Линклар

Шошилинч хабар
22 апрел 2025, Тошкент вақти: 20:29

Мирзиёев божлари: Четдан товар олиб киришга чеклов - Каримов давридаги тартиб қайтмоқда


Ўзбек-қирғиз чегарасидаги «Дўстлик» / «Достук» назорат-ўтказиш пункти. Қирғизистон, Ўш, Қорасув. 18 июль, 2023 йил.
Ўзбек-қирғиз чегарасидаги «Дўстлик» / «Достук» назорат-ўтказиш пункти. Қирғизистон, Ўш, Қорасув. 18 июль, 2023 йил.

Дунё президент Трамп тарифларининг таъсирини юмшатишга уринаркан, Мирзиёев ҳукумати ўзбекистонликларнинг ўзи учун янги божларни эълон қилди.

1 майдан Ўзбекистон аҳолиси ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган товарларнинг божсиз нормаси икки баробарга қисқаради. Ҳукумат буни Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик талаби ва "аҳоли турмуш даражасини яхшилаш" билан тушунтиришга уринмоқда.

Аммо экспертларга кўра, бу монополия ва савдо чекловларидан азият чекиб келадиган Ўзбекистон аҳолисини амалда Каримов даврига қайтаради.

Ўзбекистон Божхона қўмитаси 20 апрель куни тарқатган баёнотида аҳоли учун божсиз олиб кириладиган товарлар қийматини пасайтириш қарорини “Иқтисодиётни қўллаш ва ташмачиликка қарши кураш” мақсади билан изоҳлади.

2025 йил 1 майдан жисмоний шахслар шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларда божсиз олиб кириши мумкин бўлган товарлар қиймати:

ҳаво транспортида – 1000 АҚШ доллари (амалда 2000 АҚШ доллар);

темир йўл ва дарё транспортида – 500 АҚШ доллари (амалда 1000 АҚШ доллар);

автомобиль (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали эса мавжуд 300 АҚШ доллари;

халқаро курьерлик жўнатмалари - 200 АҚШ доллари;

халқаро почта жўнатмалари - 100 АҚШ долларигача миқдорида.

Бундан ташқари, бу миқдордаги товарни олиб кираётган фуқаро самолётда учиб келаётган бўлса, хорижда 3 календар куни, темир йўл ва дарё орқали кириб келаётган бўлса, 2 календар кунидан кам вақт ичида қайтаётган бўлса, бу имкониятдан фойдалана олмайди. Сумкасидаги молига тўлиқ бож тўлайди.

Курьерлик ва почта жўнатмалари учун божсиз тўлов қиймати эса ҳар 1 ойда бир марта қўлланади.

Айни пайтда хорижга 5 минг АҚШ долларигача бўлган товарни божхона декларациясида кўрсатмасдан олиб чиқиш мумкин.

Қўмитага кўра, бу билан мамлакатга киритиладиган божсиз товарлар нормаси халқаро стандартга яқинлаштирилмоқда ҳамда миллий ишлаб чиқарувчилар ҳимоя қилинмоқда.

Шанхай орзуси: Камбағалликка қарши хитойча кураш
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:40:28 0:00


Расмий баёнотда мисол тариқасида Европа иттифоқида авиайўллар орқали - 480 АҚШ доллари; авто, пиёда ёки темир йўл орқали - 330 АҚШ доллари, Туркияда эса исталган йўл билан - 480, Хитойда эса - 722 АҚШ долларигача товарни божсиз олиб кириш мумкинлиги келтирилган.

Янги тартибга асос сифатида жисмоний шахсларнинг юқори нормадан тижорат мақсадида фойдаланиши кўлами сезиларли равишда ошгани таъкидланган.

“Жаҳон иқтисодиётидаги кескин ўзгаришлар, ташқи хатарлар ва глобал рақобат шароитида миллий ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш, ички бозорда адолатли рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрель куни “Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 244-сон қарори қабул қилинди”, дейилади Божхона қўмитаси баёнотида.

Баёнотда шу кунда халқаро бозорлардаги вазиятга “иқтисодий тебранишларнинг соҳа ва тармоқларга жиддий таъсири сезилмоқда”, деб баҳо берилган. Турли тариф ва чекловлар барча давлатлар қатори Ўзбекистонга ҳам занжирли таъсир кўрсатиши таъкидланган.

Божхона қўмитаси президент Шавкат Мирзиёев 18 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида тилга олган рақамларни келтирган.

Олдинроқ президент Мирзиёев дунёда юз бераётган иқтисодий ва савдо чекловларининг Ўзбекистонга таъсирини юмшатиш чоралари ҳақида гапирганди.

Бундай чоралар сирасида четдан олиб келинаётган маҳсулотларнинг божхона қийматини аниқлаш тартибини халқаро қоидаларга мослаштириш, жумладан 86 та товар гуруҳига кирувчи хомашё ва ижтимоий аҳамияти юқори маҳсулотларга нисбатан экспорт божлари жорий қилиниши тилга олинган эди.

19 апрель куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Қарорда мамлакатдан божсиз олиб чиқиш мумкин бўлган алоҳида товарлар ҳажмига ҳам чекловлар ҳам белгиланган. Масалан, шакар ва ўсимлик ёғини 2 килограмгача божсиз олиб чиқиш мумкин, ортиғига бож тўланади:

  • Гуруч - 3 килограм
  • Нон-булка маҳсулотлари - 5 килограм
  • Гўшт ва гўшт озиқ-овқат маҳсулотлари - 2 килограм
  • Шакар - 2 килограм
  • Ўсимлик ёғи - 2 килограм
  • Янги узилган мева-сабзавот, узум, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар
    ҳамда қуритилган сабзавот ва мевалар - 40 килограмгача.

Ҳукумат бу қарорини Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш саъй-ҳаракатлари билан изоҳлаган.

Айни пайтда АҚШ президенти Дональд Трамп эълон қилган тарифлар билан халқаро бозорларда вазият бутунлай ўзгариб кетди.

Президент Трамп шу йил апрель ойи бошидан жорий этган тарифларини АҚШда ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида қилаётганини айтган.

Аммо экспертлар ҳар гал ҳукуматлар протекционизм, яъни божларни ошириш сиёсатига қўл урганида, бунинг ҳам ички, ҳам ташқи ишлаб чиқарувчилар учун салбий оқибатлари кўпроқ бўлишидан огоҳлантирадилар.

Айниқса, савдо-иқтисод занжирлари бир давлат ёки бир минтақа эмас, глобал равишда тобора кучлироқ боғланиб бораётган бир пайтда.

Хитой ва “камбағалликка қарши кураш“. “Катта оға” тажрибаси ва Ўзбекистон
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:58 0:00

Экспертларга кўра, айнан ҳозир АҚШ каби катта иқтисодиётлар ва ҳатто, Ўзбекистон каби АҚШга нисбатан жуда кичик, аммо Марказий Осиё минтақасининг ривожланиш босқичидаги иқтисодиётлари ҳам хомашё, товар ва хизматларнинг маълум бир қисмини экспорт шаклида қабул қилиб олади.

Экспортга қўйилган ҳар қандай бож ёки чеклов, биринчи навбатда нархнинг ошиши, қолаверса ички ишлар чиқарувчи учун эркин бозор рақобатининг пасайиши - яъни, сифат учун стимулнинг сунъий равишда тушишига олиб келиши кузатилади.

Ўзбекистон ҳукумати бу шароитда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қувватлаш важидан яна протекционизм сиёсатини қўллашга уринмоқда.

Айни пайтда, Ўзбекистонда Хитой савдо дўконлари ва бозорлари бир-кетин кўпаймоқда. Хитой савдогарлари пештахталаридаги маҳсулот маҳаллий ишлаб чиқарувчиникидан бир неча баробар, айрим маҳсулот турларида бир неча ўн баробарга арзонлиги билан маҳаллий харидорларнинг кўнглиги олмоқда.

Жаҳон банки ҳисобича, жон бошига ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)ҳажми - 2800 АҚШ долларидан сал кўпроқни ташкил Ўзбекистонда Хитойнинг арзон дўконлари харидорларга ёққан бўлса-да, ишлаб чиқарувчиларни ваҳимага солаётгани кузатилмоқда.

Айрим иқтисодчилар аҳоли учун бож юкини ошириш қарорини - марҳум Ислом Каримов даврида соя иқтисодиётининг кучайишига олиб келган “10 долларлик” чекловга қиёсламоқда.

“Нима учун Дубай ё Истамбул аэропортларида фақат ўзбекистонликлар ўзлари билан бошқа йўловчиларни ҳам товар "ташмачилиги"га жалб қилишади? Бир ўйлаб кўринг. Биласизку сабабларини. Балки аждарҳо божлар мавжудлиги туфайлидир? Бир тўда "маҳаллийлаштирувчилар" ва маҳаллий "импортерлар" фойдасига киритилган аждарҳо божларни олиб ташланг. Ишонинг, ҳеч ким чегара ошиб телефон-у, кондиционер олгани қўшни давлатларга бормайди. Нормал давлатлардаги каби товарлар ўзаро рақобатлашувчи ва энг оптимал импорт каналлари орқали кириб келади, соғлом бозор пайдо бўлади. Истеъмолчи камбағаллашмайди”, деб ёзди иқтисодчи блогер Отабек Бакиров.

Бакировнинг фикрича, ташмачиликни тугатишнинг энг осон йўли "аждарҳо божлар"ни бекор қилиш.

"Йўқ, биз ҳақмиз деган позицияда маҳкам турилса, бу оқим барибир яна давом этаверади. Фақат контрабанда каналлари орқали. Кейин контрабандага қарши курашиш учун янги ва янги тақиқларни ўйлаб топишга тўғри келади. Ҳали худди эски замонларидек, Ўзбекистон чегараларида эмас, мамлакатимиз ичида, масалан яна Қамчиқ довонида божхона пости қад ростлайди".

Энергия тарифларининг ошиши ёхуд “шаффофлик йўқ тизим”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:45 0:00

Яна айрим таҳлилчилар, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан ўзи бекор қилган чекловни - бож имконидан тижорат мақсадида фойдаланаётган “ташмачиларни баҳона қилиб” яна тиклаши унинг ҳокимият учун оғир сиёсий оқибатларни ҳам олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Бу аввало яқин қўшнилар билан чегаралардаги аҳволнинг оғирлашиши, контрабандани ошириши, ички бозорда эса рақобатнинг йўқолиб, миллий маҳсулот ҳажми ва сифатининг тушишига олиб келиши мумкин. Бу эса охир-оқибатда Ўзбекистонни, худди Ислом Каримов давридаги каби, яна иқтисодий инқироз томон етаклаши мумкинлигидан хавотирлар билдирилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG