Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:50

OzodDayjest: Ўзбекистонда аҳолининг 6,3 фоизи тўйиб овқатланмайди


Ўзбекистонда меҳмонлар учун тузалган дастурхон.
Ўзбекистонда меҳмонлар учун тузалган дастурхон.

Ўзбекистон аҳолисининг қанча қисми тўйиб овқатланмаётгани очиқланди. Ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатган шахслар жазо муқаррарлигидан огоҳлантирилди. Мутахассис болалар футболидаги энг катта иллатни айтди. Ортда қолган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Ўзбекистонда аҳоли тўйиб овқатланмаётганининг асосий сабаблари маълум қилинди

Ўзбекистонда аҳолининг 6,3 фоизи тўйиб овқатланмайди (“Маҳалла” газетаси, 4 декабрь).

“Бу рақам камми ёки кўп, бу ёғи иккинчи масала. Бироқ ҳақиқат шуки, бугунги аҳолининг аксарият қисмининг даромади яшаш шароитига мос келмайди”, деб ёзади газета.

Қайд этилишича, аҳоли сонининг ўсиши, ер, сув ва энергия ресурсларига бўлган талабнинг ортиши, шунингдек, иқлимнинг кескин ўзгариши озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга таъсир этмоқда. Боз устига, нарх-наво билан маош, пенсия ва стипендиялар ўртасида катта тафовут юзага келмоқда.

Мамлакат аҳолисининг қарийб 16,4 миллиони (49,4 фоизи) қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади. Қишлоқ ҳудудларида эса иш ўрни яратиш, корхоналар ташкил этиш, коммунал, ижтимоий инфратузилма, давлат хизматлари, шунингдек, транспорт ва ахборот-коммуникация алоқалари ҳамон қониқарсиз аҳволда.

“Сир эмас, бугун қишлоқ аҳолисининг аксарияти ишсиз. Қўлида ҳунари борлари мавсумий ишлар билан банд. Айримлари томорқачилик билан шуғулланмоқда. Бироқ қурилиш ишлари мавсумий, томорқачилик эса лотереядай гап. Беш бармоқ бир хил бўлмагани каби ҳунарсиз, томорқасиз, ишга лоёқатсизлари ҳам анчагина. Афсуски, бола пули, пенсия, 600-800 минг сўмлик ойликли ишлар эса аҳолининг тўйиб овқатланишини, фаровон турмуш кечиришини таъминлай олмаяпти”, деб ёзади нашр.

Таъкидланишича, мазкур муаммони ечиш учун аниқ режага асосланган иқтисодий лойиҳалар ва уларни амалга ошира оладиган салоҳиятга эга раҳбарлар, етук мутахассислар керак.

Мутахассис болалар футболидаги энг катта иллатни айтди

Футбол бўйича мураббий Ислом Исмоилов ўзбек болалар футболидаги камчиликларга эътибор қаратди (“Рост24”, 9 декабрь).

“Болалар футболидаги энг асосий хатомиз бу – ёш кичрайтириш. Тасаввур қилинг, 2006 йил туғилган бола ёшини кичрайтириб 2008 йил қилса, ўз-ўзидан шу йилда туғилган болалар ичида сўзсиз кучли бўлади. Ҳақиқатан 2008 йил туғилган бола ўз тенгқурлари ичида юқори маҳоратга эга кучли футболчи бўлса-да, ҳалиги ёшини кичрайтирган боланинг олдида йўқолиб қолади. Вақти келиб терма жамоага футболчи чақирилаётган даврда эътибор ёши кичрайтирилган футболчига қаратилади ва ҳақиқий ёшдаги иқтидорли футболчи четда қолиб кетиши мумкин”, дейди футбол мутахассиси.

Шунингдек, И.Исмоилов ёш иқтидорларни маҳорат мактабларига, академияларга саралаб олишдаги ноҳақликлар ҳақида ҳам гапирган.

“Селекция ишларида футбол маҳорат мактабларига кириш пулли деган гаплар қулоққа чалиниб қоляпти. Бизнинг ўзимизга ҳам кўп чиқишади, пул таклиф қилишади. Демак бу нарса борки, одамлар шу ишга қўл уради. “Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, иқтидорларни саралаб олиш жараёнларида юқоридаги нохуш ҳолатлар учраб туради”, дейди у.

Ички ишлар ходимларига жароҳат етказиш ҳолати йил сайин ортмоқда

Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев тизим ходимларига қаршилик кўрсатиш ҳолатлари ошаётганини маълум қилди (www.kun.uz, 5 декабрь).

“2019 йилда эса ички ишлар органлари ходимлари 163 маротаба қаршиликка учраган, шундан 84 таси профилактика инспекторларига нисбатан содир этилган. 2020 йилда бу кўрсаткич 186 тага чиқиб кетди, мазкур ҳолатлар туфайли 137 нафар профилактика инспектори ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари олишди. Уларнинг аксарияти ногирон бўлиб қолгани учун хизматни давом эттира олишмади. 2021 йилнинг 5 ойида ички ишлар ходимлари хизмат вазифасини бажариш чоғида 94 маротаба қаршиликка учраган бўлса, шундан 64 та ҳолат профилактика инспекторлари ҳиссасига тўғри келади”, дейди Б.Бердиалиев.

ИИВ мулозимининг таъкидлашича, ички ишлар ходимлари ҳам ҳокимият вакиллари ҳисобланади ва уларнинг фаолиятига қаршилик кўрсатган шахслар жазосиз қолмайди.

Қонунчиликка биноан, ҳокимият вакили, жумладан, ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатиб, оғир ва ўртача оғир шикаст етказган фуқаролар Жиноят кодексининг 219-моддаси билан жавобгарликка тортилади.

ИИВ вакили профилактика инспекторлари ўқитувчидан кўпроқ маош олишини ҳам очиқлаган.

“Битта нарсани нисбат қилиб олиш мумкин. Жамиятдаги энг оғир ва масъулиятли касб эгалари бу – ўқитувчилар. Профилактика инспекторлари ўқитувчидан бир ярим баробар кўп ойлик олади”, дейди у.

XS
SM
MD
LG