Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:26

Пентагон вакили Толибоннинг “Ислом давлати”га қарши тура олишига шубҳа билдирди


Колин Каль.
Колин Каль.

Пентагоннинг юқори мартабали мулозимига кўра, Афғонистонда ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳаракати толибларнинг муросасиз душмани саналадиган “Ислом давлати” (ИД) экстремистик гуруҳига қарши самарали кураш олиб бориш учун зарур салоҳиятга эгами, йўқми – ҳозирча мавҳум қолмоқда.

26 октябрь куни АҚШ мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Колин Каль Сенат қўмитасидаги чиқишида Америка разведка ҳамжамияти хулосасига кўра, Толибоннинг “Хуросон Ислом давлати” гуруҳини таъқиб этишга “иштиёқи баланд”лигини айтди. “Аммо улар бунга қанчалик қодирлигини ҳали аниқлаштириш керак”, дея қўшимча қилди у.

Аввалроқ “Хуросон Ислом давлати” толиблар август ойи ўрталарида Кобулни ишғол этиб, аксар вилоятларда назорат ўрнатганидан сўнг Афғонистонда амалга оширилган қатор ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган эди.

Сенатнинг қуролли кучлар бўйича қўмитасига берган изоҳида Каль, АҚШ разведка хизматлари маълумотига кўра, Афғонистонда “Хуросон Ислом давлати”нинг “бир неча минг” жангариси борлигини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, гуруҳ айни дамда АҚШга ҳужум қилишга қодир эмас, аммо олти ойдан сўнг бунга қурби етадиган қадар кучайиши мумкин.

Каль, шунингдек, Афғонистондаги “Ал Қоида” билан боғлиқ вазиятга ҳам тўхталиб, ушбу қуролли гуруҳ, унинг толиблар билан алоқаларини ҳисобга олганда анча жиддий муаммолар туғдиришини айтди.

Толиблар бошли Афғонистон ҳукуматида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий олдинроқ “Ислом давлати” жангарилари тарафидан бўладиган таҳдид бартараф этилишини, толиблар Афғонистоннинг террорчилик ҳужумлари учун плацдарм ўлароқ қўлланишига йўл қўймаслигини айтган эди.

“Исломий давлат” гуруҳининг Марказий Осиёдаги бўлинмаси гуруҳнинг асосий жангчилари 2014 йилнинг ёзида Сурия ва Ироқни босиб олиб, ўзларига хос халифаликни ташкил этганидан бир неча ой ўтгач пайдо бўлган эди. Сурия ва Ироқда гуруҳни сиқиб чиқариш учун маҳаллий ва халқаро қўшинлар беш йил курашди.

"Исломий давлат" террорчи гуруҳининг Афғонистондаги бўлими номи Ўрта асрларда Афғонистон, Эрон ва Марказий Осиёнинг кўп қисмини қамраб олган тарихий Хуросон вилояти номидан олинган.

Гуруҳ “ИШИД – Х” номи билан ҳам танилган. ИШИД эса, ўз навбатида, “Ироқ ва Шом исломий давлати” атамаси қисқартмасидир.

Гуруҳ бошида Покистондаги ҳарбий амалиётлар ортидан Афғонистондан бошпана топган бир неча юз покистонлик Толибон жангарилари турган. Йиллар давомида уларнинг сафига бошқа ҳамфикр экстремистлар, жумладан, Толибонни ошиқча мўътадил ва тинч деб билган толиблар қўшилган.

Сўнгги йилларда Толибон АҚШ билан тинчлик музокараларини олиб борар экан, норози толиблар янада экстремистик ғояларга эга “Исломий давлат” гуруҳига ўтди, натижада гуруҳ кенгайди. Кўпчиликнинг Толибон АҚШ билан музокара олиб бораётганидан ҳафсаласи пир бўлди, чунки улар Толибон ҳарбий ғалабага эришиш йўлида, деган хулосага келган эдилар.

Гуруҳ, шунингдек, “Ўзбекистон исломий ҳаракати” аъзолари, Эроннинг суннийлар яшайдиган ягона вилоятидан келган жангчилар ҳамда Хитойнинг шимоли-шарқидаги уйғурлар тузган “Туркистон Ислом партияси” аъзоларини ўзига жалб қилди.

“Исломий давлат” гуруҳининг зўравон ва ўта мафкуравий қарашлари, жумладан, Ислом оламини бирлаштириб, халифалик тузиш ваъдалари кўпчиликни ўзига тортди.

XS
SM
MD
LG