Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:53

OzodDayjest: Ҳокимликлар аксилкоррупция идорасини назар-писанд қилмаётгани айтилмоқда


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Дарахт экиш лойиҳаси кампаниябозликка айланиб кетаётганидан хавотир билдирилди. 28 миллиардга ҳайкал тиклаш ўрнига шифохона ёки мактаб қуриш таклиф этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Дарахт экиш лойиҳаси яна эски услуб – ҳисоботпарастлик тарзида амалга оширилмоқда

Ўзбекистонда бошланган дарахт экиш бўйича зарбдор 40 кунлик яна эски услубда, кампаниябозлик, ҳисоботпарастлик тарзида амалга оширилмоқда (“Маҳалла” газетаси, 6 ноябрь).

“Барча ҳокимлар ижтимоий тармоқларда ўзларининг дарахт экаётган расмларини кўз-кўз қилишга киришиб кетишган. Ҳар куни, ҳар соатда ОАВга фалон туманда 100 минг туп, бошқасида 90 минг туп, яна бирида эса 50 минг туп дарахт ва буталар экилгани тўғрисида маълумотлар эълон қилинмоқда. Бу ишлар, албатта, яхши. Аммо... Аммо, Президент сизларга нима деганди, жаноблар? Наҳотки, сиз шу ўтган уч-тўрт кун ичида ана шу топшириқларни бажариб бўлган бўлсангиз? Ажратилаётган пулларни ўз ўрнига тўғри йўналтириб, эгасини топиб, суғориш тизимлари масаласини ҳал этиб бўлдингизми? Яна қиш ойларида амал оладиган дарахтларни ажратиб, уларга мос келувчи ер участкаларини ҳам белгиладингизми? Бунга ишониш қийин”, деб ёзади газета.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев кўчат экишдаги камчиликларни танқид қилиб, ўтган йиллар давомида қоғозда экилган дарахтлар ҳисобланса, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги кераклигини айтган эди.

"Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш кўзда тутилган. 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича зарбдор 40 кунлик эълон қилинган.

Антикоррупция агентлигини ҳокимликлар писанд қилмаяпти


Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тендер қоидаларини қўпол равишда бузиб келмоқда. Коррупцияга қарши кураш агентлиги эса ушбу ёлғон тендерларни фош қилмоқда. Аммо шу вақтгача қоидабузарларга жиддий чора кўрилгани, мансабдорларнинг суд олдида жавоб бергани ҳақида маълумот берилмади (“Рост24”, 10 ноябрь).

Жорий йил август ойида агентлик 461,3 млрд сўмлик коррупцион ҳолат аниқлангани, уларнинг аксари тендер қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ эканини маълум қилган.

“Коррупцияга қарши кураш агентлиги ваколат доирасида аниқлаб тегишли органга маълумотларни тақдим этмоқда. Бироқ ҳокимликлар гўёки жазоловчи орган билан келишиб олгандек коррупцион ҳолатларни киприк қоқмай давом эттириб келмоқда. Энг қизиқарлиси, ҳокимларнинг ўзида ана шундай йирик миқдордаги маблағлар билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар кузатилса-да, Тошкент шаҳар ва барча вилоят ҳокимлари Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг раислари деб белгиланди”, деб ёзади “Рост24” нашри.

Телеграмдаги “Platforma.uz” канали ҳам аксилкоррупция идорасининг фаолияти суст эканига эътибор қаратган.

“Сўнгги ҳафта мобайнида блогерлар томонидан жамоат макони бўлган “Миллий боғ”нинг ими-жимида кимга, қандай шартлар асосида бериб юборилгани ёки “Халқ банки” раиси Шуҳрат Отабаевнинг миллиардлаб маблағ эвазига бошлаган қурилиши каби кўплаб коррупцион ҳолатлар ҳақида жиддий саволлар ўртага ташланди, асосли шубҳалар билдирилди. Бу саволлар жамоатчилик томонидан оғриқли қабул қилинди. Шундай пайтда номининг ўзи ҳам юракларга ғулғула соладиган агентлик нега саволларга ойдинлик киритмаяпти – шунисига ҳайронман”, деб ёзади “Platforma.uz” канали.

“Уйида чакса уни йўқ, том бошида қўш тандир” – ёзувчи Улуғбек Ҳамдам 28 млрд сўмли ҳайкал мажмуаси ҳақида

Таниқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдам “Facebook”даги саҳифаси орқали Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуасини қуришга 28,4 миллиард сўм ажратилгани тўғрисида тарқалган хабарлар юзасидан фикр билдирди (www.kun.uz, 8 ноябрь).

Ёзувчи “Уйида чакса уни йўқ, том бошида қўш тандир” мақолини мисол сифатида келтириб, амалдорлар шундан хулоса чиқариб иш кўрса, Ўзбекистон гулистонга айланиб кетишини ёзган.

“Ўзбекистонда Зулфия опа қисматини ёритиб бергувчи яхши бир фильм ишланди. Элнинг эътибори қаратилди, дуолар қилинди. Мамлакатнинг ҳозирги ҳолида бир инсон қисматига шу эътиборнинг ўзи жуда катта яхшилик! Бу ишнинг яхшилик эканини айтдик, мана, яна айтяпмиз. Тағин эътибор кўрсатмоқчи бўлсаларинг, отангизга боз раҳмат, деймиз. Лекин ҳар бир нарсанинг ўз ўрни, йўриғи, меъёри, усули бор ахир!” деб ёзади У.Ҳамдам.

Ёзувчи 28 миллиард сўмга ҳайкал тиклаш ўрнига аҳоли учун шифохона ёки мактаб қуриб, опанинг номи билан аташни таклиф этган.

“Яҳудийларнинг “Пул топишдан олдин уни сарфлашни ўрган!” деган бир мақоли бор. Биз топган ёки қарз олган пулимизни ҳашаму тўйга, ҳайкалу бетон биноларга сарфлаб, келажак деган дарахтнинг илдизига болта уряпмиз, ҳа! 100 йил бурун шуни айтиб, жадид боболаримиз куйиб-ёниб кетишганди. Ҳозирда халқимизнинг асосий қисми ўртачадан ҳам пастроқ, яъни уйида чакса унсиз ҳолда кун кўраётган бир пайтда битта ҳайкалга халқнинг пулидан шунча маблағ (28 миллиард сўм-а!) ажратиш томбошига қўштандир ўрнатиш деганидир”, дейди ёзувчи.

Тошкент вилояти ҳокимининг фармойишига кўра Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш учун 28,4 миллиард сўм ажратилган. Шунингдек, мазкур шаҳарда замонавий кутубхона биноси қурилишига 6 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Маълумот учун, Зулфия Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бешта ўғлини йўқотган она ҳисобланади. З.Зокирова тақдири акс этган “Илҳақ” фильми суратга олинган. Тошкентдаги Ғалаба боғида ҳайкали ўрнатилган.

XS
SM
MD
LG