Линклар

Шошилинч хабар
19 март 2025, Тошкент вақти: 21:58

"Диктатор ва золимларга совға". Халқаро ташкилотлар Озодликни қўллаб-қувватламоқда


Озод Европа/Озодлик радиоси қароргоҳи. Прага, Чехия.
Озод Европа/Озодлик радиоси қароргоҳи. Прага, Чехия.

Халқаро ташкилотлар, сиёсатчилар ва экспертлар Озод Европа/Озодлик радиоси ҳамда келгусидаги фаолияти билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлган бошқа Америка ОАВларининг фаолиятини қўллаб-қувватлашмоқда. АҚШ президенти Дональд Трампнинг фармони ортидан бу ОАВлар фаолияти тўхтаб қолди. Трамп 15 март куни етти федерал агентликда қисқартириш ўтказишни буюрди, улар қаторида Глобал Медиа агентлиги (USAGM) ҳам бор. Бу агентлик Озод Европа/Озодлик радиоси, Америка овози, шунингдек, Radio Free Asia, Office of Cuba Broadcasting (Radio Marti), Middle East Broadcasting Networks (MBN) ва Open Technology Fund ни назорат қилади.

«Мустақил ОАВларни бўғиш»: халқаро ташкилотларнинг позицияси

Халқаро матбуот институти (International Press Institute, IPI) Дональд Трамп маъмуриятининг қарорини қоралаб, бу қадам бутун дунё бўйлаб яккаҳокимларнинг мустаҳкамланишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Ташкилотга кўра, миллионлаб тингловчи ва томошабинлар ишончли ахборот манбаларидан маҳрум бўлиши мумкин.

«Бу қадам авторитар давлатларда яшаётган миллионлаб одамларнинг цензурани четлаб ўтиш ва мустақил ахборот манбаларига кириш имкониятларига жиддий таъсир кўрсатади, — дейди IPI ижрочи директори Скотт Гриффен. — IPI Америка овози, Озод Европа/Озодлик радиоси ҳамда Озод Осиё радиосининг минглаб журналистлари билан бирдамлик билдириб, уларнинг кўпчилиги катта хавф-хатарлар остида ишлаганини таъкидлайди».

IPI Radio Free Asia раҳбари Бэй Фаннинг бу қарорни «диктаторлар ва золимлар учун совға» деб атаган сўзларидан иқтибос келтиради. Шунингдек, Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Стивен Капус ҳам таъкидлаганидек, «эронлик оятуллоҳлар, Хитой коммунистик партияси етакчилари, Москва ва Минскдаги автократлар Озод Европа/Озодлик радиоси тугатилишиини байрам қилади».

Венада жойлашган халқаро ташкилот АҚШ ҳукуматини ўз қарорини қайта кўриб чиқишга ва ОАВ ҳамда уларнинг ходимларини ҳимоя қилишга чақирди.

Трамп буйруғини Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists, CPJ) ҳам қоралади. Нью-Йоркда жойлашган бу ташкилот Voice of Americaнинг мингдан ортиқ ходимлари ишини тўхтатганини ва бу миллионлаб одамларни мустақил ахборот олиш имкониятидан маҳрум қилиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

CPJ Конгресс етакчиларини USAGMни қўллаб-қувватлашни тиклашга чақирди.

«Бу мустақил ОАВларни бўғиш журналистларнинг ҳаётини жиддий хавф остига қўяди. Улар кўпинча катта қийинчиликларни енгиб ўтиб, кескин цензура мавжуд бўлган мамлакатларда миллионлаб одамларга янгиликларни етказиб келган, — деди CPJ бош директори Жоди Гинзберг. — АҚШ маъмурияти энди бу бой тарихга эга ташкилотлар учун мавжуд бўлиш таҳдидини яратаётгани ҳақиқатан ҳам утопия. Биз маъмурий таътилга юборилган журналистлар билан бирдамлигимизни билдирамиз ва конгресс етакчиларини USAGM молиялаштиришини тиклашга чақириб қоламиз».

Париждаги «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти бу қарорни "қўрқинчли сигнал" деб атади.

«USAGM ва унинг ОАВларини ёпиб, Трамп маъмурияти қўрқинчли сигнал юбормоқда: энди Пекин ва Москва каби авторитар режимлар ўз пропагандаларини тўсиқсиз тарқатиш учун тўлиқ эркинликка эга бўлади. Бу қарор агентлик билан ишлаган тўққиз нафар журналист қамоқда қолаётган бир пайтда янада ташвишлидир. Шунингдек, бутун дунё бўйлаб минглаб бошқа журналистларни ишсиз ва хавф остида қолдиради. Бу уларнинг USAGMга қарашли ОАВ билан ҳамкорлиги туфайли юзага келмоқда. Биз АҚШ ҳукумати ва халқаро дипломатик жамоатчиликни журналистларнинг хавфсизлигини таъминлашга чақириб қоламиз. Қамоққа олинганлар зудлик билан озод этилсин», деди ташкилот Бош директори Тибо Брюттен.

Озодлик 70 ёшда: Мустамлака, "эски" ва "янги" Ўзбекистон солномаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:26:08 0:00

Европадаги муносабат

Озод Европа/Озодлик радиосини "демократия маёғи" деб таърифлаган Европа иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас АҚШнинг молиялаштиришни тўхтатгани ҳақидаги хабарни «нохуш янгилик» деб атади.

«Энди олдимизда савол турибди: АҚШ қолдирган бўшлиқни тўлдириш учун биз ўз маблағларимиз билан кела оламизми? Бу саволга автоматик жавоб йўқ», — деди Каллас 17 март куни. У Европа иттифоқи эҳтимолий қўллаб-қувватлаш вариантларини кўриб чиқишини қўшимча қилди.

