Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:05

Икки рассом Бадиий академия раисига гап қайтаргани учун уюшмадан ҳайдалди


Рассомлар Абдулла ва Нўъмон Холмирзаев
Рассомлар Абдулла ва Нўъмон Холмирзаев

Андижон шаҳрида яшаб, ижод қилиб келаëтган ака-ука рассом Нўъмонжон ва Абдуллажон Холмирзаевлар 15 декабрда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолигидан чиқарилди.

Бу ҳақда Озодликка 53 яшар рассом Абдуллажон Холмирзаев 7 январда хабар қилди. “Ижодкорлар уюшмаси раҳбари оддий гапга чидамсизлик қилиб, бизни уюшмадан ҳайдаб, ўч олди” деб иддао қилди рассом.

Ўзбекистон бадиий академия қошидаги Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Иброҳим Валиҳўжаевнинг Озодликка айтишича¸ рассом Абдуллажон Холмирзаев Бадиий академия раиси Акмал Нуриддиновга телефон орқали “Сен ўзинг кимсан” деб беҳурматлик қилгани боис ака-ука рассомлар “Бадиий ижодкорлар уюшмаси коллегия йиғилиши қарори билан уюшмадан ҳайдалган”.

Нўъмонжон Холмирзаев асари
Нўъмонжон Холмирзаев асари

Бадиий ижодкорлар уюшмаси мутахассиси Ойниса Пўлатованинг Озодликка айтишича¸ ​2019 йилнинг 19 ноябрида уюшма аъзолари Нўъмонжон ва Абдуллажон Холмирзаевлар республика бўйлаб кўргазма ташкил қилиш масаласида Бадиий академия раҳбари Акмал Нуритдиновга телефон қилишган. Суҳбат пайтида рассомлар Академия раисини беҳурмат қилган.

Озодликда нусхаси бўлган ҳужжатда Бадиий ижодкорлар уюшмаси раис вазифасини бажаруви Валиҳўжаев уюшманинг Андижон вилоят бўлими бошлиғи Дилшод Юсуповга расман мурожаат қилиб, “Ака-ука рассомларнинг уюшма раҳбариятига ҳурматсизлик қилгани асло кечириб бўлмас ҳолатдир” деб ёзган.

Ижодкорлар уюшмаси мактуби
Ижодкорлар уюшмаси мактуби

Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими бошлиғи Дилшод Юсупов Озодлик билан суҳбатда “Вазир мақомидаги раҳбарга тик гапирган рассомларни ҳайдаш эмас балки огоҳлантириш тарафдори” бўлганини айтди:

- Акмал Нуриддинов Бадиий академия раиси. Президент тайинлаган вазир мақомидаги шахс. Шундай улуғ одамга “сен кимсан” дейиш тўғри келмайди. Бу иккала рассомни ижодкор сифатида хурмат қиламан. Уларга чора кўриш масаласида илк сўз менга берилди. Уларни ҳайдамасдан фақат огоҳлантириш берайлик дедим¸ Аммо коллегия ҳайъати аъзоликдан чиқаришга қарор қилди.

Рассомларни уюшмадан ҳайдаш таклифини мажлисда қўллаб- қувватлаган уюшманинг Хоразм вилоят бўлими раҳбари Машарип Мадаминов Озодлик билан суҳбатда “раҳбарлар юзига тик қарайдиган бундайин рассомларга орамизда ўрин йўқ” деди.

Бадиий уюшма мутахассиси Ойниса Пўлатованинг Озодликка айтишича¸ бу иккала талантли рассомга уюшма бутун республика бўйлаб кўргазмалар ташкил қилиш борасида кенг миқëсли ëрдам берган:

- Ака-ука Холмирзаевлар уюшма кўмаги билан олтита вилоятда кўргазма ўтказишди. Кўргазма заллари уларга имтиëзли асосда тақдим қилинди. Яратилган шароитларга қарамай академия раҳбарига “сен кимсан” дейиш ижодкор одоб-аҳлоқига тўғри келмайди.

Рассомлар Нўъмонжон ва Абдуллажон Холмирзаевлар Озодлик билан суҳбатда ҳеч кимни ҳақорат қилмаганлигини айтишди. Абдуллажон Холмирзаевнинг фикрича, бу даҳанаки жанг ҳақидаги гаплар пашшадан фил ясаш холос:

- Мен “Тол бешикдан бошланган дунë” деган кўргазма билан боғлиқ техник масала ечими бўйича раҳбариятга телефон қилдим. Менга “сен кимсан ўзи? Рассом бўлиб нима ишни қойиллатдинг" деб аччиқ гапирди. Мен эса ўзинг кимсан? Сен рассом бўлиб нимани қойиллатдинг, дедим. Бу - бир рассомнинг иккинчи рассомга берган риторик саволи. Чунки Рембрандт билан солиштирсак, ҳеч биримизнинг санъат соҳасида қойиллатиб қўйган жойимиз йўқ. Мен қаердан билибман рассомлар академиясида шахсга сиғиниш борлигини?!

Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Иброҳим Валиҳўжаевнинг айтишича¸ рассом Абдуллажон Холмирзаев риторикасида ҳақорат эмас кибр бўлган:

- Биз уларнинг ортидан эшикни қаттиқ ëпмадик. Уюшмага қайта тиклаш масаласида ариза беришлари мумкин.

Бадиий академия ёки "Рассомлар вазирлиги"

1997 йилнинг 11 мартида Ўзбекистондаги мавжуд жамоат ташкилоти - Рассомлар уюшмаси тугатилиб, унинг ўрнида Ўзбекистон Бадиий академияси ташкил қилинган эди.

Академия вазирлик мақомига тенглаштирилган. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йилдаги 131- қарорига асосан Академия қошида Бадиий ижодкорлар уюшмаси фаолият олиб боради.

Уюшма Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Қорақалоғистондаги рассомларни ўзида бирлаштирган.

Уюшма ўз тарихида "ҳукумат учун исталмаган ижодкорларни ўз сафидан чиқаргани" билан танилган.

Таниқли рассомлар Абдуҳаким Турдиев ва Давронбек Йўлдошевлар чет эл радиосига суҳбат берганликда айбланиб, уюшмадан чиқарилган эди. Бундай ҳолатлар ортидан таниқли рассом Вячеслав Охунов 1997 йили уюшмани намойишкорона тарк этган эди.

“Тол бешикдан бошланган дунë”

Ака-ука рассомлар Нўъмонжон ва Абдуллажон Холмирзаевлар ўтган йили бутун республика бўйлаб “Тол бешикдан бошланган дунë” деган сайëр кўргазма очишган эди.

Абдуллажон Холмирзаев асари
Абдуллажон Холмирзаев асари

61 яшар рассом Нўъмонжон Холмирзаевнинг айтишича, у 1863 йили Россияни маърифатли қилишга бел боғлаган “передвижник” рассомлардан илҳомланиб бу кўргазмага бел боғлаган:

- Перов, Саврасов, Шишкин, Репин ва Архип Куинжи каби рассомлар қишлоқма-қишлоқ юриб кўргазма қилишган. Бу рассомларга тақлидан укам билан 6 вилоятда кўргазма қилдик. Укам Абдулла ўтган йилнинг 20 декабрида Россиянинг Владимир шаҳрида кўргазма қилди. Якуний кўргазма 20 январда Москвада бўлади.

XS
SM
MD
LG