Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:35

Россия-Украина чегарасида вазият кескинлашди. Янги уруш эҳтимолидан хавотир кучаймоқда


Охирги кунларда таҳлилчилар Украина билан чегарада Россия қўшинлари ва ҳарбий техникаси фаоллашганига эътибор қаратмоқда.
Охирги кунларда таҳлилчилар Украина билан чегарада Россия қўшинлари ва ҳарбий техникаси фаоллашганига эътибор қаратмоқда.

Украина шарқидаги зиддият ҳудудида кескинлик тобора кучайиб бораётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Пайшанба куни Украина президенти Володимир Зеленский жабҳа чизиғида бўлган. Президент матбуот хизмати Зеленский "ўт очишни тўхтатиш режими энг кўп бузилган мудофаа чизиғининг олдинги мавқейида" бўлгани ҳақида хабар берди.

Шу куни Кремлнинг Украина билан муносабатлар учун масъул мулозими Дмитрий Козак жанговар ҳаракатларнинг бошланиши "Киев учун охирнинг бошланиши" бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Москвадаги экспертлар билан учрашув чоғида Козак Кремл расман Украинанинг ички зиддияти деб ҳисоблайдиган урушга Москванинг тўғридан-тўғри аралашуви эҳтимолини истисно қилмади. Москва Донбассдаги урушда Киевни айблаб келади. Украина эса Россияни янги агрессияга тайёргарлик кўраётганликда айбламоқда.

Айни пайтда Қўшма Штатлар Украинага дастак белгиси сифатида Қора денгизга ўз ҳарбий кемасини йўллаш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда СNN телеканали Пентагондаги манбаларга таяниб хабар берди.

Пентагон вакилининг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбий кемалари ҳозирнинг ўзида Қора денгизда мавжуд, қўшимча кемаларнинг юборилиши эса "Москва учун алоҳида сигнал бўлади".

  • Охирги кунларда таҳлилчилар ва Ғарб давлатлари расмийлари Украина билан чегарада Россия қўшинлари сонининг кўпайгани ва ҳарбий техникасининг фаоллашганига эътибор қаратмоқда. Рус қўшинлари доимий дислокация қилинган базалардан ҳарбий лагерларга юришни бошлаган. Шундай лагерлардан бири Conflict Intelligence Team гуруҳининг билдиришича, Украина чегарасидан тақрибан 250 километр узоқликда жойлашган.
  • Киев расмийлари Россия Украина шарқидаги "ДНР" ва "ЛНР" деб аталган москвапараст бўлгинчиларни дастаклаш баҳонасида Украинага бостириб киришга ҳозирлик кўраётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Москва ўз ҳарбийлари ўқув машғулотлари доирасида ҳаракатланаётганини айтиб, бу ўзининг ички иши эканини урғуламоқда. Айни пайтда Кремл расмийлари Украина Донбассга ҳужум уюштириши мумкинлигини даъво қилиб, бу ҳолатда Москва қатъий жавоб қайтариши ҳақида огоҳлантирди.

Украинанинг Россия икки мамлакат чегарасида ҳарбий қўшинлари сонини кўпайтираётгани тўғрисидаги иддаолари манзарасида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Киевни Украина шарқида «янги уруш» бошлаш уринишлари оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.

Кейинги кунларда Украина шарқида Киев кучлари ва Россия дастаклаётган бўлгинчилар ўртасидаги узоқ йиллик можаро авж олди.

Киев бўлгинчилар ўтган йилнинг июль ойида имзоланган «сулҳни мунтазам равишда бузмоқда» деб даъво қилмоқда. Украина, шунингдек, Россияни чегарага яқин ҳудудга ўз ҳарбий қўшинларини сафарбар қилишда айблади. Кремль эса бу айбловни рад этди.

1 апрель куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Twitter платформасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) бош котиби Хельга Шмид билан «Россиянинг Украина шарқи ва Қримда хавфсизлик вазиятини мунтазам равишда кескинлаштираётгани тўғрисида» суҳбатлашгани ҳақида ёзди.

У, шунингдек, жорий ҳафтада ЕХҲТнинг Украинадаги махсус кузатув миссияси яна бир йилга узайтирилганини олқишлади. Вазир ташкилот «Россия ҳаракатларини диққат билан кузатиб бориши кераклигини» қўшимча қилди.

Ўша куни «Первий канал» телеканалида эфирга узатилган интервьюда Лавров Россия президенти Владимир Путиннинг «Донбассда янги уруш бошлашга уринаётганлар хароб бўлади», деган гапларини эслатди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса Россия «ўз ҳудудида қўшинларни ўз хоҳишига кўра кўчирмоқда ва бу ҳеч кимни ташвишлантирмаслиги керак», - деди.

Лавров ва Песков шарҳлари ортидан АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс Москвани Украинани «қўрқитмасликка» чорлади.

«Биз сўнгги пайтда Россиянинг Украина шарқидаги тажовузкор ва провокацион ҳаракатлари авж олаётганидан қаттиқ хавотирдамиз», - деди журналистлар олдида сўзлаган Прайс.

Россия Қримни 2014 йилда ўтказилган референдум натижаларига кўра аннексия қилиб олган. Референдумдан олдин Россия ўз қўшинларини яриморолга киритган эди.

Ўшандан буён Украина шарқида айирмачилар билан Киев кучлари ўртасида ҳарбий тўқнашувлар давом этмоқда. Москва кўп сонли исбот-далилларга қарамасдан, Украина шарқида айирмачиларни дастаклаётганини инкор этиб келади.

ЕХҲТнинг Украинадаги миссияси кейинги кунларда Донецк ва Луганскда тинчлик сулҳи юзлаб марта бузилганини билдирди. Тўқнашувларда бугунга қадар 13 мингдан ошиқ одам нобуд бўлган.

26 март куни Украина ҳарбий кучлари Донецкда содир бўлган отишмада тўрт нафар украиналик аскар ҳалок бўлгани, яна икки киши яраланганини маълум қилди. AFP агентлигининг хабар беришича, бу билан 19 декабрдан бери ҳалок бўлган украиналик ҳарбийлар сони 19 кишига етган.

Украина Бош штаби бошлиғи Руслан Хомчак 30 март куни Москвани «стратегик машғулотларга тайёргарлик ниқоби остида» Украина – Россия чегараси яқинида ҳарбий қўшинлари сонини оширишда айблади.

Украина армияси бошлиғи «Америка Овози» нашрига берган интервьюсида Донецк ва Луганскда шусиз ҳам Россиянинг доимий қўшинлари кўмаги билан жойлаштирилган жанговар бригадалар, полклар ва таъминот бўлинмаларида минглаб қўшинлар борлигини айтди.

Хомчак Украина парламентида сўзлаган нутқи давомида Россия ўз ҳарбий кучларини чегара ҳудудига юбораётганини айтган эди.

Россия президенти Владимир Путин 30 март куни Франция президенти Эммануэль Макрон ва Германия канцлери Ангела Меркель билан ўтказилган видеоанжуман давомида Киев айбловларига жавоб қайтарган.

Кремль баёнотига кўра, Путин Украинадаги танглик учун Киевни айблаган ва Украинани маҳаллий бўлгинчи кучлар билан тўғридан-тўғри мулоқотга чақирган.

Франция президенти маъмурияти эълон қилган баёнотда айтилишича, анжуман давомида Макрон ва Меркель Путинни эскалация олдини олиш учун чора кўришга ундаган.

XS
SM
MD
LG