Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:01

“Аҳмадбой васвасаси”: Чиноз тумани прокурори ишдан бўшатилди


"Аҳмадбой" ижтимоий тармоқларда энг оммабоп мавзуга айланган
"Аҳмадбой" ижтимоий тармоқларда энг оммабоп мавзуга айланган

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоевнинг молиявий пирамида тузгани ва у бошқарган ширкат устидан текширув бошлаши ортидан Чиноз тумани прокурори Беҳзод Мирсоатов лавозимидан олинган.

Тошкент вилояти прокуратураси ходимларининг Озодликка маълум қилишларича, Беҳзод Мирсоатов 5 июль куни лавозимидан олинган ва унинг ўрнига Дамир Маҳмудов вақтинча прокурор вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Мирсоатовнинг нима учун лавозимидан олинганини прокуратура расмийлари изоҳлашмади.

Ўзбекистон прокуратурасидаги Озодлик манбаларига кўра, Мирсоатов прокуратура тизимидан бутунлай четлаштирилган.

Унинг ишдан бўшатилишига Аҳмадбой пирамидаси билан боғлиқ шубҳали фаолияти сабаб бўлгани ҳақида тахминлар илгари сурилмоқда.

- Ички ишлар, прокуратура, ҳокимиятдагилар, қолаверса, Тошкентдаги ҳукуматнинг юқори лавозимли амалдорлари Аҳмадбойни дастаклаб келган. Чиноз прокурори Беҳзод Юнусалиевични шунинг учун ишдан олишди. Чиноз суд департаменти бошлиғи Тўлқин акани ҳам "понижения" билан бўшатишди. Бу бўшатишлар Аҳмадбой иши сабаб бўляпти, энди навбат кимга? - дея савол беради Аҳмадбой пирамидасига яқин бўлган чинозликлардан бири.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон телевидениеси намоиш этган Аҳмадбой молиявий пирамидаси ҳақидаги кўрсатувда маҳаллий мансабдорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари фирибгарлик ва жиноий амалларга нафақат кўз юмиб келганликлари, балки Аҳмадбойга шериклик қилганликда ҳам айбланганди.

Тошкент шаҳри Чиноз туманида жойлашган "Чиноз ҳалол чорва" ҳамда "Чиноз авто ҳамкор" корхоналари таъсисчиси, Аҳмад Турсунбоев ва унинг ходимлари аҳолидан йилига камида 100 фоизлик дивиденд ваъдаси билан миллий ва чет эл валюталарини олиш билан шуғулланиб келган.

Ва шу билан бирга уларга пуллари қайтарилиши ҳақида ҳеч қандай кафолат бермаган.

15 июн куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари чинозлик 38 ёшли тадбиркор Аҳмад Турсунбоевни ҳибсга олди.

У Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш), шунингдек, 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бандлари бўйича айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG