Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:27

Олий Мажлис сўз эркинлигини чеклаши айтилган қонун лойиҳасини қабул қилди


Президент Мирзиёев журналист ва блогерлар билан - Самарқанд, 26 август, 2019
Президент Мирзиёев журналист ва блогерлар билан - Самарқанд, 26 август, 2019

4 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ва ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни кўзда тутади.

Шунингдек, қонун лойиҳаси талаби билан Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуни ҳам ўзгаради.

Икки Кодексда 5 та ўзгартириш...

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 244-моддасига “ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмасликка, оммавий тартибсизликка ҳамда фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилишга чақириш” сингари эпизодлар қўшилади, бу қилмиш қонунбузарлик саналади ва мазкур қонунбузарлик учун жиноий жазо чоралари қўлланилади.

Мазкур жиноятни содир этган шахс жарима тортилиши ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 201-моддаси эса фуқароларни қонунчилик талабларини бажармасликка ёки бузишга оммавий даъват қилганлигига оид ҳуқуқбузарлик билан тўлдирилади.

Агар шахс бу қилмишни ОАВ, телекоммуникациялар тармоқлари, интернет, матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилган бўлса, жавобгарлик яна-да кучайтирилади. Бу қилмиш эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваридан 80 бараваригача миқдоридаги жаримага асос бўлади.

Жонбоз депутатлар

Кун.уз нашри жамоатчилик томонидан салбий қаршиланган лойиҳанинг қабул қилиниши юзасидан Қонунчилик палатаси депутатларининг фавқулодда фаоллигига эътибор қаратди.

Нашрнинг ёзишича, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов лойиҳа муҳокамаси даврида кўплаб журналист ва блогерлар лойиҳани қўллаб-қувватлагани ва таклифлар берганини айтган.

«Бу қонун лойиҳани тушунганлар маъқуллаяпти, аммо тушунмаганлар сўз, намойиш эркинлигига қаршилик деб тушуняпти. Аммо бундай эмаслигини биламиз. Ҳаммаси қонуний. Бу каби қонунчилик дунёнинг кўпгина давлатларида бор эди, бизда эса йўқ. Бизда ҳатто нега Ўзбекистонда бундай қонунчилик йўқ, деган саволлар бўлаётганди», деб айтган спикер муҳокама жараёнида.

Қонун лойиҳаси ташаббускори - Миллий Тикланиш партияси раҳбари Алишер Қодиров лойиҳа муҳокамасида "кишиларда норозилик уйғотган нормаларнинг чиқариб ташлангани"ни иддао қилади. Қонунчилик палатаси аъзоси, журналист Сафар Остонов эса, қонуннинг тарихий қарор эканини таъкидлаб, журналистларни акт қабул қилинаётгани билан қутлади.

Бир қадам олдинга, икки қадам орқага

Ўтган ҳафта Сенат қошидаги Ёшлар Парламенти вакиллари Сенат раиси Танзила Норбоева кузатувида ўтган мажлисда лойиҳани кескин танқид қилишган ҳамда унинг сўз эркинлигига раҳна солишини таъкидлашганди.

Олий Мажлис Сенати раиси ёшларнинг танқидига жавобан сўз эркинлигини савол остида қолдирувчи актнинг Парламент юқори палатасидан ўтмаслигини таъкидлаган.

Ижтимоий тармоқдаги муҳокамаларда қонун лойиҳасининг президент сайловлари кампанияси бошланишидан олдин қабул қилинаётгани эҳтиёт чоралари сифатида талқин қилинган.

Жамоатчилик фикрича, қонун лойиҳаси, шубҳасиз, сўз эркинлигина таҳдиддир, оммавий намойишлар ва митингларни жиловлашга қаратилган қонун ҳужжатидир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов жамоатчилик хавотирларида жон борлигини таъкидлайди:

“Ўзбекистон қонунчилигида жиноий қилмиш деб саналадиган бир неча юзлаб нормалар бор. Зукко депутатларимиз ана шу жиноятлардан айнан нега “оммавий тартибсизлик ва ҳокимият вакилининг қонуний талабларига бўйсунмаслик”ни танлаб олишди?! Нега бошқа жиноятларга чақириқ бўлса, жиноий жавобгарлик йўғ-у, оммавий тартибсизлик ва ҳокимиятга бўйсунмасликка чақириш жавобгарликка асос бўлади?

Масаланинг нозик жиҳати шу ерда. Агар депутатлар барча оғир турдаги жиноятларга чақирганик учун жавобгарлик жорий қилиш тарафдори бўлишганида уларни тушунсак бўларди. Депутатларимиз журналистларни қонун ҳужжати билан табриклаб, ўзларини кулгига қўймагани маъқул”.

Депутат ОАВни манипулацияда айблади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев сўз эркинлигига раҳна солувчи қонун лойиҳаси қабул қилиниши фонида Ўзбекистон президенти куёви Отабек Умаров билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси ва унинг ортидан келиб чиққан муҳокамаларни Президент шахсини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракат, деб баҳолади.

“...Афсуски сўнгги кунларда Ўзбекистонга доир айрим тарқатилаётган ахборотлар мақсади ҳам бизда ҳавотирли саволлар пайдо қилмоқда.

Энг ёмони бу ҳаракатлар айнан сўз эркинлигини таъминлашда сиёсий иродасида қатъий турган муҳтарам Президент ва уларнинг оила-аъзолари билан билвосита боғлашга урғу берилаётгани энг камида ушбу мамлакат ва халққа дўст бўлмаган кишиларнинг уриниши эканлигини кўрсатмоқда. Мақсад – обрўсизлантириш”, - дейди депутат президентнинг куёви Отабек Умаров билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаси теварагида бзага келган ахборотларни назарда тутиб.

Таниқли депутат ахборот тарқатишда чегара ва макон тушунчаси йўқолиб бораётган бир вақтда ҳар қандай ахборот кетидан ишониб кетавериш жамиятни манипуляция қилиш эканини иддао қилади.

“Ҳурматли Отабек Умаровнинг соғлиги масаласи ҳам афсуски сўнгги вақтларда кўпроқ сиёсий қолипга кўчирилаяпти? Очиғи тушунмаяпман: бир кишининг автоҳалокатга учраши ва даволаниши шунчалар ғайритабиий ходисами?”, - дейди парламент вакили бу ҳодисага жамоатчиликнинг қизиқишини била туриб.

XS
SM
MD
LG