Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:26

"Муаммо тилшунос опада эмас" – тармоқлар русча сўкиниш ва ўзбек амалдоридан қўрқув ҳақида


Ўзбекистон Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси 2019 йилда Фарғона вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевга фуқароларга қўпол муомала қилгани учун "қатъий огоҳлантириш" берган эди.
Ўзбекистон Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси 2019 йилда Фарғона вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевга фуқароларга қўпол муомала қилгани учун "қатъий огоҳлантириш" берган эди.

Кўча лаҳжасида "кўп ва хўб" қўлланадиган “иди на **й” бирикмасини сўкиниш эмас, шунчаки танбеҳ маъносида қабул қилса бўладими? Айни кунларда ижтимоий тармоқларда шу савол қизғин муҳокама қилинмоқда.

Тармоқларда тарқалган хабарга кўра, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари телефон орқали мулоқотда қўл остидаги ходимлардан бирини “иди на **й” дея сўкади. Ўзини ҳақоратланган деб билган ходим раҳбари устидан судга ариза беради. Судья эса ушбу жумла юзасидан лингвистик экспертиза тайинлайди.

Маълум бўлишича, бу борада Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Бибиш Жўраевадан хулоса сўралган.

Тилшунос олиманинг иддаосига кўра, “иди на **й” лексик бирлиги фақат жамоат жойда қўллансагина шахснинг шаънини камситувчи, обрўсизлантирувчи сўз ҳисобланади, телефон сўзлашувида эса ҳақорат мазмунини англатмайди.

Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Бибиш Жўраева.
Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Бибиш Жўраева.

“Иди на **й” сўзи телефон орқали мулоқотда “Мен сени тинглашни хоҳламайман, менга сенинг гапларингнинг қизиғи йўқ” деган маънони қўпол тарзда баён қилишга хизмат қиляпти, холос. Ушбу ҳолатда “иди на **й” сўзи шахснинг шаъни, қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантирувчи ҳақорат сўз ҳисобланмайди”, дейилади Б.Жўраеванинг тармоқларда тарқалган хулосасида.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти ушбу баҳсли нуқтаи назарга аччиқ истеҳзо, заҳарханда пичинг ва енгил юмор руҳидаги постлар билан муносабат билдирди.

“Бибиш Жўраева – “идинакуй” сўзини қонунийлаштирган биринчи ўзбек профессори, филология фанлари доктори”, деб ёзди “Telegraf.uz” канали.

“Биз “послал на три буквы” дердик. Энди тўғри айта берсак бўлар экан-да!” деб ҳолатга муносабат билдирди қозоғистонлик иқтисодий таҳлилчи Сапарбай Жубаев.

Тошлоқликларни "ҳароми" деган сўконғич ҳоким раҳбарларнинг зўравонлигини изоҳлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:57 0:00

“Бу киши қарғиш маъносидаги сўзларни дуога айлантириб берармиканлар?!” дея киноя қилди Баҳромжон Тожибоев.

“Профессор, филология профессори! Ер шарини қандай тўхтатса бўлади, айтворинглар, тушиб қолай” дея эътирозини баён этди Нурилло Нуриддинов.

“Демак, (“иди на **й” бирикмасини) телевидение, илмий ва оммавий мунозараларга, президент ва парламент депутатлари нутқларига киритиш вақти келди”, дея луқма ташлади Буюк Британияда яшаб келаётган ўзбекистонлик эксперт Алишер Илҳомов.

Айрим фойдаланувчилар тилшунос олима ҳоким муовини босими сабабли виждон амрига қарши иш тутгани ҳақидаги тахминни илгари сурди.

“Қўрқувнинг кучини қаранг!” дея қисқа изоҳ қолдирди Шукрулло Акрамов.
Алишер Муҳсинов исмли фойдаланувчи эса Бухородаги можаро муносабати билан марҳум шоир Эркин Воҳидовнинг қуйидаги сатрларини ёдга олди:

Қўрқувнинг кўзи катта,
Юраги кичик бўлур.
Қўрқув зўр келган юртда
Арслонлар кучук бўлур.

“Профессор бир каттаконни ҳимоя қиламан деб ёш бола ҳам қилмайдиган ишни қилиб қўйди ва 36 миллион одамга кулги бўлди” деб ҳисоблайди ёзувчи Каримберди Тўрамурод.

“Опа бир умр мақол йиғиб топган обрўсини битта мақолга ўзи амал қилмай, бир кунда елга совурди: “Беткай кетар, бел қолар, Беклар кетар, эл қолар”. Опа элни эмас, бекни танлаб хато қилди. Бекни ҳимоя қиламан деб элнинг нафратига сазовор бўлди. Беклар, тўралар, ҳокимлар келиб-кетаверади, улар асло тобутимизни кўтармайдилар, тобутимизни кўтарса, шу эл кўтаради”, дейди адиб.

Алимқул Йўлдошев фикрича эса, “Муаммо тилшунос опада эмас, балки мустақил қарор қабул қилишга юраги дов бермаган судьяда, ваколатини суиистеъмол қилган сўконғич амалдорда”.

Бир гуруҳ фаоллар янглиш хулоса берган ҳимоясиз олимани “уркалтак” қилавермай, кўпроқ сўконғич мансабдорлар муаммосига эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаган.

Айни пайтда Xabar.uz нашрига берган изоҳида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Бибиш Жўраева ўзининг мутахассис сифатидаги хулосасини ҳимоя қилган.

"Ижтимоий тармоқлар орқали ноўрин қарашлар билан баҳс-мунозарага бориб, тилшуносларга нисбатан нотўғри «ҳукм» чиқариш яхши эмас. Аввало, интернет тармоқлари орқали шу сўзнинг қандай маънолар англатишини билиб олишса, тўғрироқ бўларди. Шундан сўнг билдирилган фикрга эътирозингиз бўлса, марҳамат!"—деб айтган Бибиш Жўраева.

Xabar.uz нинг ёзишича, олиманинг Бухородаги туман Ички ишлар бўлимининг жорий йил 4 февралдаги 25-13/3 343-сонли хатига жавобан берган хулосаси маҳаллий блогерлардан бирининг бошқа бир блогер томонидан ҳақоратланганини даъво қилиб вилоят бошқармасига берган ёзма аризасини кўриш чиқиш жараёнида олинган.

Маълумот ўрнида, рус тили луғатларида “иди на **й” бирикмасига ҳақорат, сўкиниш маъносини англатувчи, ненорматив лексика намунаси деб таъриф берилган. Жаҳон ҳуқуқ амалиётида сўкиниш – ҳақорат, безорилик, шахсни обрўсизлантириш деб малакаланади.

Форум

XS
SM
MD
LG