Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:24

Бухорода ўқитувчилар теримчи йиғишга сафарбар этилди


Суратнинг мақолада ёритилган ҳолатга алоқаси йўқ
Суратнинг мақолада ёритилган ҳолатга алоқаси йўқ

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида ўқитувчилар ҳокимнинг буйруғи билан уйма-уй юриб пахта теримига яроқли бўлган шахсларни рўйхатга олмоқда.

Қоракўл туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчи ўз касбий иши қолиб, уйма-уй юриб, пахта теримига одам йиғишга мажбурланаётганини айтди.

Муаллимга кўра, бу ишдан бош тортишга ҳаракат қилган ўқитувчилар ишдан ҳайдалиш, дарс соатларининг қирқилиши ва ё маошларининг бир қисми ушлаб қолиниши билан қўрқитилган.

Ўқитувчиларнинг бу жараёнга қайси асосда жалб этилгани ва бу кўриниш не қадар кенг тарқалганлиги борасида Бухоро вилоят ҳокимлиги ва Халқ таълими бўлими расмийларидан изоҳ олиб бўлмади.

Ишдан ҳайдалиш хавфи боис исмини очиқламаcликни сўраган бухоролик муаллимнинг Озодликка айтишича, ўзи ишлайдиган мактабдан 10 дан зиёд ўқитувчи 16 октябрдан 10 кунга уйма-уй юриб, аҳолини рўйхатга олиш ишига жалб этилган.

- Директоримиз ҳаммамизни чақиртириб, вилоят ҳокимлигида йиғилиш бўлгани, шу йиғилишда халқ таълими бошқармасига шундай топшириқ берилганини айтди. Шунга ўн ўқитувчи ўн кунга ишга борма шу ишни қиляпмиз, - дейди муаллим.

Анонимлик асосида Озодликка гапирган Бухоронинг Қоракўл туманидаги бошқа мактаб ўқитувчилари ҳам бу каби вазифа уларга юкланганини тасдиқладилар.

Қоракўллик мактаб ўқитувчиси бу ҳақда Озодликка шундай деди:

- Бухоро пахта теримида орқада қолаётган экан. Шунга 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ишсизларни рўйхатини тузяпмиз. Бизни мактабдан етти ўқитувчи чиққанмиз. Ҳар биримизга кўчалар бўлиб берилган. Тайёр бўш анкета бор, исми, паспорт рақами, ишлайдими йўқми, ногиронлиги борми йўқми, шуларни уйларга кириб тўлғиздирип юрипмиз, - дейди муаллим.

Ўқитувчилар уларга уйларга кириб тўлдириш учун берилган анкета нусхасини Озодликка тақдим қилишди.

Бухоро вилояти Қоракўл туманида аҳолини рўйхатга олиш анкетаси.
Бухоро вилояти Қоракўл туманида аҳолини рўйхатга олиш анкетаси.

Анкетада уни тўлдирувчи шахснинг исми-шарифи, манзили, туғилган жойи, паспорт ёки метрика рақами, рўйхатга олинганлиги, қаерда ишлаши, қаерда ўқиши, синфи, ногиронлигига оид маълумотлар сўралган.

Ўқитувчиларнинг бу жараёнга қайси асосда жалб этилгани ва бу кўриниш не қадар кенг тарқалганлиги борасида Бухоро вилоят ҳокимлиги ва Халқ таълими бўлими расмийларининг ҳам изоҳини олишга кун бўйи ҳаракат қилдик, лекин уринишларимиз ҳозирча бесамар бўлди.

Ўқитувчиларнинг ишсиз аҳоли рўйхатини тузишга ёки коммунал тўловларни ундиришга жалб этилиши Ўзбекистонда биринчи марта бўлаётгани йўқ.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 май куни қабул қилган қарорида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ходимларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилиши алоҳида қайд этилган.

Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Шавкатовна Мирзиёева шу йил 16 май куни Facebook саҳифасида қилган баёнотида ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишини "баркамол авлодни тарбиялашда энг кўп ташвишга солаётган беш муаммонинг бири" сифатида тилга олган эди.

Давлат мулозимлари¸ хусусан¸ ҳокимлар ҳам мажбурий меҳнат мавжудлигини бир овоздан рад этиб турган бир пайтда¸ ўқитувчи ва шифокорлар уларнинг касбий фаолиятига дахли бўлмаган ишларга мажбурланаётгани ҳақида Озодликка шикоятлар келишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG