Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:27

Бишкекдаги махсус амалиёт чоғида жиноий авторитет Қамчибек Колбаев ўлдирилди


Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарига кўра, махсус амалиёт чоғида Колбаев қуролли қаршилик кўрсатган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарига кўра, махсус амалиёт чоғида Колбаев қуролли қаршилик кўрсатган.

Қирғизистон махсус хизматлари Бишкек шаҳрида ўтказган амалиётда жиноят олами етакчиларидан бири Қамчибек Колбаев (Қамчибек Асанбек) ўлдирилди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарига кўра, тадбиркорларнинг мулкини ноқонуний йўл билан тортиб олиш иши доирасида ўтказилган махсус амалиётда Колбаев қуролли қаршилик кўрсатган.

Криминал авторитет ҳодиса жойида ўқотар қуролдан олган жароҳат оқибатида вафот этган.
Амалиёт чоғи махсус хизмат вакиллари ёки фуқаролар жабрланмаган.

Колбаевни қўлга олиш бўйича амалиёт Бишкекдаги “Блондер Паб” кафесида ўтказилган. Мамлакат бош прокурори Қурманқул Зулушев ва соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев ҳам шу ерда ҳозир бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари Колбаевнинг бошқа бир жиноий тўда раҳбари Чингиз Жумақуловнинг ўлдирилишига алоқадорлиги юзасидан ҳам суриштирув ўтказаётган эди.

Жорий йил август ойида Колбаевга нисбатан очилган трансмиллий жиноий гуруҳ ташкил қилиш бўйича жиноят иши муддати ўтгани сабабли тўхтатилганди.

“Қонундаги ўғри” 2020 йил октябрь ойида ҳам Қирғизистон Жиноят кодексининг 249-моддаси (жиноий гуруҳ тузиш) бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида қамоққа олинган эди. Ўша йилнинг ноябрида у саломатлиги важидан ахлоқ тузатиш колониясига ўтказилган.

2021 йил 2 март куни Бишкек суди унга нисбатан қўлланган чорани ўзгартириб, яшаш манзилини тарк этмаслик ҳақидаги тилхат билан қўйиб юборган.

Бу орада мазкур шахс жиноий йўл билан топилган катта миқдордаги маблағни легаллаштиргани учун терговга жалб этилгани ўртага чиққан.

Колбаев уюшган жиноий гуруҳ бошлиғи сифатида Қирғизистон ички ишлар вазирлиги ҳисобида турган.

2012 йилда АҚШ уни йирик наркобарон деб топиб, собиқ Иттифоқ мамлакатларининг 10 нафар криминал авторитети қаторида “қора рўйхат”га киритган.

2021 йил март ойида эса Давлат департаменти Колбаевни қўлга олиш, жазога тортиш, шунингдек, у асос солган жиноий гуруҳнинг молиявий схемасини йўқ қилишга кўмак берувчи маълумот учун мукофотни 5 миллион долларга оширган.

Бишкекда отиб ўлдирилган ўғрибоши “Братский круг” халқаро жиноят ташкилотининг Қирғизистондаги шўъбаси раҳбари деб кўрилган.

XS
SM
MD
LG