бандининг очиқча бузилишидир.

Ўзбекистонда амалда бўлган “Шаҳарсозлик кодекси” ва бошқа нормаларга асосан¸ у ëки бу қурилиш бошлашдан олдин бутун бошли ҳужжатлар тахлами тегишли идоралар тасдиғидан ўтиши шарт.

Кейинги тўрт йил ичида минглаб ўзбекистонликларнинг уй жойидан тортиб даладаги айвонига қадар “тегишли рухсатсиз қурилган” деган асосда бузиб ташланмоқда. Аммо истиснолар пирамидаси устида иш кўраëтган Мирзиëев қурувчиларига шаҳарсозликнинг бу каби фундаментал талаб ва қоидалари татбиқ этилмаëтир.

Омади чопган субпудратчилар...

Очиқ манбаларда бош вазир Арипов бош пудратчи қилиб белгилаган Фозилов¸ Раматов ва Ортиқхўжаев компанияларининг қурилиш давомида кимларни субпудратчи қилиб танлагани¸ улар билан қайси хизмат ëки материал учун қайси шартларда келишув имзолаганини кўрсатувчи бирор ҳужжат йўқ.

Қарорда фақат уларнинг ҳам танлов ва тендерсиз танланиши ва ҳар қандай солиқ ва бож тўловларидан озод этилгани кафолатланган. Бирор манбада COVID пандемиясига қарши кураш тўлқинида омади чопган субпудратчилар рўйхати йўқ.

Тошкент вилоятидаги икки COVID мегаиншоотини қуришда қатнашган субпудратчилардан айримлари номи тасодиф билан очиққа чиқди.

Улардан бири Қозонда жойлашган Brigenergo компанияси.

2020 йилги йирик лойиҳалари рўйхатини эълон қилган Brigenergo ўз сайтида Зангиота туманида коронавирус беморлари учун 10 минг ўринли махсус касалхона қурганини билдирган.

Бундан эса¸ мазкур объект учун бош пудратчи этиб танланган “Ўзбекистон темир йўллари” ва Enter Engineering ширкатидан бири ëки ҳар иккаласи қурилишни Россиядаги Brigenergo компаниясига топширгани англашилади.

Бу учала компаниянинг Ўзбекистон жамоатчилигидан сир тутилаëтган биринчи ҳамкорлиги эмас.

Махфий қарор билан Оҳангарон тоғларида Мирзиëев учун юзлаб миллион долларлик Шоввозсой саройини ҳам айнан “Ўзбекистон темир йўллари” (буюртмачи)¸ Enter Engineering (пудратчи) ва Қозонда жойлашган¸ аммо аксар лойиҳалари негадир Ўзбекистонда амалга оширилаëтган Brigenergo (субпудратчи) қурган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев хусусий ширкатлари ўзига субпудратчи қилиб танлаган компанияларни қидириб узоққа бориш шарт эмас. Буюртмачи ҳам¸ бош лойиҳачи ҳам¸ бош пудратчи ҳам¸ ниҳоят субпудратчи ҳам Ортиқхўжаевга бевосита алоқадор компаниялардир.

Тунукадан тўрт кун ичида қоқиб чиқилган бу контейнерларни етказиб берган субпудратчи ҳам яна Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсисчиси¸ амалда эса¸ ҳоким Ортиқхўжаевнинг хусусий ширкатлари ўринлашган “Технопарк” бўлади.

COVID қарзи узилар¸ Тошкентдаги сўлим ерлар ëнга қолар…

Шавкат Мирзиëев COVIDга қарши кураш учун мамлакат ғазнасидан сарфланган 8 миллиард долларнинг айнан қанчаси қарз эканини айтмади.

Марказий банк 2021 йил 27 март куни эълон қилган ҳисоботга кўра¸ ўтган бир йил давомида ташқи қарз ҳажми 2020 йил бошига нисбатан 37,4 фоиз ёки 9,2 миллиард долларга ошган ва 1 январ ҳолатига 33,8 миллиард долларга етган. Бу эса¸ ўзбекнинг бугун туғилган чақалоғидан то қариясига қадар жон бошига ўртача 1000 доллар қарз билан яшамоқда¸ деганидир. Кейинги олти ой ичида Мирзиëев ҳукумати ташқаридан яна қанча қарз олгани ҳозирча очиқланмади.

2020 йил давомида 9,2 миллиард доллар қарз олинганидан келиб чиқилса, COVIDга қарши курашга Мирзиëев “афсусланмай” сарфлаган 8 миллиард долларнинг қарийб ҳаммаси қарз эканини тахмин қилиш мумкин.

2020 йил 17 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши кураш муҳокама қилинган мажлисда¸ Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)дан 2,7 миллиард доллар қарз олингани айтилган эди.

Мирзиёев ҳукумати коронавирус даврида коррупция иддаоларига юз тутаётган ягона ҳукумат эмас. Дунёда коррупция даражасини кузатувчи Transparency International ташкилотига кўра, коронавирус жаҳон бўйлаб коррупциянинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам COVIDга қарши кураш учун ажратилган пулларнинг талон-торож қилингани ҳақида маълумот берди¸ хусусан айрим туман санитария-эпидемиология хизматларини давлатнинг миллионлаб маблағини ўзлаштирганликда айблади.

Аммо бу маблағлар Мирзиёев ҳукуматига яқин давлат ва хусусий секторда монополист мақомига эга компанияларга тендерсиз тортиқ қилинган трилллионлик контрактлар қиймати олдида денгиздан бир томчи, холос.

Коронавирус пандемиясига қарши кураш иддаоси билан сарфланган 80 триллионнинг коррупцион схемалар¸ манфаатларнинг очиқ тўқнашуви асосида Мирзиëев ҳокимиятининг энг тепасига алоқадор компаниялар қандай ўзлаштиргани ҳақида на Бош прокуратура¸ на Коррупцияга қарши кураш агентлигининг бирор суриштирув ўтказгани ҳақида маълумот ҳозирча йўқ.

Мазкур суриштирув Ulster университетининг криминология бўйича профессори Kristian Lasslett билан ҳамкорликда ҳозирланди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG