Бухоронинг Когон туманида 26 нафар йўловчини олиб бораётган автобус портлаши оқибатида камида 5 киши ҳалок бўлди, 21 одам жароҳатланди. Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Озодликка билдиришича, мардикор ишчиларни Вобкент туманидан Қоровулбозор туманига маккажўхори теримига олиб кетаётган Isuzu автобуси “Когон-Қоровулбозор” йўналишининг 201 км.да ҳаракатланиб кетаётганида, автоулов газ балони портлаган. Автоҳалокат сабабларини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилган.
Бухоро-Қоровулбозор йўлининг Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида 18 сентябрь куни эрталаб соат 7:45да йўналишдаги Isuzu автобусда газ баллони портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси тарқатган маълумотга кўра, йўловчиларнинг 4 нафари ҳодиса жойида ва бир нафари шифохонада ҳалок бўлган.
"Қолган 21 нафар йўловчиларнинг 5 нафари оғир, 7 нафари ўрта оғир ҳамда 9 нафари енгил аҳволда, 5 нафар оғир беморлар Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига, қолганлари эса Когон шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам марказига ётқизилиб, уларга шифокорлар томонидан малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”, - дейилади Бош прокуратура хабарида.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 259-моддаси, 2-қисми “а”, “б” бандлари, Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши очган.
Шунингдек, “Zelich oil” метан газ қуйиш шаҳобчасида автомобилларга ёқилғи қуйиш нормаларига риоя қилиниши аҳволини ўрганиш борасида, мутахассислар жалб қилиниб, ўрганишлар олиб борилмоқда.
Автоҳалокат сабабларини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилган.
Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, автобус ичидаги йўловчилар маккажўхори сўтасини олиш учун Қоровулбозор туманига олиб кетилаётган мардикорлар бўлган.
"Қоровулбозор туманидаги “Раҳмон Аҳмад” фермер хўжалиги раиси Р.Ахмедов Вобкент тумани “Пушмон” МФЙ, “Хайрабодча” қишлоғида яшовчи Г.Розиқова томонидан 25 нафар фуқаролардан иборат қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш учун ташкил қилинган мавсумий мадад гуруҳи билан фермер хўжалигида экилган маккажўхори сўтасини олиш учун Вобкент туманидан Қоровулбозор туманига олиб кетаётган вақтда ушбу ҳодиса содир бўлган", - дейилади Бош прокуратуранинг расмий билдирувида.
Бу сўнгги бир ой ичидаги Озодлик хабар берган иккинчи автобус ҳалокатидир.
30 август куни Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида аксари аёллар ва ёш болалар бўлган 40 нафарга яқин мардикор ишчини мева теримига олиб бораётган автобус ҳалокатга учраши оқибатида камида 7 киши жароҳатланганди.