Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:02

Дунё сиёсатчилари Навальнийга чиқарилган қамоқ ҳукмини қораламоқда


Алексей Навальний Москванинг Симонов туман судидаги маҳкама жараёнида - 2 февраль, 2021
Алексей Навальний Москванинг Симонов туман судидаги маҳкама жараёнида - 2 февраль, 2021

Хориждаги бир қатор сиёсатчилар Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийга чиқарилган қамоқ ҳукмидан норозилик изҳор қилинган баёнотларни эълон қилишди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Қўшма Штатлар Алексей Навальнийнинг қамоқ жазосига маҳкум қилинганидан чуқур ташвишда эканлигини билдирди.

“Россиянинг ҳар қандай фуқароси каби, Навальний ҳам Россия конституцияси тақдим этган ҳуқуқлардан фойдаланиши, Россия эса тинч уюшиш ва сўз эркинлиги ҳуқуқи ҳамда қонун олдида тенглик тамойилига амал қилиш мажбуриятларига риоя этиши лозим”, дейилади АҚШ ташқи сиёсий идораси раҳбарининг баёнотида.

Блинкен Россиянинг ўзининг халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирди
Блинкен Россиянинг ўзининг халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирди

Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб Москва суди чиқарган ҳукмни ғайритабиий судлов намунаси, деб атади. Унинг сўзларига кўра, ҳукм заҳарлашга масъулларни эмас, заҳарлаш қурбонини нишонга олган. Бу эса, жаҳон ҳамжамиятининг аъзоси сифатида Россия ўз зиммасига олган мажбуриятларга риоя қилмаётганини намойиш қилмоқда.

Германия канцлери Ангела Меркель Россия расмийларини Навальнийни озод этиш, тинч намойишчиларни таъқиб қилишдан воз кечишга чақирди. Алексей Навальнийга берилган жазо ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг одил судловидан йироқ, деб айтган Меркель.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас фикрича, Алексей Навальнийга берилган жазо Россияда асосий эркинликлар ва қонун устуворлигига жиддий зарба бўлган.

Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Алексей Навальнийни дарҳол озод этишга чақирди. Сиёсий мунозара ҳеч қачон жиноят бўлмаган, дея таъкидлади у.

Литва ташқи ишлар вазири Габриелюс Ландсбергиснинг айтишича, ЕИ ва Россия ўртасидаги диалог эндиликда фақатгина санкциялар лисонида бўлиши мумкин. “Агарда ЕИ тезроқ ҳаракат қилмаса, Литва ўзининг миллий санкцияларини жорий этиши мумкин", деган у.

"Режим мухолифат оғзини ёпишга киришганини ҳисобга олганда, Навальнийнинг қамалганлиги ажабланарли ҳолат бўлмади. Бу намойишкорона суд маҳкамаси бўлгани учун Чехия Навальнийни дарҳол озод қилинишини талаб этади", деган Чехия ташқи ишлар вазири Томас Петричек. «Афсус, тарихимизда бўлиб ўтган бундай маҳкамаларни биз ҳамон эслаймиз», деган Петричек ЕИ бўйича ҳамкорларни санкциялар масаласини қайта кўтаришга чақирди.

"Бугунги қарор бутун адолатга чақириқ бўлиб, мамлакат инсон ҳақлари бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларга зиддир”, деб баёнот берган Европа Кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дуня Миятович 2 февраль куни.

ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррелнинг баёнотида айтилишича, Алексей Навальнийга тайинланган қамоқ жазоси Россиянинг қонун устуворлиги ҳамда асосий эркинликлар борасидаги халқаро мажбуриятларига зид. "Москва судининг бу ҳукми Европа инсон ҳуқуқлари маҳкамасининг қарорига ҳам зиддир", дея қўшимча қилган Боррель.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Москва бўлинмаси директори Наталья Звягинанинг баёнотида айтилишича, “Навальнийнинг сиёсий сабаблари билан маҳкум этилиши зулм ва инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганига қарши чиққан ҳар кимни қамашга бел боғлаган Россиядаги бошқарувнинг асл юзини фош қилди.”

XS
SM
MD
LG