Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа тармоқлар тизгинини АОКАга топшириш таклифи билан чиқди.
АОКАга интернет маконида “полиция” ролини топширишни илгари сурган Қудратхўжа ўз таклифини "миллийликка путур етказувчи чиқишлар"нинг олдини олиш билан изоҳлади.
Бу таклиф мамлакатда сўз эркинлиги чегараси борган сари торайиб бораётган, фаоллар ва блогерларга нисбатан босимлар кучайган бир пайтда янгради.
"АОКА чораларни кучайтириши керак"
"Абдуллоҳ" тахаллуси билан танилган тиктокер Валерий Югайнинг миллатчилик руҳидаги чиқишлари учун ҳибсга олинганига муносабат билдирган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа бу каби ҳолатлар олдини олиш мақсадида АОКАга “интернет полицияси” ролини топшириш таклифини билдирди:
“Менинг таклифим бор: Ўзбекистон ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги шундай воқеалар олдини олиш бўйича кучли чоралар кўриши керак. Шунинг вақти келди. Чунки бизнинг ахборий худудимизда бунақанги ҳолатлар баъзида учраб турибди ва мен уларнинг кўпайишини хоҳламайман. Шунинг учун АОКАга, мен ўйланманки, биз қайта кўриб чиқишимиз керак ва шундай масалаларда чора кўриш имконини беришимиз керак”.
“Назорат -эскилик сарқити”
Журналист Анора Содиқова сўз эркинлиги устидан назоратни эскилик сарқити дея қоралаб, ҳар қандай нарсани қонун йўли билан ҳал қилиш мумкин, деб ҳисоблайди:
" Назорат- бу эскилик сарқити. Ниманидир назорат қилиш, кимнидир чеклаш- эски қолипда ишлаб келган мансабдорлар берадиган таклифлар. Эски мансабдорлар ҳамма нарсани назорат ва чеклаш билан тўғрилаш мумкин, деб ўйлашади. Тўғри, интернет тармоғида ҳақоратловчи сўзлар кўп. Нафақат ёшлар, балки давлат хизматчилари ҳам ҳақоратли сўзлар, сўкиниш сўзларини ёзаётганини кўряпмиз. Мисол учун, ўзим ҳам Тошкент вилоят ҳокимияти вакилининг интернет тармоғида сўкиниш сўзларини ёзгани бўйича судга берганман. Мавжуд қонунлардан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқимни ҳимоя қилишга ҳаракат қиляпман. Менинг назаримда Ўзбекистонда қонунлар етарли. Ҳақорат, туҳмат қилишга қарши қонунлар бор. Ҳамма нарсага қонун бўйича чора кўрилиши керак".
Журналист Анора Содиқова Британиядаги The Economist журналининг минтақа бўйича таҳлилчиси Жоанна Лиллиснинг “Ипак сароб: Ўзбекистонга ойна ортидан назар” номли китоби қаҳрамонларидан бири. Китобда Ўзбекистонда сўз эркинлиги Каримов даврига қайтаётгани таъкидланган.
Фейсбукдаги пости учун судга тортилган ҳуқуқ фаоли
Шерзодхон Қудратхўжанинг тармоқлардаги чиқишлар назоратини АОКАга топшириш таклифи илгари сурилган бир пайтда ҳуқуқ фаоли, “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Фейсбукдаги пости учун судга тортилди.
11 апрель куни Тошкент шаҳридаги Миробод туман маъмурий ишлар судида Ташанов устидан маҳкама бошланди. Судни ёритишга келган журналист ва блогерларга маҳкама ёпиқ ўтаётгани айтилиб, ичкарига қўйилмаган. Судни кузатишга келган Тошкентдаги бир нечта хорижий элчихона вакиллари ҳам маҳкамага киритилмаган.
"Бизни судга беришди. Мен буни профессионал фаолиятимга тўсқинлик, деб ҳисоблайман. Кунимиз судларда ўтадиган бўлса, ҳуқуқ фаоли сифатида бизнинг ёрдамимиз тегиши мумкин бўлган фуқароларимиз манфаатига зарар бўлади", дейди Абдураҳмон Ташанов.
Юридик университет профессорлари Ташановни обрўларини тўкишда айблаб, маҳкамага мурожаат қилиши тармоқларда ҳуқуқ фаолини қоралаш кампанияси кетаётган бир пайтга тўғри келди.
