Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:35

"Муаммо газга бой Ўзбекистоннинг ўзида". Эксперт Россияга қарамлик ва Кремлнинг босими ҳақида


Президентлар Тоқаев, Путин ва Мирзиёев Россия газининг Ўзбекистонга экспорти бошланишига бағишланган маросимда - Москва, 7 октябрь, 2023 йил.
Президентлар Тоқаев, Путин ва Мирзиёев Россия газининг Ўзбекистонга экспорти бошланишига бағишланган маросимда - Москва, 7 октябрь, 2023 йил.

Ўзбекистон энергетика вазирлиги “Газпром” билан газ сотиб олиш бўйича яна 15 йиллик келишувга эришганини маълум қилди. Янги қувур қурилишини назарда тутувчи ушбу келишув Қозоғистонни ҳам ўз ичига олади.

Шу йилнинг октябридан Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш бошланганидан икки ой ўтиб, келишув тафсилотлари ҳамон сирлигича қолмоқда.

Ҳозирда қарийб 2 триллион куб метр заҳираси борлиги айтилган ва ўзи ҳам газ қазиб олаётган Ўзбекистон ҳукумати, Россиядан “тижорий асосда” сотиб олинаётгани урғуланган газнинг нархини очиқламаяпти.

Шу тариқа ёпиқ келишувлар асосида, тизгини Кремлда бўлган “Газпром” Ўзбекистон ва Қозоғистонни янги газ келишуви билан 15 йилга ўзига боғлади.

Марказий Осиёда энергетик хавфсизлик бўйича эксперт, БМТнинг Европа иқтисодиёти бўйича комиссияси маслаҳатлашув кенгаши аъзоси Жон Робертс билан ушбу вазият ҳақида гаплашдик.

Озодлик: Туркманистон минтақада Хитойга энг кўп газ экспорт қилаётган мамлакат. Бу йил бошидан бери 7,41 миллиард АҚШ доллари қийматидаги газни Хитойга узатган.

Ўзбекистон эса аксинча, табиий газ экспортини камайтиряпти, йил бошидан бери 412 миллион долларлик газ сотган. Бу ўтган йилгидан 2 баробарга кам. Келинг, дастлаб Хитой-Туркманистон газ битимига тўхталсак. Йилига қанча туркман гази Хитойга сотилмоқда ва нархи қанча?

Жон Робертс: Хитой Туркманистоннинг ҳозирда энг асосий савдо шериги ҳисобланади. Туркманистон йилига Хитойга 30 млрд куб метр газ экспорт қилади, бу жуда катта ҳажм. Бироқ бу кутилган ҳажмдан ҳануз кам. Икки давлат 12 йилдан ортиқроқ вақт аввал Туркманистон 2016 йилгача Хитойга йилига 40 млрд. метр куб газ етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган эди.

Амалда Хитойга бундан анча кам газ кетмоқда. Аслида бу жуда қизиқ, айниқса, Хитойнинг Туркманистонда газ ишлаб чиқаришда муҳим ролга эга эканини инобатга олсак. Зотан, Хитой сезиларли даражада катта миқдорда қарз бериш орқали Туркманистонни молиявий томондан ҳам қўллаб келади. Хулоса шуки, Хитой Туркманистонни ўзи учун бир захира сифатида ушлаб туришни хоҳлайди.

Айни пайтда, марказий ва шарқий Сибирдан газ етказиб бериш бўйича Россия билан ҳам музокараларни олиб боряпти. Бу билан Хитой, Туркманистон газидан кўра арзонроқ нархда газ сотиб олиш имконини қўлга киритишга умид қиляпти.

Озодлик: Ўзбекистон эса, октябрь ойидан бошлаб Россиядан газ сотиб олишни бошлади. Исмини ошкор қилмаётган расмийларга кўра, Россиянинг “Газпром” ширкати аслида Ўзбекистонга гўёки туркман газини сотмоқда. Шундай бўлиши мумкин, сизнингча?

Жон Робертс: Ҳа, афтидан шундай бўлиши мумкин. Бу ерда муаммо минтақавий дипломатиянинг муваффақиятсизлигида, деб ўйлайман. Мантиқан олиб қараганда, Туркманистон тўғридан-тўғри Ўзбекистон ва Қозоғистон жанубига, ўзаро маҳаллий келишувлар асосида газ етказиб бериши мумкин.

Яъни, Туркманистон ўзининг экспортга узатилаётган газини минтақа билан бўлишиши мумкин. Бунда “Газпром”нинг даллоллигига ҳеч қандай зарурат йўқ, шунингдек, туркман газининг “Газпром” тармоқлари орқали Россияга бориб, кейин Ўзбекистонга қайтиши ҳам мантиқсиз. Туркманистондан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри, бир чегарадан ўтадиган газ савдоси - энг мантиқий йўналишдир.

Кремль чангалидаги ўзбек гази
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:19:16 0:00

Озодлик: Унда нега бундай бўлмаяпти? Ўзбекистон нега “Газпром” дан оладиган табиий газни ҳам Туркманистондан тўғридан-тўғри импорт қилмаяпти?

Жон Робертс: Менимча, буларнинг барчаси Россиянинг Туркманистонга босими билан боғлиқ. Ҳозир руслар Эрон бўйлаб ўтиши мумкин бўлган газ тизимини ишлаб чиқиш истиқболи ҳақида гапиришяпти. Бу тизим жанубга газ узатиш имконини бериши ва ҳатто, Форс кўрфазида суюлтирилган табиий газ (LNG) ишлаб чиқариш имкониятларини бериши лозим.

Бундан кўзланган мақсад Туркманистонни кўпроқ ўзига боғлашдан бошқа нарса эмас. Зеро, Туркманистон қуруқликдаги энг йирик газ конига эга. У хоҳлаган йўналишда, хоҳ жануб бўлсин, табиий газни экспорт қила олади. Туркманистон жойлашувидан келиб чиқиб, Афғонистон, Эрон, Хитойга қолаверса Озарбайжон, Туркия ҳамда Европага ҳам газ етказиб бера олади. Бироқ, туркманлар кўпроқ Россиянинг Жанубий минтақалар бўйича катта режаларини қабул қилишга мойилдек кўринмоқда.

Озодлик: Аниқлаштиришиб олиш учун яна бир савол бераман: Марказий Осиёдаги табиий газ узатиш тармоқлари техник жиҳатдан ҳам “Газпром” назоратидами ёки бу кўпроқ Кремлдан бўлаётган сиёсий назорат натижасими?

Жон Робертс: Иккаласи ҳам. Биринчидан, минтақадаги барча газ тармоқлари собиқ совет даврида қурилган ва иттифоқдан кейин “Газпром” қўлига ўтди. Бу қувурлар жанубдан шимолга, яъни Туркманистон, Ўзбекистон ва Туркманистондан Россияга уланган эди. Россия шу қувурлар орқали 1980-1990-2000 йилларда Европага табиий газ узатди.

Ҳозирга келиб Россия Европа бозоридан чиқиб кетганидан кейин, ўз газини сотиш учун бу қувурлардан тескари йўналишда - Россиядан минтақага газ узатишни кўзламоқда. Лекин Ўзбекистон кичик газ импортчиси, Туркманистон эса йирик экспортчи ҳисобланади. Бошқача айтганда, бу ўринда Марказий Осиёдан ташқарига газ экспорт қилиш режаси мантиқан тўғри бўлади ва бу борада мавжуд имкониятлар жуда чекланган.

Бу ўринда, эҳтимол, жуда катта харажат эвазига бир шаклда Ҳинд океанига газ экспорти тизимини яратиш ва шу билан LNG заводларини қуриш балки иш берадигандай туюлиши мумкиндир, ҳозир руслар айтаётгани каби. Лекин, мен шуни алоҳида урғуламоқчиманки, шу пайтгача бирор давлат хорижий давлатда LNG газ заводини қурмаган, зотан, табиий газ ўша давлатга импорт қилиниши керак. Аммо, бу амалда мумкин бўлган иш эмасдек кўринади ва мен бу лойиҳанинг тижорий фойда беришига ҳам жуда жиддий шубҳа қиламан.

Озодлик: Янги келишув ҳақида нима дейиш мумкин? Яқинда Ўзбекистон Энергетика вазири Москвага борди ва улар Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга яна 15 йил муддатга импорт қилишга келишиб олганини маълум қилди. Ушбу лойиҳанинг келажаги ҳақида қандай фикрдасиз?

Жон Робертс: Россия гази импорти ҳақида гапирсак, ҳа, бу Қозоғистон орқали ўтади - бу муаммо эмас. Бу ерда муаммо - Ўзбекистоннинг ички энергия балансида. Ўзбекистон ҳозир саноатлаштиришнинг юқори суръатларида, айни пайтда энергия истеъмолига эҳтиёж юқори ва табиий газ ресурслари чекланган шароитда.

Илгари захиралар кўп эди, аммо тобора камайиб бормоқда. Яъни, газ импорт қилиш истаги асосли. Лекин, сиз узоқ қўшнингиз Россиядан эмас, балки энг яқин қўшнингиз Туркманистондан газ олишингиз мантиқан тўғри бўларди. Бу ерда асосий савол шу: Россия қандай сиёсий босим ўтказдики, Ўзбекистон газни бир қадам қўшниси Туркманистондан эмас, балки Россиядан олмоқда?!

Озодлик: Яна бир муаммо, бу - газнинг нархи. Ўзбекистон Россиядан олинаётган газ нархи ҳақида ҳеч қандай маълумот эълон қилмади. Шунингдек, Туркманистон газини Россия ва Хитойга қанча нархда сотаётгани ҳақида ҳам ҳеч нарса билмаймиз. Сизда бу борада қандайдир маълумот борми?

Жон Робертс: Марказий Осиё орқали сотилаётган табиий газ газ нархи - муаммоли масала. Бу ўринда Хитойнинг импорт божхонасидан олиш мумкин бўлган баъзи реал рақамлар бор. Лекин, бу ўринда бизда йўк бўлган маълумот - айни пайтда Россиянинг Туркманистондан олаётган ёки Ўзбекистоннинг Россиядан олаётган газ учун тўланаётган нархдир.

Лекин, дипломатик манбалардан олинган миш-миш даражасидаги рақамлар бор ва улар бу икки нарх ўртасида сезиларли даражада фарқ борлигига ишорат қилади. Бу фарқ масаласи эса жуда жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Келинг, сизга бир мисол айтай: Озарбайжон Жанубий газ коридоридаги газ нархи ва Туркия орқали транзит бўйича иккита муҳим масаладаги музокарага икки йилдан ортиқ вақт сарфлади. Жуда қаттиқ музокаралар натижасида Озарбайжон Туркияга дастлаб табиий газни 100 доллардан сотди. Кейин эса, Туркия бу газни Грецияга 200 доллардан сотаётгани ошкор бўлди ва табиийки, Озарбайжон бундан норози бўлди. Ҳозир муаммо ҳал қилинган. Нархни тинч йўл билан келишиб олишди. Лекин, бу орада 2-3 йил вақт ўтди. Хўш, Ўзбекистон, Туркманистон ва Россия билан нима бўляпти?

Афтидан, ҳозир Россия ҳам газни жуда жиддий фарқ билан арзонга олиб, қимматга сотмоқда, худди Қозоғистон билан бўлгани каби. Россия Қозоғистоннинг “Қарачағанак” конидан газни олиб, Оренбургда қайта ишлаб, жуда қиммат нархда яна Қозоғистонга қайтариб сотди. Ҳозир ҳам сотяпти. Шуни инобатга олган ҳолда, мен ҳозирги вазиятда “Газпром” олиб-бераётган газ нархида кутилмаган фарқ бўлиши мумкинлигини тушунаман. Шу боис, мен ҳозир Ўзбекистон газни имкон қадар арзон нархда тўғридан-тўғри Туркманистондан импорт қилиш орқали муаммони ҳал қилиш керак деган бўлардим.

Озодлик: Айтайлик, Ўзбекистон, эҳтиёжи учун зарур газнинг ҳаммасини Туркманистондан тўғридан-тўғри сотиб олишга бир шаклда қарор қилса, туркман газини Ўзбекистонга етказиб бериш учун логистика тизими етарлими?

Жон Робертс: Албатта. Зотан, ҳозир Россиядан мамлакатга келаётган газ охир-оқибатда, катта эҳтимол билан Туркманистондан Ўзбекистон орқали ўтаётган ва шу ерда қайта сотилаётган газ бўлиб чиқяпти. Яъни, аслида туркман гази Ўзбекистон ёки Қозоғистон орқали Россияга узатилади. Умуман олганда, Марказий Осиёдан Россияга газ узатишда фойдаланилаётган эски газ қувурларида имкониятлар етарли, яъни асосий тизим мавжуд.

Озодлик: Сўнгги савол, вақтимиз тугаб боряпти. Ҳозир қиш. Барча газ тармоқлари “Газпром” орқали Кремл иродасига боғланган бугунги вазиятда Марказий Осиёда эҳтимолий инқирозга ҳозир туриши керакми?

Жон Робертс: Мен бундай деб ўйламайман. Бунга газ нуқтаи назаридан қараш керак. Руслар Европа бозоридаги жуда катта ўрнини йўқотди, катта миқдордаги пул кирими тўхтади. Шунинг учун улар Марказий Осиёда янги харидорлар орттиришга ҳаракат қилмоқда, зотан Путин яқинда Қозоғистонда бўлди, минтақа билан алоқаларини яхшилашга уриняпти.

Яъни, бу ўринда газ шартномалари хавфсизлигига путур етказадиган ҳар қандай таҳдид уларнинг манфаатига зид бўлади ва ишончим комил, улар буни жуда яхши тушуниб турибди. Шунинг учун, мен “Газпром”нинг бирор ноўрин ҳаракат қилишини эҳтимолдан йироқ деган бўлардим, зотан уларнинг шароитида бундай ишни қилишнинг уларга фойдаси йўқ, деган бўлардим.

Форум

XS
SM
MD
LG