2 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп дунёдаги 185 давлатга нисбатан ўзаро божларни жорий қилди. Рўйхатга Марказий Осиёнинг барча давлатлари кирди. Энг катта божлар жавоб чораси сифатида Қозоғистонга нисбатан қўлланди — 27 фоиз. Бошқа минтақавий мамлакатлар учун АҚШ 10 фоизли тарифлар жорий қилмоқда. Нега?
АҚШ президенти Дональд Трамп 185 давлатга нисбатан ўзаро божларни жорий қилиш ҳақида эълон қилди. Бу АҚШ томонидан сўнгги ўн йилликларда қабул қилинган энг йирик божлар пакети бўлди. Асосий тариф 10% ни ташкил қилди, аммо 59 давлат учун у юқорироқ бўлди.
Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга нисбатан 10% миқдорида божлар жорий қилинди. Худди шундай божлар бу давлатларда ҳам АҚШга нисбатан жорий қилинган. Қозоғистондан олиб кириладиган товарларга 27% бож солинади. Бу АҚШдан келадиган товарларга Қозоғистонда 54% бож жорий қилинганига жавоб чорасидир.
«ЎН ЙИЛЛИКЛАР ДАВОМИДАГИ ТАЛОН-ТОРОЖ»
Оқ уйда божлар ҳақида эълон қилган Трамп бу кунни «Озодлик куни» деб атади ва тегишли фармонни имзолади. Президент баёнотига кўра, янги тарифлар «адолатли савдони тиклаш ва АҚШ иқтисодиётини «дўстлар ва душманлар томонидан ўн йиллар давомида амалга оширилган талон-торож»дан ҳимоя қилишга қаратилган.
Трамп ҳар бир давлат учун жорий қилинган тариф ставкалари кўрсатилган жадвални тақдим этди. Энг кам ставка 10% ни ташкил қилди, аммо айрим мамлакатлар учун тарифлар анча юқори бўлиб, АҚШ билан савдо муносабатларига қараб 50% ва ундан ҳам юқорига чиқди.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, божлар «ўзаро» ҳисобланади – яъни уларнинг миқдори бу давлатлар АҚШ товарларига қўллайдиган тарифлар ҳамда АҚШ ва унинг ҳамкорлари ўртасидаги савдо номутаносиблиги асосида аниқланган. Асосий ставкалар 5 апрелдан амалга кирди, юқорироқ «ўзаро» тарифлар эса 9 апрелдан кучга киради. Барча товарларга бож қўлланилмайди, айрим истиснолар мавжуд.
Энг юқори — 50% божлар Жанубий Африкадаги Лесото ҳамда Франция ҳудудлари Сен-Пьер ва Микелонга нисбатан жорий қилинди — улар АҚШ товарларига 99% бож солган. Хитойга нисбатан тариф 34% ни ташкил қилди, аммо молия вазири Скотт Бессент айтишича, бу 34% мавжуд тарифларга қўшилади ва умумий ставка 54% ни ташкил этади.
Ажабланарлиси шундаки, божлар жорий қилинган давлатлар рўйхатига Европа Иттифоқи аъзолари ҳам кирди, аммо айрим давлатлар — масалан, Россия ва Беларусь рўйхатда йўқ. Матбуот котиби Кэролайн Ливиттнинг таъкидлашича, Россия «бу рўйхатга кирмаган, чунки Украина уруши туфайли жорий қилинган санкциялар боис икки давлат ўртасидаги савдо деярли нолга тенглашган». АҚШ ва Россия ўртасидаги савдо ҳажми 2021 йилдаги тахминан 35 миллиард доллардан ўтган йили 3,5 миллиард долларгача камайган.
Журналистлар таъкидладики, АҚШ санкцияларига учраган Куба ва Шимолий Корея ўзаро тарифлар рўйхатига киритилмаган, аммо шундай санкцияларга дуч келаётган Эрон ва Сурияга нисбатан қўшимча 10% ва 40% божлар жорий қилинган.
МАРКАЗИЙ ОСИЁ — ТАРИФ УДАРИ ОСТИДА
Марказий Осиё давлатлари учун АҚШ асосий савдо ҳамкори эмас.
2024 йилда Қозоғистон экспортида АҚШ улуши 2,4% ни ташкил этди — 1,9 миллиард доллар. Асосан Қозоғистон АҚШга нефть, ферроқотишмалар ва металллар, жумладан уран, титан, кумуш экспорт қилади. Импортда АҚШ улуши 3,8% — 2,2 миллиард доллар. Қозоғистон асосан автомобиллар ва бошқа техника ҳамда унинг қисмларини харид қилади, масалан, двигателлар.
Ўзбекистон 2023 йилда АҚШдан 253 миллион долларлик товарлар сотиб олган, 564 миллион долларлик товар сотган. Импортда асосан автомобиллар ва транспорт воситалари, саноат товарлари устунлик қилади. Экспортда эса — олтин, кимёвий маҳсулотлар ва минерал ёқилғи.
Қирғизистон 2024 йилда АҚШга 6,2 миллион долларлик товар сотган. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2023 йилда асосий экспорт маҳсулотлари — тўқимачилик, ҳайвончилик маҳсулотлари ҳамда ускуналар ва механик қисмлар бўлган. АҚШдан Қирғизистон асосан транспорт воситалари, учиш аппаратлари ва жиҳозлар сотиб олади. Тожикистон 2024 йилда 15,3 миллион долларлик товар экспорт қилган, 54,7 миллион долларлик импорт қилган. Асосий товарлар — қуруқ мевалар, табиий шарбатлар, қимматбаҳо тошлар ва хомашё, жумладан АҚШ ҳарбий саноатида ишлатиладиган сурьма (метал, Менделеевнинг даврий жадвалидаги 51кимёвий элемент-таҳр.) Бошқа мамлакатларга жорий қилинган янги божлар тўғридан-тўғри Тожикистон экспортига таъсир қилмаслиги мумкин.
Минтақада давлатлари орасида ўзаро божларнинг жорий қилиниши энг кўп Қозоғистонга таъсир кўрсатиши мумкин. Иқтисодчи Арман Бейсембаевнинг фикрича, бу ҳам тўғридан-тўғри таъсир қилмайди.
– АҚШ бозоридаги савдо ҳажмимиз 2 миллиард — бу оз. Бу жуда муҳим эмас. Асосий савдо ҳамкоримиз — Европа бозори, биз барча даромадни ўша ерда топамиз. АҚШ — Қозоғистон иқтисодиётига инвестор, савдо ҳамкори эмас. Шунинг учун тўғридан-тўғри оқибатларини кутмаслик керак, – деди Бейсембаев.
Бироқ, иқтисодчининг таъкидлашича, билвосита оқибатлар бор. Трампнинг фармони жаҳон иқтисодиётини ларзага солди ва Қозоғистон иқтисодиёти боғлиқ бўлган нефть нархи пасая бошлади.
– Билвосита таъсир — инфляция. Нефть нархи, биринчи навбатда. Бизда Хитой – Европа – АҚШ учбурчаги бор, улар жаҳон иқтисодиётининг 60% ни ташкил этади. Божларни жорий этиш — бу солиқ жорий қилишга ўхшайди. Бу нархларни ошиши, инфляция. Савдо уруши иккинчи даражали оқибати – жаҳон савдосининг парчаланиши, логистика йўлларининг ўзгариши, савдо балансларининг қайта шаклланиши бўлади, – деб ҳисоблайди иқтисодчи.
Бейсембаевнинг таъкидлашича, Трампнинг талаби - АҚШ билан тенг ҳуқуқли савдо қилиш керак — «ё божларни туширасиз, ёки биз уларни кўтарамиз».
– Маълум бўлишича, бизда АҚШга нисбатан 54% бож бўлган, шундай экан, 27% — бу ҳали енгил. Бизнинг божимиз — тўсиқ бож. Агар бож орқали пул ишлаб топмоқчи бўлсангиз, бу бошқа гап, аммо бож орқали бозорда савдони ноқулай қилиш нияти бўлса — бу бутунлай бошқа. 54% — бу ақл бовар қилмас даража. Қолган Марказий Осиё давлатлари юмшоқроқ қилибди, шунинг учун уларга ҳам юмшоқроқ жавоб қайтарилган. Бизда кўплаб тарифлар шундай — тўсиқ характерида. Утильсбор ҳам шундай бож, – дейди у.
Қозоғистоннинг Савдо ва интеграция вазирлигининг билдиришича, жорий этилган божлар Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги савдога катта таъсир қилмайди, чунки АҚШга экспорт қилинадиган Қозоғистон маҳсулотларининг катта қисми янги тариф чораларига тушмайди. Вазирлик таъкидлашича, хом нефть, уран, ферроқотишмалар — Қозоғистоннинг АҚШга экспортнинг 92% ни ташкил қиладиган маҳсулотлар — АҚШда етишмовчилик бўлгани сабабли бождан озод этилган.
«Жорий этилган тариф чоралари АҚШга экспорт қилинадиган Қозоғистон маҳсулотларининг бор-йўғи 4,8% га таъсир қилади. Ҳукумат Қозоғистонга нисбатан қўшимча божларни қўлламаслик масаласини муҳокама қилиш учун АҚШ томони билан музокаралар ўтказишни бошлайди», — дейилади вазирлик баёнотида.
Тожикистонлик эксперт, исми сир сақланиши шарти билан берган интервьюсида, оқибатлар аввалги қарашлардан кўра мураккаброқ бўлиши мумкинлигини айтди.
– Энг биринчи навбатда шундай савол туғилади: ростдан ҳам бу чоралар АҚШ иқтисодиётига ёрдам берадими? Бир томондан, бу ички бозорни арзон импортдан ҳимоя қилиши мумкин, аммо иккинчи томондан, бу истеъмолчилар учун нархларнинг кўтарилишига олиб келади. Масалан, импорт автомобилларига 25% бож жорий қилиниши машиналар нархини оширади, бу эса талабни камайтиради ва автомобил ишлаб чиқарувчиларига зарба бўлади, – дейди у.
ЖАҲОН ЖАМОАТЧИЛИГИНИНГ РЕАКЦИЯСИ
Трампнинг тарифларига биринчилардан бўлиб Хитой ва Европа жавоб қайтарди. Хитой Савдо вазирлиги божларни жорий қилишни «қўрқитиш» деб атаган баёнот эълон қилди.
«Хитой бу чораларга қатъий қарши ва ўзининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қатъий жавоб чораларини кўради», — дейилади Хитой вазирлиги баёнотида.
Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ЕИ «манфаатларини ҳимоя қилиш учун қўшимча жавоб чораларини тайёрламоқда», деб эълон қилди.
«Биз аллақачон пўлатга нисбатан жорий қилинган божларга жавоб чораларининг биринчи пакетини якунлаш арафасида турибмиз. Ҳозир эса янги жавоб чораларини тайёрлаяпмиз. Агар музокаралар муваффақиятли якун топмаса, бизнинг манфаатлар ва бизнесимизни ҳимоя қилиш учун янги чоралар кўрилади», – деди фон дер Ляйен.
АҚШнинг савдо ҳамкорлари аллақачон жавоб чораларини кўра бошлади. Канада ва Мексика ўз товарларига нисбатан АҚШга жавоб божлари жорий қилди. Бу эса савдо муносабатларидаги тарангликни кучайтириб, глобал савдо можаросининг кучайишига олиб келиши мумкин.
Форум