Озод Европа/Озодлик радиосини қароргоҳи жойлашган Чехия вакиллари Европа иттифоқи ҳамкорлари ўртасида Озод Европа/Озодлик радиосини молиялаштириш билан боғлиқ вазият юзасидан жиддий хавотир билдирилган баёнот лойиҳасини тарқатди.

Ушбу ҳужжатда Озод Европа/Озодлик радиосини ўнлаб йиллар давомида «темир парда» ортидаги давлатлар аҳолисига объектив маълумот етказгани таъкидланади. Шунингдек, бу медиа ташкилот эркин матбуот йўқ ёки чекланган ҳудудларда миллионлаб одамларга ишончли ва мустақил янгиликлар тақдим этишда давом этаётгани қайд этилган.

Шунингдек, Озод Европа/Озодлик радиоси фаолияти Европа хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим экани ва унинг йўқолиши «Европа душманлари учун совға» бўлиши айтилган.

Лойиҳада Озод Европа/Озодлик радиосини ўз фаолиятини давом эттириши учун маблағ топиш нияти билдирилган, лекин ҳозирча ҳеч қандай тафсилот йўқ.

Польша Ташқи ишлар вазири Радек Сикорский молиялаштириш йўлларидан бири сифатида Европа Демократия Жамғармаси бюджети оширилиши мумкинлигини таъкидлади. «Булар нуфузли институтлар бўлиб, уларнинг миссияси давом этиши керак», деди Сикорский.

Марказий Осиёда жамоатчилик қўллаб-қувватлови

Озод Европа/Озодлик радиоси АҚШ Конгресс гранти ҳисобидан Глобал Медиа агентлиги (USAGM) орқали молиялаштириладиган мустақил медиа корпорациясидир. Озод Европа/Озодлик радиоси 23 та мамлакатда, жумладан, Марказий Осиёдаги давлатларда 27 та тилда маълумот тақдим этади.

Минтақадаги кўплаб фаоллар ва тадқиқотчилар Озод Европа/Озодлик радиосининг Марказий Осиё хизматлари билан бирдамлик изҳор қилмоқда.

Жумладан, ўзбекистонлик сиёсатшунос Галия Иброҳимова ўзининг Фейсбук саҳифасида мана бундай деб ёзди:

"Ўзбекистон фуқароси ва авторитар давлатларда яшаган инсон сифатида айта оламан: Озодлик радиоси доимо реал воқеликка тутилган ойна бўлиб келган. Давлат ОАВ лари йиллар давомида фаровонлик ва тараққиётни мадҳ этиб келган Ўзбекистонда, айнан Озодлик радиоси 2005 йилдаги Андижон воқеалари ҳақида хабар берган, Каримов режими жиноятларини тергов қилган ва Мирзиёев оиласидаги коррупция ҳолатларини ёритишда давом этмоқда. Ахборот қаттиқ назорат қилинадиган мамлакатда, Озодлик ҳалигача воқеликни реал акс эттирадиган асосий манба ҳисобланади".

«Бундай ташкилотлар бир кунда пайдо бўлмайди. Халқаро воқеаларни энди ким ёритади? Энди биз дунёга ОРТ ёлғонлари орқали қарашга мажбур бўламизми? Агар [Азаттык] ёпилса, ички ва ташқи пропагандага тўлиқ ботиб кетамиз. Бу кимга манфаатли?», деб ёзди қирғизистонлик сиёсатшунос Руслан Акматбек.

АҚШ президенти Доналд Трамп 7 та федерал агентлик, жумладан Озод Европа/Озодлик радиоси, Америка Овози ва бошқа бир қанча оммавий ахборот воситаларини бошқарувчи АҚШнинг Глобал Медиа агентлиги (USAGM) фаолиятини қисқартириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжатда айтилишича, 7 кун ичида ҳар бир агентлик раҳбари Президент бюджети бошқармасига Трамп фармонига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳисобот тақдим этиши ва агентликнинг қайси таркибий қисмлари ёки функциялари “қонун билан мажбурий ва қай даражада” эканлигини тушунтириб бериши керак.

Фармон чиққанидан бир неча соат ўтиб, ABC News телеканалининг собиқ мухбири, журналист Тара Палмери Озодлик радиоси учун Конгресс томонидан маъқулланган грант маблағлари тўхтатилгани ҳақидаги USAGM мактубини эълон қилди.

Мактуб Кэри Лейк томонидан имзоланган бўлиб, у ўзини (USAGM) бош директор вазифасини бажарувчисининг етакчи маслаҳатчиси сифатида таништирган.

Озодлик 70 ёшда. Тарихчи олим Баҳром Ирзаев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:42:40 0:00

Лейк Трамп томонидан "Америка Овози" раҳбари лавозимига номзод қилиб кўрсатилган, аммо унинг тайинланиши Телерадиоэшиттиришлар бўйича халқаро маслаҳат кенгаши томонидан маъқулланиши керак.

18 март куни Озод Европа/Озодлик радиоси AҚШ Глобал Медиа агентлиги (USAGM) ҳамда унинг раҳбарлари Кэри Лейк ва Виктор Моралесга қарши AҚШ Конгресси томонидан тасдиқланган ва ташкилот фаолиятини молиялаштирадиган грантни бекор қилишга уриниш ҳаракати устидан судга даъво аризаси киритди.

Шикоятда Озод Европа/Озодлик радиоси учун АҚШ Конгресси томонидан ажратилган маблағнинг рад этилиши федерал қонунлар, шу жумладан AҚШ Конституциясига зид экани, чунки Конституция Конгрессга федерал харажатлар билан боғлиқ махсус ваколатларни бергани қайд этилган. Даъво AҚШнинг Колумбия округи туман судида кўриб чиқилади.

Форум

XS
SM
MD
LG