Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:26

“Конституциявий ислоҳотлар нотўғри талқин қилинган". Ўзбекистон ИИВ Нукусдаги намойишлар бўйича баёнот берди


1 июль куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда катта сондаги одам шаҳар марказида тўпланганини кўриш мумкин.
1 июль куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда катта сондаги одам шаҳар марказида тўпланганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 1 июль куни Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида юз берган намойишлар “конституциявий ислоҳотларнинг нотўғри талқин қилиниши” оқибатида содир бўлгани ҳақида баёнот билан чиқди.

Вазирликка кўра, “Нукуснинг марказий бозорида” ўтган “ноқонуний намойишлар” ортидан жамоат тартибини сақлаш мақсадида “ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилган”.

Ўзбекистон расмийлари намойишларда “айрим фуқаролар”ни айбламоқда.

“Ҳозирда жамоат тартиби тикланиб, фуқароларнинг қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймасликлари ва барча мурожаатлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади ИИВ баёнотида.

Баёнотда намойишчиларнинг қандай талабларни илгари сургани ҳақида ҳеч нарса дейилмайди.

Бу Ўзбекистон ҳукуматининг Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар борасида сўнгги кунларда тармоқларда бўй кўрсатган норозиликлар юзасидан илк расмий баёнотидир.

Норозиликларга Конституциянинг 26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янги таҳририда Қорақалпоғистон республикасининг “суверенитети” ибораси ҳамда республика халқининг “умумий референдум асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқи” жумласи олиб ташлангани сабаб бўлгани айтилади.

1 июль куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда катта сондаги одам шаҳар марказида тўпланганини кўриш мумкин. Видеода намойишчиларнинг қандай талабларни илгари сураётгани англашилмайди.

Намойишлар 1 июль куни маҳаллий юрист Давлатмурат Тажимуратов ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб кетилганидан сўнг бошлангани айтилмоқда.

Қорақалпоғистонлик ҳуқуқ фаоли Азимбой Отаниёзовнинг Озодликка айтишича, Тажимуратов 5 июль куни Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар юзасидан митинг ўтказишга рухсат берилишини сўраб, расмий идораларга мурожаат қилган.

27 июнь куни ижтимоий тармоқлардаги норозиликлар ортидан Нукус шаҳрида мобил интернет чеклангани ҳақида хабарлар олинганди.

Амалдаги Ўзбекистон Конституциясининг 70-моддаси:

“Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилади”, дея ўқилади.

26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янги таҳрир лойиҳасида эса бу моддани қуйидагича ўзгартириш назарда тутилмоқда:

Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланади”.

Шунингдек, Конституциясининг 74-моддасида:

Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга”, дейилган.

Янги таҳрирдаги лойиҳада бу моддани қуйидагича таърифлаш таклиф қилинган:

"Қорақалпоғистон Республикаси ўз ҳудудида қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ҳамда қонунларига, Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқ амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Қорақалпоғистон Республикасининг олий мансабдор шахсидир".

Ўзбекистон расмийлари ҳозирга қадар Қорақалпоғистон Республикаси суверенитети атрофидаги вазият борасида бирон муносабат билдиргани йўқ.

26 июнь куни Gazeta.uz нашридан “Конституцияда Қорақалпоғистоннинг мақомини ўзгартириш таклиф этилмоқда” номли мақола олиб ташланган.

Қорақалпоғистон Автоном Совет Социалистик республикаси 1936 йилда Ўзбекистон ССР таркибига киритилган.

1992 йилнинг 9 январида Қорақалпоғистон АССР Қорақалпоғистон Республикасига айлантирилиб, Ўзбекистон Республикаси таркибига қўшилган.

Ижтимоий тармоқлардаги сўнгги видеолардан намойишлар кун қорайганидан сўнг ҳам давом этганини кўриш мумкин.

Тармоқларда президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга йўл олгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди, аммо бу хабарлар ҳозирча расман тасдиқланмаган.

XS
SM
MD
LG