Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:51

Андижонлик депутатлар ҳоким ва прокурордан ҳимоя қилишни сўраб Президентга мурожаат қилди


Андижонлик депутатнинг сессия пайтида тинтув қилиниши иддао қилинган сурат. Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевнинг телеграм каналидан олинди.
Андижонлик депутатнинг сессия пайтида тинтув қилиниши иддао қилинган сурат. Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевнинг телеграм каналидан олинди.

Андижонлик 13 депутат 27 май куни ижтимоий тармоқларда эълон қилган Президентга видеомурожаатида давлат раҳбаридан Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг 17 май куни ўтказилган навбатдан ташқари сессияси қарорини бекор қилишни сўради.

Сессияда депутатлардан бирининг дахлсизлик мақоми бекор қилинган эди. Мурожаатчилар иддаосича, “сессия Андижон шаҳри ҳокими ва прокурори сценарийси бўйича ўтказилган”.

Бош прокуратура мулозими видеомурожаатдан хабари борлиги, у ўрганилишини билдирди.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, халқ манфаатларини ҳимоя қилиши керак бўлган депутатларнинг ўзлари ҳимояга муҳтож бўлиб қолгани давлат бошқаруви механизми носозлиги аломатидир.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган қарийб 10 дақиқали видеода 13 киши, жумладан 2 аёл кўринади.

Депутатлар: Кенгаш сессияси ҳоким ва прокурор сценарийси бўйича ўтказилган

Ижтимоий масофа сақлаган ҳолда икки қаторга тизилганлар ортида Заҳириддин Бобур хотирасига ўрнатилган ҳайкалнинг пастки қисми ва ёдгорлик шоҳсупаси кўриниб турганидан видео Андижон шаҳрида ёзилгани тушунилади.

Видео давомида 13 кишидан 6 нафари гапиради ва уларнинг гаплари мазмунидан йиғилганлар вилоятнинг бир неча тумани кенгашлари депутатлари эканлиги билинади.

Гапирганларнинг икки нафари Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши, яна икки нафари эса Хўжаобод кенгаши депутатларидир.

Улардан ташқари, Асакадан бир ва Шаҳрихондан яна бир халқ вакили гапиради.

Барча депутатларнинг президент Мирзиёевга мурожаати мазмун-моҳияти биринчи бўлиб гапирган (ўзини таништирмаган) депутатнинг мана бу сўзларида акс этган:

“Сизга (Президентга – таҳр) мурожаат қилишдан асосий мақсадимиз, ноқонуний тартибда ташкил этилиб,, ноқонуний ўтказилган Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг 20- сессиясини қонунда белгиланган тартибда Сенат томонидан бекор қилинишини [сўраймиз], маҳаллий кенгашлар депутатлари дахлсизлиги қўпол равишда бузилаётгани эътиборсиз қолиб кетаётганлигига эътирозимизни билдирмоқчимиз. Мурожаатимизни ўз назоратингизга олишингизни, маҳаллий кенгашлар депутатлари дахлсизлигини кучайтиришингизни сўраймиз”.

Иккинчи бўлиб гапирган, исми яхши эшитилмаган хўжаободлик депутат “Андижондаги сессия ноқонуний ўтказилган”ини айтаркан, “Прокуратура ноқонуний ҳаракатларга қарши курашиб келаётган депутат дахлсизлигига тажовуз қилди”, дейди.

Хўжаободлик яна бир депутат Баҳодир Сайдолимовнинг иддао қилишича, “Андижондаги сессия шаҳар ҳокими ва прокурори сценарийси асосида тайёрланган”.

Нима бўлган эди?

Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг 17 майда ўтган сессиясида шу кенгаш депутати Шуҳрат Каримов тинтув қилинган ва депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилган эди.

17 май куни бўлиб ўтган воқеа ижтимоий тармоқларда тарқатилганидан сўнг қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Андижон шаҳар кенгаши депутати, ҳуқуқшунос Сайдали Мухторалиев: “Сессия кун тартибига ягона масала ҳокимнинг ноқонуний қарорларига қарши чиқаётган ва Андижон шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказишни талаб қилган депутатни дахлсизлик ҳуқуқдан маҳрум қилиш эди”,-деган иддаони олға сурди.

Сайдали Мухторалиевнинг ёзишича, Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг 17 май куни ўтган сессиясига депутат Ш.Каримовни дахлсизлик мақомидан маҳрум қилиш тақдимномасини Aндижон шаҳар прокурори киритган. Ҳуқуқшуносга кўра, депутат Ш. Каримов Андижон шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказилишини талаб қилиб келган.

Орадан уч кун ўтиб, 20 май куни Бош прокуратура депутатга нисбатан Жиноят кодексининг 228- (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 229- (ўзбошимчалик) моддаси билан жиноят иши очилганини маълум қилди.

Андижон прокурори ишдан олинишини депутат ишига боғламаслик сўралди

22 май куни эса, Бош прокуратура Телеграм-каналида расмий хабар пайдо бўлди:

“Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2021 йил 21 май кунги буйруғи билан Андижон шаҳар прокурори лавозимида ишлаб келаётган адлия маслаҳатчиси Қурбонали Асқаров ўз хоҳишига кўра берган аризасига асосан лавозимидан озод этилди...