"Бизнинг сўзларимизда, гўёки ҳақорат бор экан. Биз ҳақиқатдан танқидлар қиламиз. Аввалги давлат тузими даврида ҳам, ҳозир ҳам танқид қилиб келяпмиз. Бизнинг фаолиятимиз ижтимоий-иқтисодий ислоҳатлар боришидаги сусткашликларни танқид қилиш билан боғлиқ. Албатта ютуқлар бўлса мақтаймиз. Масалан, Марказий Осий - Европа Иттифоқи саммитига ўхшаган катта сиёсий интеграция жараёнларини албатта олқишлаймиз. "Ўзимизнинг киндигимизни, ўзимиз кесган" жойимиз йўқ. Шу ватанда яшаймиз ва албатта ҳамманинг шахсини ҳурмат қиламиз. Жумладан, Юридик университетни ҳам. Чунки Юридик университет мамлакатимизнинг асосий ҳуқуқий базаси, мияларидан биттаси. Биз бу идорани доимий равишда ҳурмат қилиб келганмиз", дейди Абдураҳмон Ташанов.
Халқаро хавотирлар
4 апрель куни Самарқандда ўтган биринчи Марказий Осиё-Европа Иттифоқи саммити доирасида имзоланган Қўшма декларацияда томонларнинг инсон ҳуқуқлари ва фундаментал эркинликларга содиқлиги таъкидланди. Декларациянинг 16-бандида минтақа раҳбарлари ва Евроиттифоқ қонун устуворлиги, мустақил матбуот ва фуқаролик жамиятини дастаклаш ҳамда ҳимоялашнинг муҳимлиги борасида якдил эканликлари айтилади.
Самарқанддаги саммит арафасида Европа Иттифоқи раҳбарларига мурожаат билан чиққан Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти инсон ҳақлари Марказий Осиёнинг авторитар президентлари билан мулоқотларнинг марказида бўлиши кераклигини таъкидлаганди.
Ўзбекистонда бир неча блогер «президентни интернетда ҳақорат қилганлик» айби билан таъқибга учраганини айтган ташкилот, Мирзиёев ҳукуматини мустақил ҳуқуқ фаолларига қарши сохта жиноят ишларини қўзғатишда айблаган.
HRW ҳукуматга қарши танқидий чиқишлари ортидан руҳий шифохонага ташланган фаол Валижон Калонов ҳамда қамоқдаги блогерлар Дилдора Ҳакимова ҳамда Наргиза Келдиёровалар тақдирига эътибор қаратган.
Ташкилотга кўра, инсон ҳуқуқларининг ҳурмат қилиниши ва қонун устуворлиги Европа Иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳар қандай ҳамкорликда ўз манфаатларини илгари сура олиши учун муҳимдир.
Аммо хусусан Ўзбекистонда фуқаро жамияти ва мустақил матбуотга босимлар Евроиттифоқ ва минтақа раҳбарлари учрашаётган паллаларда ҳам тўхтагани йўқ.
Demokrat.uz ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари босимига учраганини айтаётган нашрларнинг навбатдагиси.
Саммит кунлари Озодликка гапирган нашр бош муҳаррири Фазлиддин Меҳмонов ўзи ва таҳририят журналистлари танқидий чиқишлар учун таъқиб қилинаётганини айтди:
"Хитой мавзусини ёзган журналист қизга босим бўляпти, деб пост қўйдик. Орадан 2-3 кун ўтганидан кейин ушбу қизнинг уйига ички ишлар ходимлари бориб, онасини чақириб, "Қизингиз Demokrat.uz дан ишдан бўшаши керак. Нотўғри йўлда. Хато-камчилиги кўп. Агар ишдан бўшамаса, оқибати яхши бўлмайди. Тўғри, уни олиб бориб, қамаб қўя олмаслигимиз мумкин. Лекин билиб бўладими, авоҳалокат бўлиши мумкин, бахтсиз ҳодиса бўлиши мумкин. Шунинг учун қизингиз ёш экан, яхшиси бу соҳадан кетсин яъни бу ерда ишламасин, деган таҳдидлар бўлган. Буни Ички ишлар ходимлари қилишган. Лекин уларнинг шахси маълум эмас. Бу Навоий вилоятидаги ички ишлар ходимлари яъни қизнинг ўзи Тошкентда яшагани билан пропискаси Навоийда, улар қизнинг ота-онаси олдига бориб шундай гаплар гапиришган".
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач ўзбекистонликларга кўпроқ сўз эркинлигини ваъда қилди. Маҳаллий матбуот жонланди, ижтимоий муаммолар муҳокамага олиб чиқилди. Ўзбекистон халқаро матбуот эркинлиги рейтингида бир неча поғона юқорилади. Аммо орадан кўп ўтмай, блогер, журналист ва тармоқ фаолларига нисбатан босимлар кучайди. Президентни ҳақорат қилгани учун 10 дан ортиқ одам қамоққа ташланди. Каримов давридаги каби қўрқув муҳити қайтди.
Озодликнинг OzodSo’z лойиҳаси Мирзиёев президентлиги даврида ҳибсга олинган, қамоққа ташланган ва босимга учраган 100 дан ортиқ журналист, блогер ва фаолларнинг ишини ҳужжатлаштирган.
Форум