Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:16

Москвада ўзбек қочқини суд залида озод қилинди, у Ўзбекистонга берилмайдиган бўлди


Равшан Раҳимов суд залида.
Равшан Раҳимов суд залида.

26 ноябрда 40 яшар ўзбекистонлик қочқин Равшан Раҳимов Москванинг Бабушкинский туман суди қарори билан озодликка чиқарилди. Раҳимов Ўзбекистонга топиширилмайдиган бўлди.

Навоийлик муҳожир Москванинг депортация лагерида умрининг 2 йилу 3 ойини ўтказди.

Равшан Раҳимов устидан ўтказилган судловни кузатган Инсон ҳуқуқлари "Мемориал" марказининг “Миграция ва ҳуқуқ” тармоғи матбуот хизмати бошлиғи Валерия Павлова, Ўзбекистон сўрови билан халқаро қидирувда бўлган қочқин Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) босими остида озод этилганига эътибор қаратди:

- Равшанга нисбатан Европа судининг Ўзбекистонга бериб юбормаслик тўғрисидаги 39-Қоидаси 2018 йилда қўлланганига қарамасдан, уни ўша йилиёқ озод қилишмади. У қамоқда яна 2 йилдан ошиқ вақт ўтирди. “Миграция ва ҳуқуқ” тармоғи ҳимоячилари бу вақт орасида аввал Россия, кейин Европа судлари орқали уни ниҳоят озод қилишга эришишди.

"Мемориал" вакилининг сўзларига кўра, суд залида озод бўлганига ишонмаган Раҳимов судьяга “Бу рост гапми? Мени озод қилишдими? ЦВСИГдан (Хориж гражданларини вақтинчалик сақлаш маркази -таҳр.) буюмларим билан чиқмагунимча ишонгим келмаяпти”, деган.

Р.Раҳимов ва адвокат Р.Магомедова судда, 2017 йил.
Р.Раҳимов ва адвокат Р.Магомедова судда, 2017 йил.

2018 йилнинг 8 октябрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Ўзбекистон граждани Равшан Раҳимовни Тошкент сўрови билан экстрадиция қилаётган Россия ҳукуматини Инсон ҳақлари Конвенциясини бузганликда айблаган ва бу масалада махсус қарор чиқарган эди.

Страсбург судига кўра, бериб юбориш хавфи остида депортация лагерида бир неча йил асоссиз ушлаб турилган 40 яшар навоийлик Равшан Раҳимов Ўзбекистонда қийноқларга солиниши мумкин.

“Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси марказининг “Миграция ва ҳуқуқ” тармоғи адвокати Роза Магомедова Озодликка энди Равшан Раҳимовнинг Россияда вақтинчалик қочқинлик мақомини олиши учун кураш бошлаганини билдирди:

- У ҳозирда Европа Конвенциясининг 3- моддаси қўлланган одам сифатида халқаро ҳимоя остидадир. Легаллашиши учун унга Россияда вақтинчалик қочқин мақомини олишга киришдик. Учинчи мамлакатларга Россиядан анчадан бери ҳеч ким жўнатилгани йўқ, шу сабабли биз курашни давом этамиз. Равшанга ҳамдард бўлган кўплаб одамлар менга табрик йўлламоқда,у ўзи ҳам озодликка чиққанидан жуда хурсанд, яқинлари ҳам хабар олди бундан.

Роза Магомедова Раҳимовни экстрадиция қилиш тўғрисида қуйи судлар чиқарган қарорни бекор қилиш талаби билан Россия Олий Судига мурожаат қилишини айтди.

- Ундан ташқари биз яна бир шикоят билан чиқаяпмиз: Равшанга нисбатан Европа судининг 39-Қоидаси қўлланилганига қарамасдан қўйиб юборишмагани ва у жами ЦВСИГда 2 йилу 3 ой ва яна изоляторда ярим йил ўтиргани масаласида, - деди адвокат Роза Магомедова.

Р.Раҳимов полиция бўлимида калтакланганидан кейинги аҳволи
Р.Раҳимов полиция бўлимида калтакланганидан кейинги аҳволи

Озодлик 2017 йилнинг сентябрида Равшан Раҳимовни Москва шаҳар суди Ўзбекистонга экстрадиция этмаслик тўғрисида қарор чиқарганига қарамасдан, полиция олиб кетгани, ҳимоячилар уни оёғи синган ва кўзи кўкарган ҳолда икки кун ўтиб полиция бўлимидан топгани тўғрисида хабар қилганди.

Суд қарордан маълум бўлишича, Равшан Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 242-2 моддаси (Жиноий гуруҳ ташкил қилиш) асосида 2014 йилдан буён халқаро қидирувда бўлган. Икки фарзанднинг отаси бўлган Равшан Раҳимов бир гуруҳ бошқа ўзбекистонлик муҳожирлар билан бирга 2014 йилнинг декабридан бошлаб Москва шаҳрида "Туркистон Исломий партияси" ташкилотининг фаолиятида иштирок этиб келганликда, “Ўзбекистон давлат тузумига таҳдид солувчи” диний-экстремистик руҳдаги видеороликларни тарқатганликда айблаб келмоқда.

Ўзбекистонга бериб юбориш мумкин эмаслиги тўғрисида Мосгорсуд қарори борлигига қарамасдан, 2017 йилнинг 11 сентябр куни Москванинг Бабушкинский туман суди Раҳимовни охирги 7 ой тергов изоляторида “қайдга турмасдан яшагани ва миграция қонунчилигини бузгани” важи билан Ўзбекистонга депортация қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Ҳеч қандай диний ташкилотларга аъзо эмаслиги, экстремизм ва сиёсий ғоялардан мутлақо йироқлигини айтиб келаётган асли Навоий вилоятининг Кармана туманидан бўлган Равшан Раҳимов Россияда қурилиш ишлари билан шуғулланиб келганини айтган эди Озодлик билан суҳбатда.

XS
SM
MD
LG