Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:08

Метро қурилишида ҳалок бўлган уч ҳамқишлоқ дафн этилди


Шаҳрисабзлик уч йигит Тошкент метроси Юнусобод линиясида ўпирилган тупроқ остида қолиб ҳалок бўлди.
Шаҳрисабзлик уч йигит Тошкент метроси Юнусобод линиясида ўпирилган тупроқ остида қолиб ҳалок бўлди.

Йигирма ёшли Давронбек Абдуллаевнинг Тошкентга келганига эндигина 7 кун бўлган эди. Отаси бир неча ой аввал вафот этган ёлғиз ўғил - Давронбекнинг зиммасига оила боқиш мажбурияти тушганди. Мана шу мажбурият уни бир неча ой аввал Тошкентга мардикорлик қилгани кетган амакиси Ойбек Абдуллаевнинг олдига боришга ундади. Амакиси уни ҳам ўзи қора ишчи бўлиб ишлаётган метро қурилишига жойлади.

Аммо Давронбек онасига пул жўнатишга улгурмади. Ишлай бошлаганининг еттинчи кунида метро қурилаётган жойда ер ўпирилиб, ёш умри завол бўлди. Давронбек билан бирга яна унинг икки ҳамқишлоғи – 30 ёшли Ойбек Абдуллаев ва Жонибек Равшанов ҳам ҳалок бўлди.

19 декабрь куни Қашқадарё вилояти, Шахрисабз тумани, Бешкапа қишлоғида уч йигитнинг жасади ерга берилди.

- Бирданига уч кишининг жанозаси ўқилиб, дафн этилди. Ҳамма қаттиқ қайғуда. Бугун жанозаси ўқилган йигитлар камтар, ёмонлиги йўқ, содда йигитлар эди. Оилавий шароитлари ўта даражада ночор эмасди. Ҳар ҳолда ўртача бўлмаса ҳам, ўртачадан пастроқ, аммо қашшоқликдан юқорироқ даражада яшаб келишаётган эди, - деди марҳумларнинг ҳамқишлоқларидан бири.

- Давронбек ёлғиз ўғил эди, отаси бир неча ой олдин ўтиб кетган, онаси билан ёлғиз қолганди. Энди бечора муштипар онанинг ўт бўлиб ёнаётганини тасаввур қила оласизми? Жуда ёмон бўлди. Ойбек Абдуллаевнинг икки фарзанди етим қолди. Жонибек Равшанов оиланинг ёлғиз боқувчиси эди. Барча опа-сингиллари билан битта ҳовлида туришарди,- деди марҳумларнинг яна бир ҳамқишлоғи.

Унга кўра, Ойбек Абдуллаев 20 октябрда, Давронбек Абдуллаев эса амакисининг ортидан 11 декабрда Тошкент метрополитени қурилишига ёлланган эди. Жонибек Равшанов ноябрь ойида Тошкентга кетганди. Улар қурилиш соҳаси мутахасcиси ёки уста бўлишмаган.

Шаҳрисабз туман ҳокимиятига яқин бўлган манбанинг айтишича, Бешкапа қишлоғида 360га яқин хонадон мавжуд ва уларда 2300дан кўпроқ одам яшайди:

- Бешкапа қишлоғидаги эркакларнинг тахминан 30 фоизи Россияга, айримлари Тошкентга бориб мардикорлик қилишади. Қишлоқда доимий иш ўринлари деярли йўқлиги учун, қишлоқ аҳолиси четга чиқиб тирикчилик қилиб келишга мажбур. Фермерлар қўлида асосан аёллар ишлайди, ўқитувчи ва врач бўлиб ишлайдиганлардан ташқари, қолган эркаклар ташқарига чиқиб пул топишади. Шу қишлоқдагиларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб қувватлаш учун 25-30 миллион сўмдан оилавий тадбиркорлик учун, мол, товуқ сотиб олишлари учун кредит берилган. Лекин ҳамма ҳам бу кредитдан унумли фойдалана олмаяпти, тадбиркорликни эплашолмаяпти. Охир-оқибат яна мардикорлик қилишга мажбур бўлишаяпти.

Туман ҳокимиятига яқин бўлган манбага кўра, бешкапаликларни доимий иш ўринлари билан таъминлаш масаласида ҳозирча бирон бир режа мавжуд эмас.

Шаҳрисабз шаҳар ҳокими ўринбосари Азамат Султонов Озодлик радиоси мухбирига ҳокимлик вакиллари дафн маросимларида иштирок этганларини, ҳалок бўлганларнинг оилаларига маросимларни ўтказиш учун қўй, ёғ, гурунч ва бошқа маҳсулотларни ёрдам сифатида берганларини айтди. Азамат Султонов марҳумларнинг оилаларига молиявий ёрдам кўрсатиш ҳам режалаштирилаётганини билдирди.

Метро қурилишида шаҳрисабзлик уч йигитдан ташқари яна уч киши ҳалок бўлгани хабар қилинди:

1986 йилда туғилган, Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида истиқомат қилган фуқаро Диёров Анвар Нормуродович;

1996 йилда туғилган, Самарқанд вилояти, Оқдарё тумани, Фармонобод қишлоғида истиқомат қилган фуқаро Рахматов Ихтиёр Амриддин ўғли;

1981 йилда туғилган, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида истиқомат қилган фуқаро Каримов Зариф Тўлқинович.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 19 декабрда маълум қилишича, Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида тупроқ ўпирилиши оқибатида ҳалок бўлган барча марҳумларнинг жасадлари ўзлари яшаган ҳудудларга етказиб берилган.

“Пудратчи-қурувчи ташкилотлар томонидан уларнинг оила-аъзолари ва яқинларига 100 миллион сўмлик дастлабки товон пуллари тўлаб берилди. Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка асосан қўшимча компенсация пуллари тўлаб берилади", дейилади расмий баёнотда.

Айни пайтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги комиссияси ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ҳамда бартараф қилиш ишларини давом эттирмоқда. Вазирлик мазкур ҳолатнинг вужудга келишига сабабчи бўлган ва йўл қўйган масъул ташкилот ва шахслар аниқламоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси эса мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши очди.

Юнусобод метро йўлининг қурилишида 18 декабрь куни рўй берган ер ўпирилиши оқибатида 6 киши - Ойбек Абдуллаев, Жонибек Равшанов, Давронбек Абдуллаев, Анвар Диёров, Ихтиёр Рахматов ва Зариф Каримов ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG