Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:33

Толибон Афғонистон «Олий раҳбари» деб эълон қилган Ҳайбатулло Охундзода ким?


55 ёшли Мавлавий Ҳайбатулло Охундзода Толибон радикал гуруҳига 2016 йилнинг май ойидан бери раҳбарлик қилиб келади.
55 ёшли Мавлавий Ҳайбатулло Охундзода Толибон радикал гуруҳига 2016 йилнинг май ойидан бери раҳбарлик қилиб келади.

Толибон муросасиз сунний руҳонийни "Олий раҳбар" этиб тайинлади. Жангарилар ўтган ой Ғарб мамлакатлари тан олган ҳукуматни ағдариб, ҳокимиятни босиб олган эди.

Толибон янги ҳукумат тузди, лекин у ҳали хорижий мамлакатлар томонидан тан олингани йўқ.

55 ёшли Мавлавий Ҳайбатулло Охундзода Толибон радикал гуруҳига 2016 йилнинг май ойидан бери раҳбарлик қилиб келади. Гуруҳнинг аввалги етакчиси мулла Ахтар Муҳаммад Мансур Покистон жануби-ғарбида АҚШ амалга оширган дрон зарбаси натижасида ўлдирилганди.

7 сентябрь куни Толибон вакили Аҳмадулло Восиқ Би‑би‑сига Охундзода расман «амир ал-мўминин» деб аталишини тасдиқлади.

«[Охундзода] – диний арбоб, у диний фаолияти туфайли катта ҳурматга сазовор бўлган», деди афғонистонлик журналист Сами Юсуфзай Озодлик радиосининг «Гандҳара» нашрига.

«У Толибон қозиси бўлган, ҳаракат асосчиси мулла Муҳаммад Умарнинг ишончли одами бўлган».

Охундзода Муҳаммад пайғамбарнинг ҳаёти ва таълимоти ҳақида чуқур билимга эга бўлгани учун уни кўпинча Шайхул Ҳадис деб аташади. Шунингдек, у деобандий, яъни сунний Исломни «қайта тиклаш» тарафдоридир.

«У исломшунос ва [диний мавзуларда] бир қанча китоблар муаллифи», деди Юсуфзай.

Унинг сўзларига кўра, 2001 йил охирида АҚШ бошчилигидаги коалиция Афғонистонга бостириб кириб, Толибонни ағдарганидан кейин, Охундзода бошқа Толибон раҳбарлари каби Покистоннинг жануби-ғарбий Балучистон вилоятидан бошпана топган.

«У Кветта яқинида мадраса имоми бўлган», деди Юсуфзай.

Кветта шаҳри Балучистон вилояти пойтахтидир.

«У “Охундзода Кучлак” номи билан танилган ва минтақадаги турли мадрасаларда битирув маросимларида қатнашган».

Кучлак Кветта яқинидаги кичик шаҳарча бўлиб, сўнгги йигирма йил ичида Толибоннинг кўплаб юқори мартабали раҳбарлари айнан ўша ерда бошпана топгани айтилади.

Толибоннинг сўнгги баёнотлари шуни кўрсатадики, Охундзода, Толибон ҳукуматнинг стратегик йўналишини белгилайди.

«Исломий Амирлик раҳбари кенг кўламли кўрсатма берди ва барчага ўз мажбуриятларини тушунтирди», деб твит ёзди Толибон матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид.

Жорий ҳафтада Қандаҳор шаҳрида Толибон етакчилари уч кун маслаҳатлашди.

Толибон Охундзодани узоқни кўра олувчи раҳбар сифатида кўрсатишга уринмоқда.

Толибон матбуотига кўра, июль ойида Охундзода:

«Ҳамма хорижий кучлар мамлакатимиздан чиқарилганидан сўнг, дунё билан, жумладан, АҚШ билан яхши муносабатлар ўрнатишни истаймиз», деган.

«Бундай муносабатлар дипломатик, сиёсий ва иқтисодий жиҳатларга эга бўлиши керак», деган у.

Толибон ҳаракати асосчиси Мулла Умар сингари, Охундзода Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятидан. Айнан шу вилоятда 1994 йилда толиблар ҳаракати пайдо бўлган. Охунздода тобора юқори лавозимларни эгаллаган ва 1990-йиллар охирига келиб Толибон ҳарбий судлари бош судьяси этиб тайинланган.

2015 йилда Мансур Толибоннинг норасмий раҳбари бўлиб етишганидан кейин, Охундзода унинг ўринбосари этиб тайинланган. Бунда Охундзоданинг қабилавий алоқалари, Мансур билан яхши муносабатда бўлгани ва диний уламо ўлароқ шуҳрат қозонгани муҳим рол ўйнаган.

Мураккаб курашдан сўнг, Мансур 2015 йилда расман Толибон раҳбари этиб тайинланган. Аслида у икки йил давомида Умарнинг ўлимини яшириб, гуруҳнинг de facto раҳбар ўлароқ фаолият юритиб келган. Умар 2013 йил апрель ойида вафот этгани тахмин қилинади.

Толибон позициясини тушунтиришга уриниб турадиган собиқ Толибон расмийси – кобуллик Назар Муҳаммад Мутмаъин Охундзодани узоқ диний маъруза қилишга мойил, сипо диний уламо ўлароқ таърифлади.

«У ҳис-туйғуларини бошқара олади ва Толибон энди унга гуруҳ сафларини бирлаштира оладиган одам сифатида қарамоқда», деди у.

Охундзода бошчилигида Толибон дипломатик ва ҳарбий ғалабаларга эришган. Шунингдек, Охундзода ҳамда унинг сиёсий ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар раҳбарлиги остида гуруҳ АҚШ билан муҳим келишув имзолаган. 2020 йил февраль ойида Доҳада имзоланган келишув АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистондан тўлиқ чиқиб кетишига йўл очди.

Охундзода Умарнинг тўнғич ўғли Мулла Ёқубни ўз ўринбосари этиб тайинлаган, шунингдек, «Ҳаққоний» тармоғи раҳбари Сирожиддин Ҳаққоний билан бир қаторда унга ҳарбий қўмондон ролини берган. Бу эса Толибон парчаланиб кетишининг олдини олган.

Айни дамда Охундзода олдида кўплаб қийинчиликлар бор.

У бошчилигида Толибон халқаро легитимликни қўлга киритиш учун курашишга мажбур бўлиши мумкин. Бундан ташқари, унинг олдида ўсиб бораётган ички иқтисодий инқироз муаммоси турибди. Қолаверса, Афғонистоннинг 38 миллионга яқин аҳолиси ундан хавфсизликдан ташқари фаровонлик ва шахсий эркинликларни талаб қилишини кутиш мумкин.

Толибон жаҳон ҳамжамияти назарида ислоҳотларни амалга ошириш тўғрисида кўплаб ваъдаларни берган бўлса-да, жангари гуруҳнинг ошиб бораётган талаблари ва умидларини қондириш Охундзода учун бундан ҳам қийинроқ масалага айланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG