Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:06

ДСҚ марказий идораси 240 ходими бинода 2 кунга "қамалди". Улар коронавирусга тест қилинди


 Давлат солиқ қўмитаси биноси
Давлат солиқ қўмитаси биноси

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Тошкентдаги марказий идораси ходимлари 23 майдан 25 майгача бинодан чиқарилмай, коронавирус бўйича текширувдан ўтказилди.

Ходимлар икки кун мобайнида ўтирғичларда ухлагани ва кондиционерсиз дим хонада қийналганидан шикоят қилди.

ДСҚнинг Озодлик гаплашган икки мулозими: вазир ëрдамчиси ва матбуот хизмати раҳбари ходимлар икки кун давомида бинодан чиқарилмай, тестдан ўтказилганини тан олди.

Озодлик билан суҳбатлашган ходимлар иддаосига кўра¸ ДСҚнинг 4 ходимида вирус топилган ва бу ўз навбатида бино ичида ваҳима муҳитини яратган.

Давлат солиқ қўмитаси раисининг ахборот сиëсати бўйича маслаҳатчиси ва матбуот хизмати бошлиғи Елена Исмаева бу маълумотни инкор қилди. Унинг 25 май куни Озодликка айтишича¸ текширилган ДСҚ ходимлари орасида бирорта ҳам коронавирус юқтирган одам йўқ.

"23 май куни коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида, Давлат солиқ қўмитаси Марказий аппарати барча ходимларидан COVID-19 га тест таҳлиллари олинди." дея билдирди ДСК матбуот хизмати бошлиғи Елена Исмаева.

Ваҳимали шанба

Озодлик гаплашган ва ишидан ажралишидан қўрқиб исми сир қолишини истаган ДСҚ ходимига кўра¸ марказий идоранинг 240 ходими 23 май куни ишхонага чақирилган, уларга шанба куни ишга чақирилгани сабаби айтилмаган.

«Барча ходимлар қатори мени ҳам алдаб ишга чақиришди. Тест ҳақида олдиндан айтишмади. Ишга келганимизда эса, бизга «тест топшириб уйга кетаверасизлар» дейишди. Тестни топширдик, аммо уйга кетишга изн беришмади. Административ бино ичида қолдик. Ҳеч қандай шароит яратишмади. Кечқурун 8 да палов олиб келишди. Аммо палов ҳаммага етмади. Тушдан кейин бизга ораларингизда 4 кишидан вирус чиқди деб айтишди. Ҳамма бир-бирига қарайди ким экан деб. СЭС ходимлари келиб текширди. Шу бўйи икки кун қолиб кетик. Бугун - учинчи кун ниҳоят тақдиримиз хал бўлди. 100 ходим махсус меҳмонхонага жойлаштирилиб, 14 кун ўша ердан қатнаб ишлайдиган бўлди. 40 ходим алоҳида карантинга олинди. Қолган 100 ходим уйидан қатнаб ишлайдиган бўлди».

Ëрдамчининг ëрдами

Озодлик мухбири айни иддао билан шикоят қилган бошқа ходимлар билан ҳам гаплашди. Бу суҳбат ортидан Озодлик Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси раиси ëрдамчиси билан боғланди. Бу суҳбатдан кейин ДСҚ ходимлари Озодлик мухбири билан яна алоқага чиқиб “кондиционерлар ëқилгани¸ антисептик ашëлар билан таъминланиб¸ ҳаммага етадиган қилиб овқат келтирилганини” айтишди.

Меҳмонхона шароити ва ходимлар талаби

Изоляция қилинадиганн ДСҚ ходимлари 14 кун қолиши учун ДСҚ тарафидан ижарага олинган "Лабзак" меҳмонхонасига бориб, шароитни кўриб келган ДСҚ ходими Озодлик суҳбатда мехмонхонанинг аҳволи жуда ëмонлигидан шикоят қилди:

“Шу қадар ëмонки, қўяверасиз. Сичқонлар болалаб ëтибди. Таракан босган ҳамма ëқни. Мутлақо антисанитария. Арзон бўгани учун олган буни раҳбарият. Кунига 55000 сўм киши бошига”.

ДСҚнинг Озодлик суҳбатлашган 8 ходими ҳам айни шикоятни тилга олди.

ДСҚ ходимлари талаблари умумийлаштирилса мана бундай бўлади:

1.Коронавирусга чалинган ДСҚ ходимлари билан боғлиқ вазият ҳақида аниқ ва ошкора бериш.

2. Карантинга олинган ходимларни яхшироқ меҳмонхонага жойлаштириш ëки уйидан ишлашга изн бериш.

3. ДСҚ биноси ичида ходимларнинг шароитини яхшилаш.

Бу талаблар юзасидан Давлат солиқ қўмитаси раисининг ахборот сиëсати бўйича маслаҳатчиси ва матбуот хизмати бошлиғи Елена Исмаева Озодлик мухбирига жавоб берди:

Исмаевага кўра¸ ДСҚ ходимларидан бирортаси ҳам коронавирус юқтирмаган.

“ДСҚ нинг бир неча ходимида вирус аниқланибди деган гап ҳақиқатдан узоқ. Сиз айтган ДСҚ бошқарма бошлиғи ва унинг ҳайдовчисида аниқланди деган гап ҳам нотўғри. ДСҚ республика идорасида ишламайдиган ва умуман Тошкентнинг бошқа бир қисмида жойлашган солиқ ходимлари малакасини ошириш маркази ходимида короновирус аниқланди. Шу боис ДСҚ бошқарув ҳайъати ва ходимлари COVID19 тарқалишининг олдини олиш мақсадида тестдан ўтказилди. Бино ичи санитария ишловидан ўтди. Бу жараëн ходимлар учун ноқулайлик туғдиргани учун узр сўраймиз” деди Елена Исмаева Озодлик билан суҳбатда.

Исмаева ДСҚ ходимларидан 100 кишининг меҳмонхонага жойлаштирилгани ва 40 кишининг махсус карантинга олингани фактини изоҳламади.

Исмаевага кўра¸ бу саволларга 14 кундан кейин ойдинлик киритилади.

Ўзбекистонда расмий давлат идоралари, хусусан Тошкент шаҳар ҳокимлиги апрель ойида коронавирус пандемияси боис карантинга ёпилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG