Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:54

Кобул аэропортидаги портлаш қурбонлари сони 100 дан ошди, эвакуация давом этади


Кобулдаги шифохона ташқарисида одамлар портлаш ортидан бедарак кетган яқинларини изламоқда - 27 август, 2021
Кобулдаги шифохона ташқарисида одамлар портлаш ортидан бедарак кетган яқинларини изламоқда - 27 август, 2021

Пайшанба куни Кобул халқаро аэропорти киришида юз берган икки портлаш натижасида ҳалок бўлганлар сони 100 кишидан ортган.

Кобул шифоналаридан олинган энг сўнгги маълумотларга кўра, камида 90 нафар афғон ҳалок бўлган, 150 нафарга яқин одам жароҳатланган.

Аввалроқ яна бир Америка аскари олган жароҳатлари натижасида вафот этган. Шу тариқа Кобул аэропорти киришини қўриқлаб турган АҚШ аскарлари орасидаги талафотлар сони 13 кишига етган. Бу Америка Қуролли кучлари сўнгги бир неча йилда бир вақтнинг ўзида берган энг кўп қурбондир. Жароҳатланган 18 АҚШ ҳарбийси ҳодиса жойида эвакуация қилинган.

Икки ҳудкуш ҳужумчи аэропорт киришида навбатда турган оломон ва аэропорт яқинидаги меҳмонхона олдида ўзини портлатган.

Портлашлар учун масъулиятни "Исломий давлат" гуруҳи зиммасига олган. Афғонистондаги ИШИД Толибонга душман ва ўтмишда толибларга қарши террор ҳужумларини содир этган.

Президент Байден террор ҳужумлари юзасидан Оқ уйда баёнот берди. У ҳалок бўлган Америка аскарларини қаҳрамонлар деб атади ва Қўшма Штатлар портлашлар учун маъсулларни топиши ва муқаррар жазолашини айтди. Унинг сўзларига кўра, Пентагонга Кобулдаги ҳужумни содир этган исломий радикалларга зарба бериш бўйича режа ишлаб чиқиш топширилган.

«Мен ўз қўмондонларимга «Ишид – Х» активлари, раҳбарияти ва объектларига зарба бериш бўйича оператив режалар ишлаб чиқишни буюрдим», деди АҚШ президенти.

Эвакуация давом этади

Байден Кобулдан одамларни кўчириш давом этишини ва америкалик ҳарбийларни 31 августга қадар Афғонистондан олиб чиқиб кетиш режаси қайта кўриб чиқилмаслигини айтди. Террорчилар АҚШни ўз миссиясини тўхтатишга мажбур қила олмайди, урғулади Оқ уй раҳбари.

Америка ҳарбийлари Кобул аэропортида АҚШ ва бошқа давлатлар фуқароларининг Афғонистондан эвакуация қилинишини таъминлашмоқда. Байденнинг сўзларига кўра, 15 августдан бери 100 минг нафардан зиёд киши кўчирилган.

Франция президенти Эммануэл Макрон Кобулдаги террористик хуружларни қоралади ва эвакуация амалиётининг муваффақиятини таъминлаш учун жойларда хизмат қилаётганларнинг “қаҳрамонона саъй-ҳаракатлари”ни алоҳида қайд этди. Франция ишни охирига етказади, дея таъкидлади у.

Испания бош вазири Педро Санчес ҳам ҳужумларни қоралади ва испан ҳукумати ушбу терактлардан кейин ҳам Афғонистондан мумкин қадар кўпроқ одамларни олиб чиқиб, хавфсиз жойларга етказишга ҳаракат қилишини билдирди.

Кобул аэропорти олдида ўқ овозлари ва хаос
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:42 0:00

Австралия ва Норвегия ўз фуқароларини Афғонистондан кўчириш ишларини вақтинча тўхтатди.

АҚШ Конгрессида Кобул аэропортида юз берган теракт оқибатида америкалик ҳарбийлар ҳалок бўлгани учун мамлакат президенти Жо Байден ва унинг маъмурияти вакилларини жавобгарликка тортишга чақириқлар янграмоқда.

Вакиллар палатасидаги республикачилар етакчиси Кевин Маккарти спикерни, таътилга чиққан парламент аъзоларини чақириб олиб, Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун шошилинч сессия ўтказишга чорлади.

Республикачилар Кобул аэропортидаги террористик хуружлар, жумладан, АҚШ раҳбариятининг нотўғри қарорлари туфайли содир бўлган, деб ҳисоблашади. “Душманларимиз қўшинларни олиб чиқиб кетишдаги пала-партишликдан фойдаланиб қолди”, деди Маккарти.

XS
SM
MD
LG