Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:38

OzodDayjest: Қутуриш касаллиги сабаб Фарғонадаги маҳалла “хавфли ҳудуд” деб эълон қилинди


Қутуришга қарши вакцина.
Қутуришга қарши вакцина.

Бош прокуратура иш вақтида вафот этган ходими Самир Раҳмонов ҳақида Меҳнат вазирлиги ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармасига тегишли тартибда хабар бермаган. Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги Азимобод маҳалласидаги хонадонда боқилаётган сигирда қутуриш касаллиги аниқланди. Қашқадарёда 1998 йил “ўлган” фуқаро нотариус ва прокурорни обрўсизлантиришда айбланмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Бош прокуратура иш вақтида вафот этган ходими ҳақида тегишли идораларга хабар бермаган

Бош прокуратура иш вақтида вафот этган ходими Самир Раҳмонов ҳақида Меҳнат вазирлиги ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармасига тегишли тартибда хабар бермаган. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси маълум қилди (www.gazeta.uz, 10 ноябрь).

Бош прокуратура матбуот хизматининг 33 ёшли ходими Самир Раҳмонов шу йилнинг апрель ойида юрак хуружи сабаб вафот этган.

Давлат меҳнат инспекциясига кўра, ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш ҳукумат томонидан 1997 йилда тасдиқланган низомга мувофиқ амалга оширилади. Аммо Бош прокуратура бу борада низом талабини бажармаган – тиббий хулосага асосан тегишли идораларга ҳолат бўйича хабар бермаган.

Депутат Расул Кушербаевга кўра, марҳум С.Раҳмоновнинг отаси унга мурожаат қилиб, ўғли хизмат вазифасини бажараётган вақтда иш жойида вафот этгани, унинг оиласига қонунга асосан кафолатланган нафақа пуллари тўлаб берилмаётганини билдирган. Шу сабаб марҳумнинг отаси Бош прокуратура устидан судга мурожаат қилди. Бироқ ФИБ Миробод туман суди 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризасини рад қилди. Даъвогар эса судга апелляция шикоятини киритган.

Қутуриш касаллиги аниқлангани ортидан Фарғонадаги маҳаллада чеклов ўрнатилди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги Азимобод маҳалласидаги хонадонда боқилаётган сигирда қутуриш касаллиги аниқланди (“Ўзбекистон овози” газетаси, 10 ноябрь).

Вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази хулосаси ва ҳоким қарорига асосан мазкур маҳалла қутуриш касаллиги бўйича носоғлом пункт, хавфли ҳудуд деб эълон қилинди ва чеклов ўрнатилди.

Ҳоким қарорида қутуриш касаллигига мойил бўлган барча ҳайвонларни клиник кўрикдан ўтказиш ва дезинфекция қилиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, дайди, қаровсиз ит ва мушукларни тутишга ички ишлар ҳамда ободонлаштириш бошқармаси ходимлари жалб этилди.

“Қутуриш ўта хавфли юқумли касаллик бўлиб, асаб тизимининг зарарланиши билан кечади ва ўз вақтида тиббий профилактик эмлаш ишлари ўтказилмаса, ўлим билан тугайди. Вирус табиатда барча иссиққонли ҳайвонлар танасида яшайди ва соғлом организмга сўлак орқали тишлаганда ёки жароҳат сўлакланганда юқади. Касал ҳайвон билан мулоқатдан кейин биринчи тиббий ёрдам чоралари 100 фоиз ўтказилиши қутуриш касаллиги ҳолати келиб чиқишининг олдини олади. Касаллик бошлангандан кейин интенсив терапия ўтказилмаса, бемор 7-10 кунда вафот этади”, дейди Санитария эпидемиологик осойишталик ва аҳоли саломатлиги хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим мудири Албина Мусаева.

Қайд этилишича, ҳудудда қатъий тадбирлар давом этмоқда. Белгиланган 2 ойлик муддатда ҳудудда қутуриш билан боғлиқ бошқа ҳолат аниқланмаса, ноябрь ойи якунида чекловлар бекор қилиниб, маҳалла одатий ҳаёт тарзига қайтади.

Аввалроқ Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида қутурган итнинг тишлаши оқибатида икки киши вафот этгани хабар қилинган эди.

Қашқадарёда 1998 йил “ўлган” фуқаро нотариус ва прокурорни обрўсизлантиришда айбланмоқда

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида ҳужжатларда 1998 йил “ўлган” Анвар Жавҳаров нотариус ҳамда шаҳар прокурорини обрўсизлантириш, уларга туҳмат қилганликда айбланмоқда (www.daryo.uz, 11 ноябрь).

Судда таъкидланишича, ўзининг тириклигини исботлашга уриниб, “Менинг юртим” телеканалининг “Марказий студия” кўрсатувида чиқиш қилган Анвар Жавҳаров унинг ўлик экани ҳақида далолат берувчи сохта ҳужжатга асосланиб, уйини олди-сотди қилган нотариус Р.Ў.га нисбатан Қарши шаҳар прокурори А.Ҳ. ҳеч қандай чора кўрмаяпти, улар бир-бирига қуда деган маълумотни айтган. Бу эса бир-бирига қариндошчилиги бўлмаган нотариус ҳамда шаҳар прокурори шаънини топташ деб малакаланган.

Қарши шаҳар 2-сонли ИИБ тергов бўлими Анвар Жавҳаровни Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “г” бандига мувофиқ ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилишда айблаган. Жавҳаров судда буни тамоман рад қилган.

“Мен фақат ва фақат ўзимнинг тириклигимни исботлашга, ҳақ-ҳуқуқларимни поймол қилганларга чора кўрилишига уринганман”, дейди судда сўз олган фуқаро.

Маълум бўлишича, 1965 йил Қаршида туғилган Анвар Жавҳаров шаҳар мудофаа ишлари бўлимида юритилган ҳисоб карточкасида 1998 йил 23 июнь куни вафот этган дея ёзилган.

Бунга 2008 йил 30 июнь кундаги 751-кирим рақамли ҳужжат асос бўлган. Жавҳаровнинг айтишича, унинг ўлими ҳақидаги ҳужжат ва аёлининг сохта ишончнома тайёрлаши оқибатида кейинчалик у боридан айрилган.

“Турмуш ўртоғим Шаҳодат Шариповага берилган ишончнома сохта, ундаги имзо менга тегишли эмас. Менинг имзомни сохталаштиришдан мақсад уйимни сотиб юбориш бўлган ва бунга эришишган”, дейди у.

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди судьяси Ўктам Расулов раислигида ўтаётган маҳкама номаълум муддатга танаффус эълон қилган.

XS
SM
MD
LG