Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:37

"Россия тажрибаси". Махсус комиссия аъзоси COVID-19га қарши мажбурий эмлашни ёқлади


Нурмат Отабеков, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари .
Нурмат Отабеков, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари .

Ўзбекистон расмийларига кўра, кунига 130−140 минг киши COVID-19 касаллигига қарши эмланяпти. Ҳозирга қадар мамлакат бўйлаб 4,2 млн. дозадан ортиқ вакцина ишлатилган. Деярли 700 минг киши эмлашнинг тўлиқ курсини якунлаган.

Бу ҳақда 6 июль куни Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков баёнот берди.

Эмлаш суръатларини суст деб баҳолаган Нурмат Отабеков касалликнинг олдини олишга қаратилган бу чорани мажбурий қилиш керак, деган ғояни қувватлашини билдирди. Ҳозирча эса, Ўзбекистонда COVID-19га қарши эмлаш ихтиёрий ва текиндир.

Бир тумандаги вазият

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида, рамий маълумотларга қараганда, 227,5 минг киши яшайди. Шаҳрихонлик врач-блогер Отабек Аҳлиддиновнинг 7 июлда Озодликка билдиришича, шу кунда тумандаги 3 та поликлиника, 6 та ҚОП (Қишлоқ оилавий поликлиникаси) ва 6 та ҚВПда (Қишлоқ врачлик пункти) аҳоли COVID-19 га қарши эмланмоқда. Шу кунгача туман бўйлаб 50 минг киши вакцина олиб бўлган. Врачнинг айтишича, вакцина тақчиллиги йўқ:

“Эмлаш иши билан бевосита шуғулланаётган ҳамкасбларимнинг айтишича, бу масала кундалик назоратда, ишлатилган вакциналар ўрни янги дозалар билан мунтазам тўлдирилмоқда, вакциналарни сақлаш учун шароитлар ҳам етарли”.

Шаҳрихонлик врачнинг айтишича, COVID-19 га қарши эмлаш ихтиёрийдир. Ҳатто баъзи мамлакатларда бўлгани каби, тиббиёт ходимлари ҳам вакцина олишга мажбур эмас.

Мамлакатдаги вазият

Эмлаш жараёнининг умумий манзарасини Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков 6 июль куни ўтказилган брифингда мана бундай тасвирлаб берди:

“Биз шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб, ёши 65 дан юқори бўлганларни, сурункали касаллиги борларни, тиббиёт ходимларини, ўқитувчиларни, мактабгача таълим муассалалари ходимларини, кейинчалик эса, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқитувчиларини, эндиликда Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Самарқанд вилоятида ёши 18 дан юқори бўлган аҳолини эмлашга рухсат бердик”.

Нурмат Отабеков кейинги пайтларда ўлим ҳолатлари кўпайганини тан олди:

“Ҳақиқатан ҳам кейинги икки ҳафта мобайнида ҳар куни 3-4 беморнинг ҳаётдан кўз юмаётгани ҳақида хабар топаяпмиз. Аксарият ҳолатларда сурункали касаллиги бор беморлар: қандли диабет, нафас олиш тизимида муаммоси борлар, онкологик касаллиги, юрак қон-томир тизимида касаллиги борлар вафот этяпти”.

"Эмланмаганлар вафот этмоқда"

Нотиқнинг айтишича, COVIDдан вафот этганлар вакцина олмаган беморлардир:

“Минг афсуски, ҳозирги кунда касаллик туфайли оғир аҳволда шифохонага тушиб, ҳаётдан кўз юмаётганларнинг қарийб барчаси эмланган эмас”.

Нутқи давомида Нурмат Отабеков нега “қарийб” деган сўзни ишлатганини изоҳламади. Бироқ бироздан сўнг бундай деди:

“Ҳаётдан кўз юмганлар орасида биронта ҳам шу касалликка эмланганлар йўқ”. Нурмат Отабековнинг айтишича, “касалликдан азият чекаётганлар эмланмагани учун афсус-надомат чекмоқда”.

6 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир қатор депутатлари коронавирус бўйича вазиятни барқарорлаштириш учун республикада мажбурий эмлаш киритилиши тарафдори эканликларини айтишган. Депутатларнинг фикри O'zbekiston 24 телеканалининг “Тараққиёт формуласи” кўрсатувида янграган.

Мажбурий эмлаш - тўғри ғоя?

6 июль кунги брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков қўлидаги ёзма саволларни ўқиб, уларга жавоб берди. У ўқиб эшиттирган саволлардан бирида эмлашни мажбурий ва пуллик қилиб қўйса бўлмайдими, деб сўралган.

Нурмат Отабеков ўзи ўқиб эшиттирган саволга ўзи бундай жавоб берди:

"Менинг фикримча, мажбурий эмлаш — бу тўғри ғоя. Чунки биз ўзимизни эмлаш орқали ҳимоя қиламиз. Эмланиш орқали биз нафақат ўзимизни, балки атрофимизни ҳам касалликдан ҳимоя қиламиз. Эҳтимол, Россиянинг тажрибасини қўллаш керак, у ерда эмланмаганларга иш жойига боришга рухсат берилмайди".

Нурмат Отабековнинг айтишича, унинг ўзи 3 марта вакцина олган ва касалликка қарши иммунитети шаклланганганини тадқиқотлар кўрсатган. Отабеков бундан бир йил муқаддам, 2020 йилнинг июлида коронавирусга чалинган эди.

Эмлашга оид шубҳалар

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков 6 июль кунги брифингда айтганларининг умумий мазмуни эмлаш зарурлигини уқтириш бўлди. Бироқ жамиятда эмлашга нисбатан скепсис ҳануз кучли.

Андижонлик врач Отабек Аҳлиддинов эмлашнинг мажбурий бўлишига қаршилар ўз позициялари ҳимояси учун нима деяётганига тўхталиб, бундай деди:

“Ҳамкасбларим орасида эмлаш мажбурий бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайдиганлар бор. Уларнинг фикрича, ҳозирча эмлаш ихтиёрий бўлиб туриши, эмланиш натижаларини кўриш керак, агар касаллик тарқалишига эмланиш тўсқинлик қилиши исботланса, ана ундан кейин мажбурий эмлашни бошлаш мумкин”.

ЖССТ: Вакцина муҳим восита, бироқ барибир ниқоб тақинг!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Ўзбекистондаги вакили Лианне Куппенс шу йилнинг мартида COVID-19 га қарши вакцина ҳақида гапираркан, бундай деган эди:

“Вакцина касалликнинг оғир кечиши олдини олади. Бироқ у коронавирус юқишидан сақлаши ҳозирча тасдиқланган эмас”.

ЖССТ нинг Ўзбекистондаги вакили карантин чораларига қатъий риоя қилишга чақирган.

Айни пайтда ЖССТ “Вакциналарни COVID-19га қарши курашда ўта муҳим янги восита”, деб ҳисоблашини, бироқ яқин келажакда тиббий ниқоблардан фойдаланиш, ижтимоий масофа сақлаш, кўпчилик йиғилган жойларга яқинламасликни ўзининг расмий сайтида уқтирган.

Шу кундаги вазият

Сўнгги маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 6 июль ҳолатига кўра, 114 минг 39 нафарга етган.

ССВ маълумотига мувофиқ, ўтган кеча-кундузда мамлакатнинг истисносиз барча ҳудудларида 471 киши коронавирус юқтириб олган. Айни пайтда сешанба куни яна 195 нафар кишида пневмония аниқланган.

Кеча кун давомида Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятларида 327 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 109 минг 676 нафарга етган.

Вазирлик 6 июль куни коронавирусга чалинган беморлардан яна 4 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 758 нафарга етганини қўшимча қилган.

5 июль куни Республика махсус комиссияси мамлакатдаги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик барқарорликни таъминлаш мақсадида барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, спорт мусобақалари, шунингдек, концерт, фестиваль, театр ва кино дастурлари вақтинча тўхтатишга қарор қилди.

Вирус тарқалишининг кўпайиши, янги чекловлар ва эмлаш билан боғлиқ сафарбарликларга қарамасдан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш расмийлари мамлакатда SARS-CoV-2 вирусининг янги тўлқини бошланганини эълон қилишга шошилмаяпти.

XS
SM
MD
LG