“Қайд этиш жоизки, Қ.Асқаровнинг лавозимидан озод этилиши 2021 йил 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида рўй берган ҳолатлар билан боғлиқ эмас”.

Депутатлар видеомурожаатидан Бош прокуратуранинг хабари бор

Бош прокуратура масъул мулозими 27 май куни Озодлик саволига жавобан андижонлик депутатлар видеомурожаатидан “Бош прокуратуранинг хабари бор”лиги, унга муносабат билдириладими-йўқми – ҳозир айта олмаслигини билдирди.

Хабарларга қараганда, депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинган Шуҳрат Каримов шаҳар ҳокимини ҳам ноқонуний ишлари учун танқид қилиб келган. Ҳоким фаолияти ҳам текшириладими, деган саволга Бош прокуратура мулозими "текшириш кетяпти", деб жавоб берди.

Видеомурожаат ортидан депутатларга босим бошлангани айтилди

Президентга видеомурожаат йўллаган депутатлардан бирига яқин андижонликнинг Озодликка хабар қилишича, мурожаат эълон қилиниши биланоқ халқ вакилларига босим бошланган.

Депутатнинг қўнғироқларга жавоб бермаганини андижонлик “улар эрталабдан бери мажлисдан бўшамаяпти, бир бошлиқдан чиқиб, иккинчисининг олдига кириб кетишяпти”, деб изоҳлади.

Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Элёрбек Матисақов Озодлик саволини эшитибоқ, алоқани узиб қўйди. Кейинги қўнғироқларга умуман жавоб бермади.

Ҳимоясиз қолган халқ вакиллари

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти аҳолининг ҳақиқат излаб давлат раҳбарига йўллаган матн, аудио ва видеомурожаатлари билан тўла.

Бироқ депутатларнинг маҳаллий амалдорлардан шикоят қилиб Президентга мурожаат қилиши бир қатор саволларни пайдо қилди.

Бош прокуратура мулозими бу ҳолатни “кишиларнинг ҳуқуқий саводсизлиги, қонун-қоидаларни билмаслиги” билан изоҳлади.

Шоир Ҳамроқул Асқар эса, депутатларнинг Президентга мурожаат қилганини "бошқарув механизмида нимадир синганидан дарак", дер экан, фикрини бундай бундай давом эттирди:

“Депутат ўз сайловчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган халқ вакилидир. Бас, агар улар Президентдан нажот кутаётган экан, демак бу мамлакатда қонун ишламаяпти, Конституция ишламаяпти, деганидир. Мамлакат соат механизмига ўхшайди. Унинг битта мурвати бузилдими, бас, вақтни нотўғри кўрсата бошлайди. Бугун ҳамма мурватлар бузилган”.

Шоирнинг фикрича, бошқарув механизмини бузган омиллар кўп. Бироқ кўзга яққол ташланиб тургани ҳудудларнинг тўрт секторга бўлиниб, барча секторлар ёки ҳокимият бўғинларининг “ҳоким”ларга бўйсундирилганидадир.

“Сектор тушунчаси Конституцияда йўқ нарсаку?! Ақлим етмайди бундай давлат бошқарувига! Секторлардан бирига прокурор бошлиқмиш. Ўзини ишини қилмайдими у?! Қонунлар ижросини, уларга риоя қилинишини назорат қилмайдими?”

Ҳокимлар минглаб ноқонуний қарор чиқарган

Маҳаллий нашрларнинг маълумотича, 2019-2020 йиллар мобайнида маъмурий судлар томонидан ҳокимларнинг 2 минг 852 та қарори ноқонуний деб топилган. (“Маҳалла” газетаси, 22 март).

“Маҳалла” газетаси шу йилнинг 22 март сонида ҳокимлар ноқонуний қарорлар қабул қилгани юзасидан таъсир чоралари кўрилмаётгани ҳақида ёзган.

Аввалроқ Cенат раиси Танзила Норбоева ҳокимларнинг қонун ҳужжатларига зид ҳаракатлари юзасидан маҳаллий кенгаш депутатлари назорат олиб бориши шартлигини таъкидлаган эди.

“Жойлардаги сенаторлар ҳокимият қарори ноқонуний бўлса, тўғрилаши, қайтариб юбориши, бу ҳақида ҳокимият раҳбарига айтиш керак. Буни Сенат ёки бошқа давлат идораси эмас, сизлар қилишингиз керак”, - деган Норбоева маҳаллий кенгаш вакилларига қарата.

Ҳоким қарорларини маҳаллий кенгашлар тасдиғидан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Аммо қарорларнинг ҳаққонийлигига баҳо берадиган, уни тасдиқлайдиган кенгашларга ҳокимлар раислик қилади.

Президент Мирзиёев маҳаллий кенгашларга ҳокимлар раислик қилиши амалиётига барҳам бериш кераклигини айтган, аммо амалда Конституцияда белгиланган ҳокимият бўлиниши тамойилларига зид ушбу тартиб сақланиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG