Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:49

АҚШ тарихий зарбага тайёрланмоқда, вирус юқтирган Британия бош вазири эса шифохонага тушиб қолди


Лондонда вирус юқтириб олган бош вазир Борис Жонсон (суратда) тиббий текширувдан ўтиш учун шифохонада тунади.
Лондонда вирус юқтириб олган бош вазир Борис Жонсон (суратда) тиббий текширувдан ўтиш учун шифохонада тунади.

Европанинг вирус энг кўп тарқалган мамлакатларидаги вазият бир оз ўнгланаётганининг аломатлари кўринаётган бир пайтда америкаликлар олдида энг оғир ҳафта тургани айтилди, Британия бош вазири эса шифохонага ётқизилди.

АҚШ соғлиқни сақлаш вазири эпидемиянинг жорий ҳафтадаги эҳтимол тутилаётган оқибатларини 11 сентябрь ёки Пёрл-Ҳарбор фожиага билан тенглаштирди. Япония бўлғуси фавқулодда ҳолат ва 1 триллион долларлик иқтисодий кўмак чораларини эълон қилди.

Европада "қурама" манзара вужудга келди. COVID-19 вируси тарқаб кетиши оқибатида хароб бўлаёзган Австрия ва Италия сингари мамлакатлар ҳукуматлари инфекция юқтираётганлар сони камаяётгани ортидан изоляция чекловларини енгиллаштириш ҳақида бош қотира бошлади.

Вирус тарқалишидан энг кўп зарар кўрган мамлакатлардан бири Испания сўнгги 4 кунда қаторасига ўлганлар сони камаяётганини, лекин барибир бир кунда 637 та ўлим ҳолати қайд этилганини маълум қилди. Франция эса иқтисодий зарар Иккинчи жаҳон урушидан бери энг оғир бўлишини айтмоқда.

Лондонда вирус юқтириб олган бош вазир Борис Жонсон тиббий текширувдан ўтиш учун шифохонада тунаган бўлса, қиролича Елизавета II 68 йиллик ҳукмронлиги мобайнида камдан-кам ҳолатларда бўлгани каби Британия аҳолисини “бирдам ва қатъий бўлиб қолиш”га чақирди.

Янги коронавирус дунёнинг деярли барча кунжакларига кириб борди ҳамда инсониятнинг деярли ярмини уйларига қамаб қўйди ва миллиардлаб кишиларнинг ҳаётини остин-устун қилиб юборди, 70 мингдан ортиқ кишининг ёстиғини қуритди.

− Бу, очиғини айтганда, аксарият америкаликларнинг ҳаётида энг оғир ва қайғули ҳафта бўлади, − деди АҚШ соғлиқни сақлаш вазири Жероме Адамс Fox News телеканалига. – Агар олди олинмаса, Пёрл Ҳарбор ёки 11 сентябрь фожиасига айланиб кетиши мумкин.

Япония бош вазири Синдзо Абэ мамлакат шифохоналарида “танг вазият” вужудга келганини, сешанба куни фавқулодда ҳолат эълон қилинишини айтди.

Бироқ Европанинг айрим жойларида дам олиш кунларидан сўнг вазият ўнгланишига умид пайдо бўлди. Италияда сўнгги икки ҳафтада, Францияда эса бир ҳафтада энг паст ўлим ҳолатлари қайд этилди. Испанияда ҳам вазият барқарорлаша бошлади.

Аммо Қўшма Штатларда ўлганлар сони 10 минг кишига етди, ҳокимият ҳали энг оғир кунлар олдинда эканидан огоҳлантирди. Вирус энг кўп тарқалган Нью-Йорк штатида ўлганлар сони 4159 кишига етди.

Ватикандаги кимсасиз авлиё Пётр майдонида 1,2 миллиард католикларнинг пешвоси Рим папаси Франциск одамларни пандемия вақтида жасорат кўрсатишга чақирди.

Икки марта коронавирус сабаб тиббий текширувдан ўтган кекса понтифик Пасхадан бир ҳафта олдинги Пальма якшанбаси диний маросимини ўтказди ва у ТВда жонли тарзда олиб кўрсатилди.

Баъзи дин пешволари Пальма якшанбасини ғайриоддий тарзда нишонлади, масалан Панама архиепископи Хосе Доминго Уллоа анъанавий ибодатни вертолётда ўтириб бажарди.

Жаҳон иқтисодиёти турғунлашиб қолгани оқибатида қашшоқлик даражаси ортиб кетиши башорат қилинмоқда. Иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун мисли кўрилмаган дастурлар ишга туширилаётганига қарамай, миллионлаб иш ўринлари қисқариб кетади.

Иқтисодиёти ҳам вирус, ҳам АҚШнинг жазоловчи санкцияларидан зарар кўраётган Эрон коронавирус юқтираётганлар сони бешинчи кун қаторасига пасайиб бораётгани ортидан хавф нисбатан кам бўлган иқтисодий фаолият турларини тикламоқчи.

Айрим қашшоқ мамлакатлар тирикчиликни барбод қилаётган комендантлик соатларига қарши чиқмоқда.

Лекин дунёнинг турли бурчакларида баъзи кишилар коронавирус пандемияси сабаб сиқилиб қолганларнинг руҳини кўтариш учун ибрат кўрсатмоқда. Баъзи ошпазлар касалларни даволаётган шифокорларга ўз ҳисобидан таомлар пишириб бермоқда.

Яна бир мисол. Италия жанубидаги Неапол шаҳрида яшовчи бир кўча рассоми уйининг балконидан “бирдамлик озиқ-овқат савати”ни пастга тушириб, “Имконингиз бўлса, унга бирор нарса солинг. Бўлмаса, бирор нарса олинг”, дея жар солди.

Орадан икки соат ўтиб, сават озиқ-овқатга тўлиб кетди.

XS
SM
MD
LG