Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:11

Сурхондарёда келин уй талашиб, қайнонасини ёқиб юборди


Озодлик архивидан олинган бу суратнинг Термизда юз берган воқеага алоқаси йўқ.
Озодлик архивидан олинган бу суратнинг Термизда юз берган воқеага алоқаси йўқ.

Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида уч фарзанднинг онаси қайноанаси билан уй-жой устида талашиб, уйига ўт қўйиши оқибатида 72 ёшли қайнона ўтда ёниб ҳалок бўлди, 9 яшар ўғил куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилди. 14 август куни содир бўлган бу воқеа Озодликка бугун маълум бўлди. Термиз прокуратураси Жиноят кодексининг 97-моддаси "Қасддан ўт қўйиш ва одам ўлдириш" банди бўйича иш очиб, ҳодисани тергов қилмоқда.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, Термиздаги Ҳаитовлар оиласидаги келин ва қайнона ўртасидаги жанжал етти йилдан буён давом этиб келган ва 14 август куни фожиали якун топган.

Шу кунги ҳодиса ҳақида хонадон қўшниларидан бири Озодликка гапириб берди.

- Уч фарзанди бор келин қайнонаси билан яшар эди. Эр ўн йилдан бери Россияда. Қайнона менга боқиманда келин керак эмас, деб уни фарзандари билан уйдан ҳайдамоқчи бўлган. Келин уй меники, керак бўлса ёқиб юбораман, деб бензин канистрни кўтариб келиб, уйга ўт қўйиб юборади. Оқибатда кекса қайнона ҳалок бўлди, иккинчи синфда ўқийдиган ўғли етмиш фоизи куйган ҳолда касалхонага ётқизилди, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган термизлик аёл.

Сурхондарё вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг масъул ходими Термизнинг Т. Мирзаев кўчасидаги хонадонда рўй берган ёнғин оқибатида 72 ёшли Давронгул Бойқулова исмли аёл ҳалок бўлгани ва 10 ёшли бола куйиш жароҳати билан оғир аҳволда касалхонага ётқизилганини тасдиқлади.

- Бу бўйича тергов ишлари олиб бориляпти. Жиноят кодексининг 97-моддаси - қасддан ўт қўйиш ва одам ўлдириш банди бўйича иш очилган. Келин жиноятда асосий гумонланувчи сифатида кўрилмоқда. Чунки, суриштирув давомида воқеага гувоҳ бўлган қариндошлари уйга айнан келин ўт қўйганини айтишди. Уй ёниб кетган, кекса аёл ўтни ичда қолиб ўлган, - деди ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг масъул ходими.

Термиз шаҳар касалхонаси врачлари ёнғинда жабр кўрган 10 ёшли Расул Ҳаитов танасининг 70 фоизи куйган ҳолатда олиб келингани, аҳволи ниҳоятда оғир эканини айтишди.

- Ҳозир бемор реанимация бўлимида, аҳволи ўта оғир, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган шифокор.

Ўзбекистонда маиший муаммолар негизида содир бўлган бошқа шу каби фожеалар тўғрисида Озодлик бир неча бор хабар қилган.

Шу ой бошида Фарғонада 51 ёшли ота 27 ёшли ўз ўғлини, устига бензин қўйиб, ёқиб юборгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўтган йилнинг феврал ойида Бухорода 47 ёшли ўғил ўзаро жанжал пайти жаҳл устида ота-онаси устига бензин сепиб, ёқиб юборганди.

Хоразмнинг Урганч тумани Ғойбу қишлоғида эса 2016 йилнинг январида 30 ёшли аёл оилада етишмовчилик сабаб икки фарзандини пичоқлаган эди.

Оқибатда 7 ёшли қизи ҳаётдан кўз юмган, 10 ёшли ўғли оғир яраланганди.

Бундай воқеалар қўшни мамлакатларда ҳам қайд этилган ҳолатлар бор. Масалан, 23 август куни Қирғизистоннинг Ўш вилоятида 39 ёшли аёл оилавий жанжал сабаб 59 ёшли қайнонасини бўғизлагани ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG