Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:12

Аҳмадбой пирамидаси: "Мени ушлаб кетишмади, мелисага ўзим бордим"


Отабек Мамирбеков
Отабек Мамирбеков

Чинозлик Аҳмадбой Турсунбоевнинг "молиявий пирамидаси"га аввал ўзининг, сўнгра таниш-билишларининг пулини олиб бориб берган ва эндиликда фирибгарликда айбланаётган тошкентлик Отабек Мамирбеков Озодликка мурожаат қилиб, маҳаллий Интернет нашрларида унинг шаънига "бўҳтон хабарлар" тарқалганини иддао қилди. Одамлардан пул ва машина олиб, ўз номидан Аҳмадбойга топширганини тан олган Отабек, ўзи ҳам бу молиявий ўйинлар қурбони бўлганини айтди.

Ўзбекистондаги маҳаллий Интернет нашрларида “бир йилда 53 машинани алдов йўли билан эгаларидан олиб, бошқаларга сотиб юборган қаллоб” қўлга олингани ҳақида хабар тарқалди.

Тошкент ИИББ сайтидан олинди. Отабек Мамирбеков
Тошкент ИИББ сайтидан олинди. Отабек Мамирбеков

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг бу хабарида тилга олинган тошкентлик Отабек Мамирбеков Озодликка мурожаат қилиб, у қўлга олинмаганини, балки чинозлик Аҳмад Турсунбоевнинг молиявий пирамидаси фош бўлганидан сўнг, унинг ўзи ички ишлар бўлимига бориб, ҳамма айбини тан олганини айтди:

- Бу ёлғон маълумот, ҳеч ким мени ушлаб келмаган. Аҳмадбой қамалганидан сўнг, ўзим борганман. Тўғри, мен айбимни юз фоиз тан оламан. Одамлардан машина ва пул олиб ўз номимдан Аҳмадбойга олиб бориб берганман ва бу одамларнинг пуллари менинг бўйнимда. Мен бундан тонмайман, дейди Отабек.

Отабекнинг айтишича, у Аҳмадбойга ўз ҳисобидан 140 минг АҚШ доллари ва 53 нафар одамдан 200 минг доллардан кўп қийматдаги пул ва автомобиль олиб бориб берган:

- Мен одамларнинг пулини еб юборганим йўқ. Терговда ҳам ҳужжатлар билан буни исботлаб бердим. Ҳаммасини Аҳмадбойга бериб, ҳужжатлаштирганман. Кимдир 3 минг, кимдир 4 минг доллар берган, кимдир машина берган. Ҳамма одамлар ўз ихтиёри билан менга олиб келиб берган. Бу одамлар танишларим, танишларимнинг танишлари, деди Отабек.

Аҳмадбой билан ҳеч қандай яқинлиги йўқлигини таъкидлаган Отабек, ўзи ҳам “бир-икки сўм ишлаб қолмоқчи” бўлганини тан олади:

- Аҳмадбой менга таниш ҳам эмас, қариндош ҳам эмас. Эл қатори борганман. Бир ҳафта кузатиб суриштирганман, ҳатто милиция ходимлари унинг ишхонасини қўриқлаб турганини кўриб, ишонганман. Аввал ўзимнинг пулимни бердим, кейин бошқалардан олиб бердим. Бу нафс экан, хато қилдим. 2016 йилда қилдим бу ишларни. Албатта, энди қаттиқ пушаймонман, дейди суҳбатдош.

Отабек агар қамалмаса, ишлаб, олган пул ва машиналарни ишлаб қайтариб беришга ваъда қилади:

- Одамларга вақт беринглар, мен ишлаб пулларингни қайтараман деяпман. Мени қаматгандан нима фойда? 2-3 йилда бўлса ҳам дўсту қариндошлар ёрдамида секин-секин узаман. Чунки ҳозир мендан чиқадиган бир сўм ҳам йўқ. Уй-жойимни сотдим, бор нарсамни сотдим, учта ёш бола билан ҳозир ижарада ўтирибман. Бир йилдан буён терговга қатнайман, лекин кимдир рози, кимдир қаматаман, даъвомдан кечмайман деяпти, деди Отабек.

Отабек Мамирбековга “Каптива” машинасини берган тошкентлик Шарофиддин ака уни қаматишдан наф йўқлигини, аксинча ишлатиб қарзларини тўлатиш кераклигини айтди:

- Мен машинамни ўз ихтиёрим билан берган эдим. Аллоҳ насиб қилса, ўша бола соғ-саломат юрса, ишлаб қайтариб беради. Бу боланинг айби шундаки, у тез бой бўлиб кетишни хоҳлади. Ишлаб беради, лекин бир умр қарз бўлиб қолдида, деди Шарофиддин ака.

Отабек Мамирбековнинг айтишича, у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси, 1-қисми - фирибгарлик, яъни ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритишда айбланмоқда.

Отабек Мамирбеков барча айбни тан олаётганини ва шунинг учун ҳам адвокат ёлламаганини айтади. У ҳозир шаҳардан ташқарига чиқмаслик шарти билан очиқда.

Отабек Мамирбеков ишини тергов қилаётган Сирғали тумани ИИБ тергов бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими телефон орқали бу ҳақда маълумот бермаслигини айтди.

2016 йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Аҳмадбой номи билан танилган чинозлик Аҳмад Турсунбоевни ҳибсга олган эди.

У Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш), шунингдек, 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бандлари бўйича айбланмоқда.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкентдан юборилган МХХ махсус гуруҳи Аҳмад Турсуновнинг хазиначиси бўлган Иззатнинг уйида текширув ўтказиб, тўрт метр чуқурликда махсус қурилган бункердан бир неча миллион долларлик нақд пул ва тилла-тақинчоқларни олиб кетгани ҳақида воқеа гувоҳлари Озодликка гапириб беришган эди.

Аҳмад Турсунбоев устидан суднинг қачон бошланиши Озодликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG