Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:11

Битирувчиларни ишга жойлаш ўқитувчилар ва ота-оналар зиммасига юкланмоқда


Ўзбекистондаги мактабларда ўқитувчилар ёшларнинг иш билан таъминлангани бўйича ҳужжат тўплашга жалб этилиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.
Ўзбекистондаги мактабларда ўқитувчилар ёшларнинг иш билан таъминлангани бўйича ҳужжат тўплашга жалб этилиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Ўзбекистоннинг айрим вилоятларидаги мактабларда ўқитувчилар битирувчиларнинг иш билан таъминлангани ҳақидаги ҳужжатларни тўплашга жалб этилмоқда.

Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги мактаб ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда ўзи ва бошқа ҳамкасблари битирувчиларнинг ишга жойлашганлиги ҳақидаги ҳужжатлардан ташқари, ишсиз ёшларнинг ота-оналаридан фарзандларини ишга жойлаш тўғрисида тилхатлар олишга ҳам кўрсатма олганини айтди.

“Туман ҳокими ва Халқ таълими бўлими тинчгина ишлашимизга қўймаяпти. Ўтган йили битирган мактаб ўқувчиларимизни иш билан таъминлаш ҳам бизга юклатилди. Биз уларни иш билан таъминлашга масъул эмасмизку”, - дейди исми очиқланмаслигини сўраган муаллим.

Бундан олдин Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидан мактаб ўқитувчилари ҳам айни масалада Озодликка мурожаат қилишганди.

“Битирувчилардан ишга жойлашгани ҳақида ҳужжатларни тўплаяпмиз. Жойлаша олмаганларига ҳар куни солиқ идорасида ўтириб, 10 минг сўмдан тўлов қилиб, ҳар бирига иш стажи очтиришга мажбур бўляпмиз. Чунки битирувчи ишсиз қолса, бизга гап тегади”, - деб ёзди тошлоқлик муаллим.

Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган мулозими ўқитувчилар бу ишга мажбурий жалб этилмаётганини таъкидлади.

“Ўқитувчилардан мактабни битирганлар нима иш билан банд, шуни аниқлаб бериш сўралган. Чунки улар ҳар бир битирувчини, оиласини яхши билади. Шунда ҳам мажбурий бўлаётгани йўқ бу. Иш билан таъминлаш масаласи билан улар шуғулланаётгани йўқ. Бандлик вазирлигининг зиммасида бу”, - деди ХТБ мулозими.

Ўзбекистондаги мактабларда ўқитувчилар ёшларнинг иш билан таъминлангани бўйича ҳужжат тўплашга жалб этилиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Ўқитувчиларнинг асосий иши қолиб, бандликка оид маълумот тўплаётгани ҳақида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакили эса Озодликнинг бу борадаги мурожаатини ўрганиб, жавоб беришини билдирди.

“Қаерда нима иш бўлса, мактабни чиқаришди”

Ўтган йили ҳукумат мажлисида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов халқ таълими тизими ходимлари йиллар давомида маҳаллий ҳокимликларнинг дастёрларига айланиб қолганини айтар экан, маҳаллий ҳокимлар ва раҳбарлар ўқитувчиларни мажбурлаб ишга чиқарадиган бўлса, улар нафақат ишдан олинади, балки тегишли чора кўрилади, деганди.

“Қаерда нима иш бўлса, мактабни чиқаришди, поликлиникани чиқаришди. Натижада буларнинг ҳаммаси таълим сифатига, соғлиқни сақлаш соҳасига салбий таъсир кўрсатди”, -деган Арипов.

Бош вазирнинг огоҳлантиришига қарамай жойларда ўқитувчилар сайлов билан боғлиқ ишлардан тортиб бандлик бўйича маълумот тўплаш сингари мажбурий меҳнатнинг янги ва янги турларига жалб этилаётганликларини айтишмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ўқитувчилар буйруқни ҳокимликдан олганликларини айтишди.

"Бу ерда ҳоким менман, менинг гапим гап, деб ўқитувчиларни мана шунақа ишларга жалб қилишади. Сайлов бир томонда, бунинг устига битирувчиларнинг уйларига бориб, маълумот тўплаяпмиз. Туманда юз фоиз ҳамма бола иш билан банд бўлиши шарт экан, - дейди Озодликка исми очиқланмаслигини сўраган ургутлик мактаб ўқитувчиси.

Озодлик билан суҳбатда бўлган айрим ота-оналар бу каби амал ўтган йили ҳам бўлгани, ўқишга киролмаган битирувчилар иш берувчидан ишга олингани ҳақида меҳнат дафтарчасига муҳр бостириб, кейин Россияга кетиб қолганликларини айтишади.

Ўтган йили Наманган ва Фарғона мактабларида йиғилишлар ўтказилиб, ота-оналардан "фарзандимни иш билан машғул қилишга кафолат бераман", деган мазмунда тилхатлар ёздириб олингани ҳақида Озодлик хабар берганди.

“Берадиган пули йўлкирага етмайди”

Ўзбекистонлик фаол Абдусалом Эргашев халқ таълими бўлимларини назорат қилувчи жойлардаги ҳокимликлар ёшлар бандлиги масаласида ўқитувчилар ҳамда ота-оналарга "нотўғри талаб қўяётгани"ни айтади.

“Бу йилдан шунчаки ишга жойланди, деган справка ўтмаяпти. Пенсия жамғармасида қайддан ўтиш ва меҳнат дафтарчаси очиш талаб қилиняпти. Болани ишга олган одам пенсия жамғармасига пул тушириб бериши керак. Шунинг учун ишга жойлаш қийин бўляпти, иш йўқ, ота-оналар қийналиб юришибди. Ойликлар жуда оз. Берадиган пули транспортга тўлаб, ишга бориб келишга етмайди.

Бу ерда аҳмоқгарчилик шундаки, ҳокимликдагилар статистикани тўлдириш билан овора. Мана шунча одамни иш билан таъминладик, деб ҳисобот беряпти. Қанча ойлик олади у бола, бу нарса йўқ. Иш билан таъминлашдан мақсад ҳам ёшларни моддий таъминлашку, ахир. Агар маоши транспортига етмаса, нима маъно бунақа бандликдан?

Халқ таълимига ҳам нотўғри талаблар қўйиляпти. Ахир улар бандлик учун масъул эмаску”, - дейди Абдусалом Эргашев.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, бу йил умумтаълим мактабларини 437 минг 761 нафар ўғил-қиз тамомлаган.

Шулардан 90 минг нафари олий ўқув юртларига, 80 минг мактаб битирувчиси касб-ҳунар коллежларига қабул қилинган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, шу йилнинг биринчи ярмида ишсизлик даражаси ўртача 9 фоизни ташкил этган.

Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан кўпроқни ташкил қилади. Бу аҳолининг қарийб 55 фоизи дегани.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил октябрь ойида ўтказилган ҳукумат мажлисида мамлакатда 18−30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз ёки 844 минг нафарни ташкил этишини айтган эди.

XS
SM
MD
LG