Ўзбекистон суди мамлакатда одил судлов йўқлигини танқид қилган мустақил нашрни ёлғон ахборот тарқатишда айбдор, деб топди.
Effect.uz раҳбари Акмал Эшонхонов 11 миллион 250 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.
Даъвогар - Судьялар Олий кенгаши раиси.
Журналист, блогер ва фаолларнинг маҳкамага тортилиши Ўзбекистонда янгилик эмас. Аммо янги тренд - даъвогарларнинг Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимидаги мулозимлар экани.
Айнан шу важдан ҳам Effect.uz раҳбари суд ҳукмидан шикоят қилмоқчи эмас. Маҳкама унинг Ўзбекистонда одил судлов йўқ, деган ишончини мустаҳкамлаган, холос.
Судьялар Олий кенгаши раиси журналистни судга берди
Судъялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоровнинг маҳкама даъвосига Effect.uz сайтида 6 февраль куни эълон қилинган судьялар фаолиятига оид танқидий мақола сабаб бўлган.
Мақолада ўзбек судьялари орасида порахўрлик, коррупция авж олгани, мамлакатда одил судлов йўқлиги танқид қилинган.
Ёдгоровнинг Эшонхоновга нисбатан даъвосини кўриб чиққан Мирзо Улуғбек туман суди журналистни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202−2-моддаси 1-қисми (Ёлғон ахборот тарқатиш)да айблаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жаримага тортди.
"Холмўмин Ёдгоров ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда "Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги қонуннинг 8-моддасини дастак қилиб олиб, Бош прокуратурага тақдимнома киритган. Бош прокуратура буни Ички ишларнинг умуман журналистлар билан боғлиқ бўлмаган бўлимига жўнатган. Кулгули ҳолат. Ундан кейин экспертиза тайинланган. "Мақолада ёлғон ахборот тарқатган "деган хулоса бўлмасдан туриб, иш судга оширилди. Хуллас , буюртмалар бажарилди", дейди Акмал Эшонхонов.
"Судда адолат оёқ-ости бўлди"
Судья Жаҳонгир Саидов журналист Эшонхоновнинг уч адвокати томонидан киритилган бир қанча илтимосномаларни рад қилган. Оқибатда адвокатлар судьяни алмаштириш юзасидан раддия киритган. Лекин судья Саидов адвокатларнинг раддиясини рад этган.
"Бизга нисбатан, умуман, сўз эркинлигига нисбатан қилинган ҳужумда биз ютқаздик. Аслида ютқазишимиз юз фоиз эмас, минг фоиз маълум эди. Бизнинг ишимизни кўрган Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Жаҳонгир Саидов, умуман бошқа судьялар ҳам Судъялар олий кенгаши томонидан тайинланади. Бизнинг ишимизни кўрган судья ҳам айнан Холмўмин Ёдгоров таъсирида ишга келган ва кейинги муддатини ўйлади. У қўлига берилган тайёр қоғозни ўқиб берди. Судда адолат оёқ-ости бўлди, топталди", дейди Акмал Эшонхонов.
Маҳкама холис ва шаффоф ўтмаганини айтган Эшонхонов айни пайтда суд қарори устидан шикоят қилмоқчи эмас. Боиси журналист кейинги суд ҳам адолатли ўтишига шубҳа билдиради:
"11 миллион 250 минг сўм жарима билан камайиб қолмасмиз. Аксинча бу мени кучли қилади. Кейинги чиқишларимиз бунданда кескинроқ бўлишига тайёр бўлишсин. Биз буларни халқаро судга бермоқчимиз. Чунки Ўзбекистон судларида адолатсизлик тантана қиляпти".
Журналист Эшонхоновни Судьялар олий кенгаши раиси судга берган бўлса, “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановни юридик университет домлалари судга берган.
"ДХХ ва прокуратуранинг судларга таъсирини йўқотиш керак"
Мамлакатда одил судлов йўқлигини ўз вақтида президент Мирзиёев ҳам эътироф этган.
2019 йилнинг 25 сентябрь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Ўзбекистон суд тизимида жиддий муаммолар борлигини айтиб, суд тизимининг мустақиллигига таҳдид солаётган амалиётга чек қўйишга чақирган эди.
БМТ махсус маърузачиси суд-ҳуқуқ соҳасида ҳал қилиниши керак бўлган масалаларни кўндалаг қўйган:
"Биринчидан, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)нинг бутун жамиятда, институтларда, адлия, суд тизимидаги иштироки масаласи бўлиб, бу албатта тарихий сабабларга эга. Буни тўғри қарорлар қабул қилган ҳолда ўзгартириш керак. Бу ўз-ўзидан ўзгармайди. Бу жамият эволюцияси натижасида ўзгариб боради.
Иккинчиси, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги ислоҳотлари даврида айнан судьяларни тайёрлашга эътибор қаратиш керак. Бу ишни қисқа ва узоқ муддатларга мўлжалланган қадамлар билан амалга ошириш керак. Бундай қадамларни Конституцияда акс эттириш керак. Яъни, инсон ҳуқуқлари аҳамиятли жиҳат ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича битимга имзо чеккан. Бу вақтда мен инсон ҳуқуқларига риоя этяпманми, қарорларим бунга мувофиқми, деган саволни бериш керак. Бундай ёндашиш Конституциянинг бир моддаси сифатида киритиш муҳим ҳисобланади.
Учинчиси, бу прокурорларни кенг ваколатларга эга бўлиши билан боғлиқ. Бу албатта, узоқ йиллар давомида судьялар, бизга гувоҳлар айтганидек, прокурорлар томонидан тайёрланган қарорларни шундайлигича суд қарорига кўчириб келган. Прокуратуранинг кенг қамровли функцияларини қайта кўриб чиқиш керак. Уларнинг , айниқса жиноий ишлардаги ваколатлари, яъни суд ишларида, тергов ва суриштирув ишларидаги иштироклари чекланиши лозим".
Ўтган даврда "Судлар тўғрисида"ги қонун янгиланди. Судлар фаолияти бўйича Конституцияга ўзгартиш киритилди. Судьялар олий мактаби ташкил этилди. Бироқ, кузатувчиларга кўра, амалда бирор ижобий ўзгариш бўлмаган.
Элмурод Одил яна судланди
Кейинги бир ой ичида маҳкамага тортилган ёки куч ишлатар идораларига чақирилган журналист, блогер ва фаоллар сони ошмоқда.
Ўтган ҳафта яккабоғлик блогер Элмурод Одил ҳам судланди. Блогерга кўра, уни гўёки тиланчи аёл судга берган.
Блогер Элмурод Одил кейинги икки йилда чиқишлари учун бир неча бор маҳкамага тортилган. Икки марта қамоқ жазосини ҳам ўтаб чиққан.
Элмурод Одил мамлакатда кузатилаётган энергетик бўҳронда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоевани айблаб, унинг истеъфосини талаб қилиб, пикет қилгани билан танилган.
Шаҳрихонлик блогер: Танқидий постларим сабаб судландим
Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида яшовчи блогер Исломжон Одилов ҳам танқидий чиқишлари сабаб ўзига бўлаётган босимлардан шикоят қилиб, Озодликка мурожаат қилди.
Блогернинг айтишича, ўтган ҳафта уни ўзининг иштирокисиз судлашган ва нотаниш кишининг 10 йил олдинги даъвоси бўйича уни айбдор деб топишган:
"Маҳалладаги камчиликларни ёритиб келяпман. Масалан, газ баллонларини олиб келиш 2-3 ойга кечикса, танқидий постлар қиламан. Ноқонуний ахлатхоналар борасида видео қилиб, Ютубга чиқардим. Яқинда шифохонада пулга укол қилинишини танқид қилдим. Мени устимдан бўлган суд шу танқидий чиқишлар сабаб бўлган деб ўйлайман. Боиси мени 10 йил олдин кимдандир пул олганликда айблашяпти. Мен аризачини умуман танимайман".
Ўтган ҳафта собиқ депутат, Экология вазирлиги маслаҳатчисиРасул Кушербаев ҳам ички ишлар бўлимига сўроққа чақирилган ва шахсий телефони олиб қўйилган. Тошкент шаҳар ИИББ Кушербаев гўёки тармоқлардаги ҳақорат қилувчи пости учун унга нисбатан суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.
Demokrat.uz нашри раҳбари Фазлиддин Меҳмонов эса ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари босимига учраганидан шикоят қилиб чиқди.
Human Rights Watch ташкилоти Самарқандда ўтган Марказий Осиё- Европа Иттифоқи саммити арафасида Ўзбекистондаги сўз эркинлиги вазиятидан хавотир билдириб чиқди.
Ўзбекистонда бир неча блогер «президентни интернетда ҳақорат қилганлик» айби билан таъқибга учраганини айтган ташкилот, Мирзиёев ҳукуматини мустақил ҳуқуқ фаолларига қарши сохта жиноят ишларини қўзғатишда айблаган.
Самарқандда ўтган биринчи Марказий Осиё-Европа Иттифоқи саммити доирасида имзоланган Қўшма декларацияда томонларнинг инсон ҳуқуқлари ва фундаментал эркинликларга содиқлиги таъкидланди. Декларациянинг 16-бандида минтақа раҳбарлари ва Евроиттифоқ қонун устуворлиги, мустақил матбуот ва фуқаролик жамиятини дастаклаш ҳамда ҳимоялашнинг муҳимлиги борасида якдил эканликлари айтилади.
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач ўзбекистонликларга кўпроқ сўз эркинлигини ваъда қилди. Маҳаллий матбуот жонланди, ижтимоий муаммолар муҳокамага олиб чиқилди. Ўзбекистон халқаро матбуот эркинлиги рейтингида бир неча поғона юқорилади. Аммо орадан кўп ўтмай, блогер, журналист ва тармоқ фаолларига нисбатан босимлар кучайди. Президентни ҳақорат қилгани учун 10 дан ортиқ одам қамоққа ташланди. Каримов давридаги каби қўрқув муҳити қайтди.
Озодлик OzodSo’z лойиҳаси орқали Мирзиёев президентлиги даврида ҳибсга олинган, қамоққа ташланган ва босимга учраган 100 дан ортиқ журналист, блогер ва фаолларнинг ишини ҳужжатлаштирган.
Форум