Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:40

Олмалиқда уч нафар ҳинд ишчиси ўлди. Уларни ёллаган Enter Engineering нимаси билан ном чиқарган?


 ОКМК 3-сонли мисни бойитиш фабрикаси қурилиш майдончаси, 28 январь, 2023
ОКМК 3-сонли мисни бойитиш фабрикаси қурилиш майдончаси, 28 январь, 2023

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида Enter Engineering ширкати ишчиларини том босиб қолди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган маълумотга кўра, кўп қор ёғиши ва қаттиқ шамол туфайли Олмалиқ кон-металлургия комбинатидаги 3-сонли мисни бойитиш фабрикаси қурилиш майдончасида вақтинчалик қурилма қулаган.

Бу цехда асосан, ҳиндистонлик ишчилар бўлган ва ҳодиса оқибатида улардан 29 нафари жароҳатланган. 3 нафари ҳодиса жойида вафот этган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари бошланган:

“Айни вақтда содир бўлган ҳодиса сабаблари ва оқибатларини жойида ўрганиш, зудлик билан бартараф этиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида масъул ташкилотлар иштирокида ишчи гуруҳи тузилган”.

Ўзбекистонда сўнгги икки кундан буён тинимсиз қор ёғмоқда, тоғли ёки тоққа туташ ҳудудларни қалин бор босган.

Хусусан, 20 февраль куни эрталаб Олмалиқ шаҳридаги “Қўқон бозори”да ҳам савдо навеси қулаши юз берди, жабрланганлар йўқ.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ишлайдиган ишчилардан бирига кўра, кечаси билан ёққан қор фабрикадаги металлдан қурилган вақтинчалик айвон томини синдириб юборган.

Ўша кезда ишчилар тонгги мажлисга йиғилгани боис, кўпчилик жароҳатланган.

“У навесни ҳиндларнинг ўзи қурган экан. Ишчилар суғурта қилинган экан, жароҳатланган ва ўлганга товон пули берилади, дейишяпти”, деди исмини ошкор қилишни истамаган ишчи.

Enter Engineering ишчилари иш ташлаш билан таҳдид қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:31 0:00


Аслида Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳудудидаги 3-мисни бойитиш фабрикаси қурилишда рўй берган илк бахтсиз ҳодиса эмас. Озодликка Enter Engineering ширкати ишчиларидан муттасил шикоятлар келади.

Шикоятларга қараганда, ушбу ширкат қурилиш майдончаларида ҳам ширкат, ҳам ишчилар томонидан хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаслик билан боғлиқ ҳолатлар кўп.

Бир тарафдан, қурилиш ҳудудидаги вақтинчалик мосламалар ва металл конструкциялар мустаҳкам қурилмайди. Иккинчи тарафдан, ишчилар ҳам етарли даражада ҳимояланмаган. Энг кўп тилга олинадиган шикоят эса ишчиларга уч-тўрт ойдан бери ойлик маошнинг берилмаётганидир.

Enter Engineering ширкати Олмалиқ комбинати таркибидаги 3-мисни бойитиш фабрикасини Россиянинг «Уралмашзавод» ширкати билан биргаликда қурмоқда.

Фабрика қурилиши 2 миллиард долларга баҳоланган. Бу фабрикада Олмалиқдаги “Ёшлик-1” конидан қазиб олинадиган мисни қайта ишлаш режаланмоқда. Бу конда 45 миллион тонна мис, 5 минг тонна олтин захираси борлиги тасдиқлангани айтилган.

Бу фабрика президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилдаги қарори билан билан қуриляпти.

Қарорга биноан, 2020−2025 йилларда “Ёшлик-I” конида очиқ карьер ва йилига 60 млн. тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга мисни бойитиш фабрикаси қурилиши режаланган.

Ўз вақтида ўша пайтдаги ОКМК бошқарув раиси ўринбосари Абдулла Азизов: “Кондаги руда таркибида 3,37% мис бор. Имкониятимиз Чилидан ҳам яхши”, деган эди.

Расмийлар бу муассасани 60 миллион тонна мис рудасини бойитадиган МДҲ ҳудудидаги илк энг йирик фабрика, деб атамоқда.

Бу қурилиш режаси аввалига хорижлик сармоядорлар қўлида сансалор бўлди. Лойиҳа аввалига турк ширкатлари, кейин рус ширкатларига берилиши айтилди.

Жумладан, 2021 йил бошида туркиялик инвесторлар Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатига 4,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритиши айтилганди.

Бу ҳақда турк ишбилармонлари билан мулоқот қилган президент Шавкат Мирзиёев баёнот берган.

Аммо, 2021 йилнинг ёзига келиб мис фабрикасини қуриш лойиҳаси Enter Engineering ва Россиянинг «Уралмашзавод» ҳамкорлигига берилди.

2021 йилнинг декабрида Россиянинг Ташқи иқтисодий банки бу комбинатни қуриш учун имтиёзли шартлар асосида 712 млн евро, тақрибан 824,3 млн доллар миқдорида кредит бериши маълум қилинган.

Аммо, Россиянинг Украинага босқини бошлангач, йирик рус ширкатлари Ғарб санкцияларига тушди ва уларнинг аксари мудофаа саноатига йўналтирилди. Россиянинг Ташқи иқтисодий банки эса санкцияга учради.

“Ёшлик-1” кони 11 минг гектар майдонни эгаллайди. Конда олтин, мис, кумуш, молибден каби 13 турдаги қимматбаҳо ва нодир металлар мавжуд.

Дастлаб фабрикани 2023 йилгача қуриб битказиш режалангани айтилганди. Шу ой бошида ОКМКнинг ҳозирги раҳбари Абдулло Хурсанов президент фабрика қурилишини 1 мартгача тугатишни буюрганини маълум қилди.

36 мингдан ортиқ ишчиси бўлган “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” айни пайтда давлат бошқарувида.

Президентнинг 2020 йил 26 майдаги «Олмалиқ КМК» акциядорлик жамияти конлари негизида рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4731-сон қарори билан бу комбинат давлат бошқарувига қайтариб олинган.

Унгача Ўзбекистондаги энг йирик ишлаб чиқариш корхонасининг ишончли бошқаруви минтақада танилган олигархларга тегишли кўрилган хусусий ширкатларнинг қўлида эди.

Булардан энг сўнггиси асли ўзбекистонлик миллиардер Фаттоҳ Шодиевга тегишли экани айтилган SFI Management Group ширкатидир.

Бу ширкатдан ОКМКнинг ишончли бошқаруви олингач, унинг ўртадаги воситачи ширкатлар орқали Россиядаги яна бир йирик ўзбек олигархи Алишер Усмонов назоратига ўтгани ҳақида норасмий маълумотлар пайдо бўлган эди. Комбинат матбуот хизмати бу маълумотларни инкор қилган.

Enter Engineering Group - Ўзбекистонда нефть ва газ соҳасини назорат қилиш, хусусан ўзбек газини сув текинга Россияга сотишга масъул кўрилган. Ширкат Бахтиёр Фозиловга тегишли.

Фозилов Ўзбекистонда нефть ва газ соҳасидаги йирик лойиҳаларни қўлга олган ERIELL ширкатининг ҳам раҳбаридир.

Озодлик суриштируви, Ўзбекистоннинг йирик газ конларига эгалик қилаётган ERIELL унинг раҳбари Бахтиёр Фозилов воситачилигида Путинга яқин олигархларга боғланганини ўртага чиқарган.

2008 йилда Россияда фаолиятини бошлаган ERIELL гуруҳи акцияларини Газпромбанк сотиб олган, 2015 йил декабрида ERIELL бу акцияларининг бир қисмини қайта сотиб олган. Гуруҳ акцияларининг 39.6 фоизи, очиқ маълумотларга кўра, ҳамон Газпромбанкка тегишли.

Россиянинг Украинага босқини ортидан жорий қилинган Ғарб санкцияларидан сўнг, Фозилов ERIELL ширкати Россиядан чиқиб кетди.

Россиянинг нефть-газ соҳасидаги йирик ахборот портали - ROGTEC хабарига кўра, 2023 йилнинг августида ERIELL ширкатининг Россиядаги бўлинмаси MetallStroyService ширкатига сотилган.

Нашр битимнинг президент Путин рухсати билан амалга оширилганини таъкидлаган.

Аммо ширкат, кейинги йилларда Ўзбекистон нефть ва газ соҳасидаги йирик лойиҳаларни қўлга олаëтгани айтилади.

ОКМК - йиллик мис ишлаб чиқариш ҳажми бўйича МДҲда учинчи ўринда туради - 148 минг тонна мис қазиб олинади. Биринчи ўринда Россия - 973 минг тонна, иккинчиси эса Қозоғистон - 500 минг тонна.

Комбинат сайтида келтирилишича, ҳозирги кунда ОКМК ташқи сотувининг асосий бозори Туркия бўлиб, у ерга товарларнинг 60−70 фоизи етказиб берилади.

Кейинги ўринларда Хитой, МДҲ ва Шарқий Европа давлатлари туради. Бундан ташқари, ўзбек мисини Қатар, Австралия, Индонезия, Польшага экспорт қилиш йўлга қўйилгани, БААга етказиб беришга тайёргарлик кўрилаётгани, Шимолий Америкадаги бозорлар ўрганилгани айтилган.

Форум

XS
SM
MD
LG