Андижон вилоятида рўмол ўраш ва Жума намозларига бориш бўйича чекловлар жорий этилаётгани айтилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг "топшириғи" асосида таълим муассасалари ва давлат идораларида шундай кўрсатмалар бериляпти. Қолаверса, эркакларнинг соқоллари мажбуран олдириляпти. Аммо бундай буйруқ ҳақида расмий маълумот йўқ.
Конституцияда “дунёвий давлат” экани, дин давлатдан ажратилгани белгилаб қўйилган Ўзбекистонда диний эътиқод масаласи ҳамиша давлат, унинг хавфсизлик тизимларининг қатъий назоратида бўлиб келган. Бу вазият турлича баҳоланади. Айримлар буни диний эркинликни чеклаш деса, яна бошқалари экстремистик оқимларга қарши кураш учун зарур чора деб билишади.
2019 йилнинг сентябрида диний вазиятни ва диндор қатламни назорат қилиш бўйича президент Мирзиёевнинг махфий қарори чиққанди. Унинг ижросига бевосита алоқадор тизимлардан бири мулозими томонидан Озодликка сиздирилган хужжат нусхасида айнан либос ва қиёфа масаласи ёзилган.
Озодликка Андижондаги таълим муассасаларидан бирида ёзиб олинган аудио келиб тушди. Унда вилоят Олий таълим фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Музаффар Мадазимов экани айтилган шахс ўқитувчиларга ҳоким буйруғини етказяпти:
"Ҳар битта рўмоллиларнинг рўйхатини қиласизлар... Кейин ҳар ўнтага битта гуруҳ раҳбари, ўша жойдаги ректор, бўлим бошлиғи, замдиректорлар, битта-битта масъул қўясизлар. Уйига борадими, бошқа қиладими, нима чора кўрилди, нима қилинди шу бўйича, умумий, кунма кун сводка маънавиятчиларга топширилади”.
Озодликда ушбу шахс чиндан ҳам Мадазимов эканлигини аниқлаш имконияти ҳозирча йўқ. Лекин Озодликнинг бир-биридан мустақил уч манбаси у чиндан ҳам ўша амалдор экани, охирги кунларда бундай йиғинлар билим даргоҳларида ва давлат идораларида тез-тез ўтказилаётганини таъкидлашди.
Диний эътиқодини ошкора намойиш қилган ҳолда рўмол ўрамаслик, уларга қарши курашиш ва иш вақтида эркак ходимларнинг "Жума намозига" бормаслиги ҳақида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг оғзаки буйруғи бўлган. Агар бу топшириқ бажарилмаса, директорлар "боши билан жавоб бериши" ҳақида огоҳлантирилган.
“Давлатдан ойлик оляптими, иш пайтида соат бирда (жума намозига - ред) биронтаси бормайди. Ўзинглардан бош... Биламан, директорлардан ҳам борадигани бор, бошқаси ҳам бор. Лекин жуда қаттиқ бўлаётгани учун гапиришга мажбурман. Хавфсизлик шуғулланяпти, уларнинг қўлида фамилиялари билан бор. Мана бу мактаб директорининг шунча ўқитувчиси, шунча ўқувчиси деб ўтирибди”, дейилади аудио давомида.
"Тепадан берилган сиёсий буйруқ"
Давлат ходимларига бу каби огоҳлантириш берилган йиғинларнинг баъзилари амалдорлар иштирокида, айримлари хавфсизлик хизмати ходимлари иштирокида бўлаётгани айтилади. Озодликка Андижон туманидаги мактаблардан, касалхона ва поликлиникалардан юборилган хабарлар вилоятда бу борада чиндан ҳам кураш кучайтирилганини кўрсатяпти. Мана уларнинг айримлари:
“Мен туғруқхонада ишлайман. 3 февраль куни ўзини “Давлат хавфсизлик хизмати ходими” деб таништирган ёш йигит келиб, йиғилиш ўтказди. “Рўмолни ҳижоб шаклида ўраганлар тез орада уни ечиб, орқага ўрасин. Бу тепадан берилган сиёсий буйруқ” , деди. Ундан ташқари, Умрага борганларнинг масаласи кўтарилди. Уларнинг орасида Суриядан қочган жангарилар билан алоқа қилганлар борлиги айтилди. Орасида шифокорлар ҳам бор, деди”.
“Андижон туманида мактаб ўқитувчисиман. Бизга ҳам келишди. Ўқитувчилар орасида, талабалар орасида иш ва ўқишни вақтинчалик ташлаб, Умрага кетиб қолганлар бор экан. Жума куни иш вақтида дарсни ташлаб, намозга кетиб қолганлар бор экан. Миллий хавфсизликнинг ходими “биз кутмаган, биз ўйламаган одамлар ўзлари хоҳламаган ҳолатда турли оқимларга қўшилиб қоляпти” , деди. Бу қанчалик ростлигини билмайман, лекин бу катта мажлисда айтилган гап”.
Андижон давлат тиббиёт институтида ишлаган ўқитувчилардан бири талабаларга назоратни кучайтириш, соқол қўйганларнинг рўйхатини тузиб, уларнинг соқолини олдириш ҳақида доцент ва профессорларга буйруқ берилганини билдирди.
Давлат хавфсизлик хизмати буни вилоят ҳокимияти ва маҳаллий амалдорлар орқали ишга оширяптими, ёки бизга мурожаат қилганларнинг айтишича, айнан вилоят ҳокимининг ташаббусими, Озодликда ҳозирча буни аниқлаш имкони йўқ.
“Мен бозорда ишлайман, Жаҳон бозорида. Деярли ҳар куни кўчадамиз. Милицияларни ҳам кўрамиз. Заправкалардаги, газ заправкалардаги намозхоналар ҳам ишлаяпти. Бемалол. Бошингизда рўмолингиз бор экан, уни ечинг деган нарсаларга ҳали дуч келмадим”.
Маълумотларга кўра, текширувлар айнан давлат муассасаларида кучайган. Оддий ҳалқ орасида бу каби ҳолатлар кенг равишда кузатилмаса-да, соқолга қарши рейдлар учраб туради.
“Буни айтишим тўғрими, нотўғрими билмайман. Андижонликман, ички ишлар ходимлари мажбуран ушлаб, олиб кириб соқолимни қирдиришди. Бу қанчалик тўғри? Нимага асосланиб бундай қилишяпти? Менинг танишимни ҳам олиб кириб, мажбурлаб олдиришди. Лекин соқолимиз узун эмасди. Нега бундай қиляпсизлар десак, “терроризмга қарши кураш” дейишди”, деди Озодликка мурожаат қилган 26 яшар йигит.
Яна бир 40 яшар эркак эса соқоллиларни ушлашни қандайдир бир "миссияга" ўхшаштирди:
“Шаҳрихонда кўчаданоқ тутиб кетишяпти. Қаршилик қилсангиз, мажбурлашади. Ички ишлар бўлимига олиб бориб, аввал соқолингиз билан суратга олишади. Соқолингизни қириб ташлаб, яна бир суратга олишади. Кейин у расмларни қанақадир группага ташлашади. Ҳудди бир миссияни бажаргандек... Мен соқолимни олдирмайман десам, 4-5та ходим босиб ўтирди, биттаси қириб ташлади”.
Қонунчиликка қаралса, Ўзбекистон Конституциясининг 35-моддасида ҳар бир фуқаро виждон эркинлигига эга экани, хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқи кафолатлангани қайд этилган. Аммо диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги керак. Экспертлар ушбу нуқтаи назардан қараганда, рўмолни диний шаклда ўрашни тақиқлаш ёки Жума намозига боришни чеклаш Конституция ва инсон ҳуқуқларига зид деб ҳисоблашади.
Human Rights Watch (HRW) ҳалқаро ҳуқуқ ташкилотининг Ўзбекистон бўйича собиқ тадқиқотчиси Стив Свердлов бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини айтади:
“Ўзбекистон ҳукумати рўмол ўрашни ва ҳижобни тақиқлаш сабабларини камдан-кам тушунтиради. 2019 йилда Олий суд Тошкент Ислом академияси талабаси Луиза Муминжанованинг ишини кўриб чиққан эди – уни ҳижобини ечишга мажбурлашганди. Шунга ўхшаш ҳолат Андижонда ҳам юз бериши мумкин. Бу масала ҳукумат учун ноқулай, чунки президент маслаҳатчиларидан бири Акмал Саидов БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси бўлиб, мантиқан олганда, халқаро ҳуқуқ меъёрларини ҳимоя қилиши керак. Масалан, ниқоб тақишга қўйилган чеклов баъзи ҳолатларда асосли бўлиши мумкин, бироқ ҳижоб ва рўмолни тақиқлашнинг аниқ сабаблари тушунтирилмаса, бу Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига зид келади”.
Махфий ҳужжат ижроси давом этяптими?
2019 йилдаги президентнинг ПҚ-4437м деб расмийлаштирилган қарорида мувофиқ¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистондаги диний сиëсат ва унинг ижроси учун асосий масъул тизим қилиб белгиланган. Қўмита раисининг мақоми эса ДХХ раиси ўринбосари лавозимига тенглаштирилган. .
Қарорга мувофиқ¸ мамлакатдаги кучишлатар ва ҳокимият тизимларидан тортиб масжид имомлари ва отинойиларга қадар барча Дин ишлари бўйича қўмитага “барча зарур маълумот ва ҳужжатларни тақдим этади ва диний вазиятга оид мунтазам ҳисоб бериб боради".
Президентинг махфий қарорида “ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир этувчи” саккизта омил тилга олинган. Уларнинг бири “кундалик ҳаëтда кўзга ташланаëтган ноодатий либос ва қиëфа кўринишлари¸ аëллар орасида миллий расм-русумларга диний тус бериш” дея белгиланган. Демак, ўз ўзидан Андижондаги тақиқлар ушбу махфий қарор ижросининг бир кўриниши эмасми, деган савол туғилади.
Хўш, бу каби чекловлар нима учун керак? Улар жамиятдаги муаммоларни ҳал қиладими? Нега Ўзбекистонда хотин-қизларнинг рўмоли асосий муаммога айланиб қолди?
Стив Свердлов тақиқларни қўрқитиш билан амалга оширмаслик кераклигига тўхталди:
“Ўзбекистонда давлат амалдорлари кўпинча ўз ваколатларини ошириб, дин масалаларига аралашади. ДХХ, муллалар, маҳаллий амалдорлар, ҳокимият вакиллари ва ҳатто мактаб директорларининг айрим тақиқлари ўзбилармонликни кучайтиради. Бундай ҳаракатлар кўпинча ташқи таҳдидлардан қўрқув туфайли қабул қилинади. Ҳукумат радикаллашув ва тартибсизликдан хавотирда, лекин дин масалалари Конституция доирасида тартибга солиниши керак. Аҳолига аниқ қонунлар ва тушунтиришлар зарур, бироқ ҳозирча бу борада чалкашлик ҳукм сурмоқда. Ҳукумат шуни ёдда тутиши лозимки, Ўзбекистон Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни имзолаган бўлиб, у диний эркинликни кафолатлайди. Баъзи чекловлар бўлиши мумкин, лекин жума намозига тақиқ жиддий саволларни ҳам туғдиради. Давлат дунёвийликни тарғиб қилмоқчи, лекин бу мамлакат маданиятига мос эмас. Одамлар масжидга бориш ҳуқуқига эга, аммо диний эркинлик баъзан фақат шахсий ҳаётни эмас, балки жамоат жойларини ҳам қамраб олади. Агар жума намози иш жараёнига ҳалақит берса, чекловларни муҳокама қилиш мумкин. Аммо тўлиқ тақиқ фақат жамиятдаги қўрқувни кучайтиради. Муҳими – одамларга аниқ тушунтириш бериш керак, қўрқитиш эмас”.
Ўзбекистонда аввалдан мактаб, идора ва давлат муассасаларида ҳижобга норасмий тақиқ амал қилиб келган. Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳижоб ёки рўмолни ҳижоб шаклида ўрашга умуман рухсат берилмаган ва доимо рейдлар уюштирилган. Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин диний чекловлар юмшади ва рўмолга кирганлар сони кўпайгани кузатилди. Аммо охирги пайтлардаги соқолга тақиқ ёки Андижондаги каби рўмолга рухсат бермаслик каби вазиятлар Каримов давридаги каби одамларни эътиқоди учун сиқувга олиш сиёсатининг давоми ўлароқ баҳоланяпти.
Экспертлар фикрича, айниқса анъанадор Фарғона водийсида турли оқимлар тузоғига тушиш хавфи кучайган. Шу боис Ўзбекистонда диний тарғибот назоратга олиниши керак, дейдиганлар бор.
Фотожурналист Умида Аҳмедованинг бу борада фикри қуйидагича:
"Лекин биз хозир XXI асрда яшаймиз. Плюс томонлари ҳам, минус томонлари ҳам бор. Майли, дейлик диннинг плюс томонлари олинди... ўғирлама, бировни алдама, ёмон йўлга кирма, ичма, чекма, ота-онани хурмат қил. Ҳамма диннинг яхши томонлари бор. Лекин ҳар хил маърузалар кўпайиб кетди. Билар билмас, қанақадир тўғрими, нотўғрими, ҳар хил томонга йўрғалаб кетишяпти. Энди майли, қизлар ўранибди. Ўзининг эътиқоди. Ҳеч ким мажбурлаши керак эмас. Энг ёмони мажбурлагани. Сен ўранишинг керак, ўранишинг керак деб мажбурлаш ҳам нотўғри, деган ситуация ҳам нотўғри, йўқ, сен нега ўрандинг, еч рўмолингни, дейиш ҳам нотўғри”.
Хабарларга кўра, водийда айниқса мактабда ишлаганларнинг ташқи кўринишига кўпроқ эътибор қаратиляпти.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилнинг 15 августидаги қарорига муовиқ, Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари белгиланган. Ушбу ҳужжатда “ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим, таълим муассасасида ўтказиладиган турли тадбирлар жараёни бундан мустасно” деб ёзилган. Бу чекловлар фақат ўқувчиларга тааллуқли.
