Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:23

"Тарбиявий таъсир". ИИВ ўз ваколатида йўқ узр сўраттириш чорасини ҳимоя қилмоқда


Азиз Раметов ва Аҳад Қаюм - Тошкент шаҳар ИИББ тайёрлаган видеосюжет скриншоти
Азиз Раметов ва Аҳад Қаюм - Тошкент шаҳар ИИББ тайёрлаган видеосюжет скриншоти

Икки фуқаро ижтимоий тармоқлардаги айтишуви учун Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига чақиртирилиб, жамоатчиликдан узр сўраттирилди.

Ички ишлар вазирлиги расмий вакилининг айтишича, бу икки фуқаро “санъаткор деган номга номуносиб хатти-ҳаракатлари билан ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатган”.

Ички ишлар идораси ўзаро можарога киришган фуқароларнинг узрини ёзиб олиб, бу ҳақдаги видеони ижтимоий тармоқда тарқатиши бу идора ўз ваколатлари доирасидан ташқарига чиқмадими, деган саволни пайдо қилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати тайёрлаган видео 4 февраль куни YouTube тармоғига жойлаштирилди.

ИИББ видеоси

1.36 минутлик қисқа видео ички ишлар идораси формасидаги аёлнинг монологи билан бошланади. У “сўнгги кунларда Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган Аҳад Қаюм ва Азиз Раметовлар ўртасидаги тортишувлар кўплаб фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Санъат намоёндалари бўлган ушбу фуқаролар санъаткор деган номга номуносиб ҳатти-ҳаракатлари билан, айниқса, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда”, дейди.

Тошкент шаҳар ИИББ расмий вакилининг видео давомида айтишича, Аҳад Қаюм ва Азиз Раметов билан ички ишлар органлари ходимлари профилактик суҳбат ўтказган.

Шундан кейин аввал Аҳад Қаюм, кейин Азиз Раметов “хатти-ҳаракатлари учун” узр сўрайди. Навбатдаги кадрда иккала фуқаро бир-бирига қўл беради ва бундан томонлар ярашиб олгани тушунилади. Кейин кадрда яна ИИББ вакиласи пайдо бўлади. У профилактик суҳбатлар давомида “ушбу шахслар келгусида яна фуқароларнинг шахси ва қадр-қимматини беодоблик билан камситиш, ОАВ ва Интернет тармоқлари орқали таҳқирлаш, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш каби ҳаракатларни содир этса, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида расман огоҳлантирилгани”ни айтади.

Озодлик мухбири Аҳад Қаюм ва Азиз Раметовларнинг ўзаро айтишувлари акс этган видеоларнинг бир нечтасини кўрди. Уларнинг мазмуни, асосан, “сен у дединг, мен бу дедим”дан иборат.

Хўш, бу икки фуқаронинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бормиди? Агар бўлса, улар нега жавобгарликка тортилмади? Йўқ бўлса, нега ички ишлар идораси улар ўртасидаги можарога аралашди?

Озодликнинг бу саволларига жавоб берган Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ИИВда узр сўраттириш ваколати йўқлигини эътироф этди.

"Булар Интернет орқали бир-бирини ҳақорат қилган ва бу ҳолат жамоатчиликда салбий фикр уйғотган. Шунинг учун бизнинг ходимлар улар билан профилактик суҳбат ўтказиб, қилаётган ҳаракатлари номақбул ҳаракат эканлиги тушунтирилган. Шундан сўнг улар ўз мухлисларидан узр сўраган".

Шоҳруҳ Ғиёсовнинг айтишича, Ички ишлар органи бу ишга ўз муносабатини билдирганинини жамоатчиликка етказиб қўймоқчи бўлган, холос.

ИИВ расмий вакилининг айтишича, Аҳад Қаюм ва Азиз Раметовлар ўз ихтиёри билан узр сўраган. ИИВда узр сўраттириш деган ҳуқуқий таъсир чораси йўқ, лекин жамоатчиликка тарбиявий таъсирини кучайтириш мақсадида шундай иш қилинди”, деди Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов.

Ҳуқуқшунос: Ариза бўлмаса, ички ишлар аралашиши тўғри эмас

Ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов Озодликнинг вазиятни шарҳлаб беришни сўраб қилган мурожаатига савол билан жавоб қайтарди: “улар (Аҳад Қаюм ва Азиз Раметов) ёки улардан бири ички ишларга ариза билан мурожаат қилган эканми?”

Ҳозирча Аҳад Қаюм ҳам, Азиз Раметов ҳам Озодлик йўллаган саволларга жавоб бергани йўқ. ИИББ тайёрлаган видео мазмунидан эса, улар ариза ёзгани англашилмайди.

“У ҳолда жиноят ёки ҳуқуқбузарлик ҳолати йўқ. Бинобарин, ички ишлар органи аралашиши тўғри эмас”, - дейди Руҳиддин Комилов.

Айни пайтда ҳуқуқшуноснинг айтишича, яраштиришнинг қонуний механизми бор ва у 2018 йилнинг 3 июлида Ўзбекистон президенти имзолаган “Медиация тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган. Бироқ бу қонунда ҳам “Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида қўлланилади”, деб белгилаб қўйилган.

Авлодлар баҳси: бир томонда савоб масаласи, иккинчи томонда - қонун

Таниқли телешарҳловчи Турсун Қоратоев Озодлик сўровига жавобан вазиятни шарҳлар экан, икки фуқаро ўртасидаги интерактив жанжалга ички ишлар идорасининг аралашишида ҳеч қандай ғайритабиийлик кўрмаганини айтди.

“Агар икки одам ўртасида келишмовчилик юзага келган бўлса, уларни яраштириб қўйиш савоб ишдир. Бу ишни ички ишлар ходимлари қиладими, маҳалла қиладими – фарқи йўқ. Энг муҳими мана шу икки киши ўртасидаги низога барҳам берилади. Ҳуқуқий асос борми-йўқми, бундан қатъиназар икки кишининг ярашгани яхши”,- деди нафақадаги телешарҳловчи Турсун Қоратоев.

Фарғоналик блогер Баҳодир Элибоев Турсун Қоратоевдан фарқли ўлароқ, масаланинг диний-фалсафий, маънавий жиҳатларидан кўра, юридик ҳамда сиёсий жиҳатларига эътибор қаратди. Муҳокама объекти бўлган видеодаги ИИББ вакили сўзларини назарда тутиб, Баҳодир Элибоев бундай деди:

“Тўғри айтяпти, ҳақорат ва инсон қадр-қимматини оёқ ости қилиш учун жавобгарлик назарда тутилган тегишли моддалар бор. Лекин буни ИИБ ҳал қилмайдику?! Ўзини ҳақоратланган ёки шахси камситилган деб билган томон судга мурожаат қилиши ва суд орқали ўзининг ҳуқуқларини тиклаши керак”.

Баҳодир Элибоевнинг фикрича, ички ишлар органлари икки фуқаронинг даҳанаки жангига бу қадар катта эътибор қаратганидан ҳайратга тушганини айтди:

“Икки санъаткор гап талашиб қолибди ва бунга ижтиоий тармоқда эътирозлар туғилибдиймиш. Мени ўйлантиргани шундаки, ижтимоий тармоқлар неча кунлар ва ойлардан бери, ҳатто йиллардир, газ-свет тақчиллигига эътироз билдиришади. Лекин биронта давлат ташкилоти муносабат билдирмайди ёки аралашмайди. Иккита шоумен можаросига эътирозни эса дарров инобатга олиб бир нималар қилгиси келади. ИИБ қайси моддага кўра уларнинг иккисини ҳам кечирим сўраттирдийкан?”

Ҳуқуқ-тартибот органлари ёшлар тарбиячиси?

Тошкент шаҳар ИИББнинг икки санъат ходими ўртасидаги айтишув “ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганига” урғу берилган видеохабари президент Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан 27 январда ўтказган видеоселектор йиғилиши ортидан пайдо бўлди.

Йиғилишда президент уюшмаган ёшлар билан ишлаш, жиноятчиликни жиловлаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш масъулиятини туман прокурорлари, ички ишлар ва мудофаа бўлими бошлиқларига топширган эди.

Узристон?

Кейинги йилларда узрхоҳлик жамоат тартиби ҳамда қонун бузилишлари билан боғлиқ жараёнларнинг муҳим бир қисмига айланиб бораётганини кузатиш мумкин. Қонунбузарликлар, айниқса, мансабдор ёки кўзга кўринган шахслар аралашган бўлса, суд идораларида жавоб бериш эмас, балки узр сўрашлар билан якун топаётгани кузатилади.

Жумладан:

  • 2 февраль куни Ташқи ишлар вазирлиги вазирлик ходимини ўзига нисбатан жинсий тегажоғлик қилиш ҳамда ижобий мақолалар ёзишни сўраб босим ўтказишда айблаган польшалик журналистдан узр сўради.
  • Озодликнинг 2020 йил, 19 ноябрь куни эълон қилган мақоласидан бир кун ўтиб, Хива тумани ҳокими "қуюшқондан чиқиб, фермерларни сўкиб қўйгани учун" узр сўради.
  • 2020 йилнинг сентябрида Наманганлик дизайнер Шавкат Эгамбердиев Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва унга мансуб бўлган Akfa, Artel ширкатлари ҳақидаги ҳажвий видеони ижтимоий тармоқларга тарқатгани учун узр сўрашга мажбур бўлган эди.
  • Узрни Ички ишлар вазирлиги ҳам сўрайди. Вазирлик узрни Алижон Абдукаримовнинг Андижон шаҳар ИИБ 4-бўлимида қийноққа солингани оқибатида ҳаётдан кўз юмгани муносабати билан 2020 йилнинг ёзида сўраган эди.
  • Ички ишлар вазирлиги бошқа артистларни ҳам узр сўраттирган. 2020 йилнинг июнида ижтимоий тармоқарда ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати томонидан "Ҳазилнинг таги "зил" бўлмасин" деб номланган видео тарқалган, унда "Шўрданак" ва “Қалпоқ” ҳажвий гуруҳларининг ИИВ ходимлари ҳақида қилинган юмористик роликлар учун узр сўрагани акс этган эди.
  • Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилояти ҳокимлари эса, 2019 йилнинг августида президент Мирзиёевнинг топшириғига биноан халқ, президент, халқаро жамоатчилик, блогерлардан узр сўраган эди.
  • Узрлар сўралаверадию сўраганлар яна хизмат пиллапояларидан кўтарилаверади. Маслан, 2019 йилнинг сентябрида Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси мажлисида Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниев ижтимоий тармоқларда тарқалган нутқида ўта қўпол гапирган ва жамоатчиликда норозилик уйғотган, деб танқид қилинган, Ғаниев ўз айбини тан олган, узр сўраган ва тегишли хулосани чиқаришни ваъда қилган. Ўшанда ҳокимга қатъий огоҳлантириш ва 3 ойлик синов муддати берилган.
  • Бироқ орадан бир йил ўтиб, 2020 йилнинг сентябрида Шуҳрат Ғаниев Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланди
XS
SM
MD
LG