“Ҳукумат ҳар қандай асосий ҳуқуқларни чеклашга оид қарорларни ёзма равишда асослаб бериши керак. 2021 йилда қабул қилинган янги Дин тўғрисидаги қонун узоқ ва мураккаб жараён бўлди, аммо якуний версия шафқатсизроқ бўлиб, Ислом Каримов давридаги сиёсатни эслатади. Ўзбекистон халқаро меъёрларга риоя қилишга ҳаракат қилмоқда, бироқ аҳолининг катта қисми чуқур диний эътиқодга эга бўлгани сабабли муайян қийинчиликларга дуч келмоқда. Агар Андижонда ҳижоб норасмий тарзда тақиқланиб, одамларга таҳдид қилинаётган бўлса, бу жиддий хавфларни келтириб чиқаради. Лекин масаланинг яна бир томони бор, сўнгги йилларда нафақат аёллар, балки эркакларга ҳам ниқоб таққани учун жарималар солинган ҳолатлар кузатилган. Шунинг учун баъзи ҳолларда чекловлар мумкин, бироқ ҳижоб ёки рўмол тақиқланиши қайси бир амалдорнинш оғзаки буйруғи бўлмаслиги лозим. Ҳар қандай ҳаракат ҳукумат томонидан изоҳланиши керак. Агар бундай чекловларнинг зарурати тушунтирилмаса, бу Мирзиёев ҳукуматининг “юмшоқроқ ёндашув сиёсатига” зид келади. Андижонда тақиқлар қайта жорий этилиши инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳисобланади”, дея фикрини якунлади Стив Свердлов.
Лекин бундай чекловлар фақат Андижонга ҳос эмас. Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам бу каби тақиқлар борлиги ҳақида маълумотлар олдик. Бошқа ҳудудларда, пойтахт Тошкентда ҳам ҳуқуқ идоралари рўмолли аёллар ва соқол қўйган эркакларга қарши тез-тез оммавий рейдлар ўтказади. Баъзан аёллар ички ишлар идораларига келтирилиб, ҳижобни ечишга мажбур қилинади, эркакларнинг эса соқоли қиртишлаб олинади.
Муаммо минтақада ҳам бор
Диндорларга нисбатан дискриминация туфайли Amnesty International ва Human Rights Watch ташкилотларининг ҳисоботларида ўзбек ҳукумати танқид қилинган эди.
Расмий Тошкент диний эркинликларни таъминлашга доир айрим ваъдалари устидан чиққан бўлса-да, кўплаб ваъдалар амалга ошмай қолаётгани ҳақида АҚШ Давлат департаменти томонидан 2023 йил учун жаҳондаги диний эркинликлар вазияти юзасидан ҳисоботда ёзилган. Анъанавий ҳисоботда қарийб 200 давлат, жумладан, Ўзбекистондаги диний эркинлик ҳолати таҳлил қилинган.
АҚШ ҳукумати ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистонда 35 миллион сунний ва 122 минг шиа мусулмон, 822 минг православ насроний ҳамда 540 мингдан зиёд бошқа динларга эътиқод қилувчи аҳоли истиқомат қилади.
31 январда “Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси” Олий мажлиснинг Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда тасдиқланди. Ҳали қабул қилинмаган ушбу ҳужжатнинг 3-бобидаги 14-бўлимда “Фуқароларга бирор-бир динга эътиқод қилиши ёки эътиқод қилмаслигидан келиб чиқиб имтиёзлар беришга ёки улардан маҳрум қилишга йўл қўйилмайди” деб ёзилган.
Қонун лойиҳасининг 6-бобида эса “давлат бошқарувига оид қарорларни қабул қилишда фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари ва турли ижтимоий гуруҳлар вакилларини кенг жалб қилиш” кераклиги ёзилган.
Умуман олганда кийимдаги ва ташқи кўринишдаги диний рамзларни нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам чеклаш ва тақиқлаш кузатилади.
Жорий йилнинг 1 февралидан Қирғизистонда ниқоб, яъни юзни беркитувчи парда билан юриш қонунан тақиқланди. Унга риоя қилмаганлар учун 230 доллар баробарида жарима солинади. Тожикистонда ниқоб “миллий қадриятларга зидлиги” туфайли тақиқланган.
Қозоғистонда 2009 йилдан бери мактабларда ўқитувчиларга ва ўқувчиларга ҳижоб ўрашга рухсат берилмайди. Аммо жамоат жойларида ниқобга расман тақиқ йўқ.
Мақоланинг видеоси:
Форум