Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:57

Тошкентни босиб олишда ўлган 24 чор аскарига аталган бутхона Тошкент ҳокимлиги бюджетидан таъмирланди


Тошкентдаги бутхона
Тошкентдаги бутхона

Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман, Камолон маҳалласидаги шаҳарни босиб олишда ўлган рус босқинчи аскарлари хотирасига бундан 150 йил олдин қурилган бутхона таъмирланиб, 21 апрель куни зиëрат учун очилди.

Бутхонанинг тантанали очилиш маросими рус насронийларининг Пасха байрамига режаланган эди. Тантанада Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси¸ Россия Давлат думаси депутатлари қатнашиши кутилаëтган эди.

Коронавирус хавфи туфайли Тошкентда жорий қилинган карантин боис расмий очилиш тадбири бошқа кунга қолдирилди.

Тантанали очилиш маросими илк бошда 2019 йилнинг 3 ноябрига, яъни бу обидани тиклаган Туркистон генерал-губернатори Михаил Черняевнинг туғилган кунига белгиланган, аммо қурилиш чўзилгани боис очилиш 2020 йилга кўчирилган эди.

1886 йили рус инженери Ульянов лойиҳаси асосида қурилиб¸ совет даврида қаровсиз қолган бутхона 2019 йилнинг 28 сентябрида таъмирлана бошланган эди.

Бутхона таъмири режасини Маданият вазири ўринбосари тасдиқлаган
Бутхона таъмири режасини Маданият вазири ўринбосари тасдиқлаган

Бутхона 1886 йили Тошкентни босиб олиш учун қурол кўтариб келганида ўлган 24 нафар рус ишғолчи аскарлари биродарлик қабристони устида тикланган.

Бутхонанинг йўқолиб кетган мозаика фрескаси ҳам қайтадан тикланди.

Рангли смальта тошларидан ясалган фрескада чор аскарларининг ишғолчи юришларида авлиë деб эъзозланадиган “Музаффар Георгий” ( Георгий Победоносец) қўлида найза билан тасвирланган.

Бутхонанинг йўқолиб кетган мозаика фрескаси ҳам қайтадан тикланди.
Бутхонанинг йўқолиб кетган мозаика фрескаси ҳам қайтадан тикланди.

Бутхона тепасидаги хоч латундан қайта ясалиб ўрнатилди ва таъмир учун охактош Бухородан келтирилди.

Бутхона тўлалигича Тошкент ҳокимлиги бюджетидан таъмирланди. Бу ҳақда Озодликка Тошкент шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш департаменти мулозими маълум қилди.

Мулозим таъмир учун аниқ қанча сумма кетганлигини очиқламади.

Озодлк суҳбатлашган меъмор ва санъатшунослар таъмир учун камида бир миллион АҚШ доллари сарфланганини айтишди.

Улар ўз ҳисоб-китобини тошлардан оригинал мозаикани ясаш ва монтаж қилиш, хоч ва бошқа декорлар ишлови¸ атрофни ободонлаштириш каби ҳаражатлардан келиб чиқиб айтишди.

Уларнинг айтишича¸ бутхона таъмири боис уйи бузилганларга тўланадиган товон бу суммага кирмайди. Бутхона таъмири пайтида¸ обидага ëндош иккита ховли бузилган.

Ҳукумат қарори

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати мулозимига кўра¸ бутхона таъмири юзасидан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори асос қилиб олинган:

- Кабмин қарори асосида Ўзбекистон Маданият вазири Бахтиëр Сайфуллаев 2019 йил 28 июнда 411-сонли буйруқ чиқариб, часовняни маданий мерос ёдгорлиги сифатида тезда рўйхатдан ўтказди. Шундан кейин уни қайта тиклаш лойиҳаси бошланди.

Реставрация эмас, реконструкция

Бутхона реконструкциясини амалга ошириш “Meros chashmasi” лойиҳалаш ширкати тарафидан амалга оширилди.

Ширкат бинони реставрация эмас, балки реконструкция қилди¸ дея билдирди тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиев Озодлик билан суҳбатда:

- Масалан, бутхона олдидаги рус аскарлари номи ëзилган ëдгорлик ва хоч йўқолиб кетган. Бу хоч қайта тикланди.Мармар лавҳага 24 нафар рус аскарининг номи бирма-бир ëзилди. Бу матн 1865 йилдаги матнни айнан такрорлайди. Яъни "Россия учун жон фидо қилиб, душманлар қўлида ўлган аскарларга худо ëр бўлсин" деган жумла ҳам бўлади. Бу ерда душманлар деганда ўз шаҳрини ҳимоя қилган тошкентликлар тушунилади албатта.

Тошкентлик рассом¸Россия дизайнерлар иттифоқи ва Россия рассомлар уюшмаси аъзоси Ғайрат Қўзибоев Озодлик билан суҳбатда 1886 йилги иншоотдан асар ҳам қолмаганидан таассуф билдирди:

- Оригиналдан асар ҳам қолмаган. Ғирт ўзбекча реставрация. Муқаддас Иорген ҳам бундай мўжизага қодир эмас. Ўзбекистон Маданият вазирлигидаги «реставратор»лар мардикор ëллаб 19- асрга оид вайрон бўлган обидани олти ойда тирилтиришди. Европа реставраторлари келиб ўзбеклардан дарс олиб кетса бўларкан . Мен Ўзбекистон Маданият вазирлиги мулозимларини Францияга жўнатган бўлардим. Улар Париждаги Нотр-Дам-де-Пари соборини 3 ойда ялтиллатиб ремонт қилиб беришарди. Жиддий айтадиган бўлсак қадимий обида таниб бўлмас холатга келди ва ўз меъморий қийматини йўқотди, - дейди Қўзибоев.

Советлар ва Каримов даврида обида қайдга олинмаган

Тошкентлик санъатшунос Турдиевга кўра¸ ишғолчи чор аскарлари хотирасига тикланган бутхона Совет даврида сиëсий андиша ва маҳаллий халқ хиссиëтларини эътиборга олиб Маданият вазирлигида обида, дея қайд қилинмаган:

- Масалан, уни маҳаллий аҳоли бузиб ташласа¸ буни ҳеч қандай оқибатиям бўлмасди. Шунга ўхшаш бутхоналар Фарғонада бузиб ташланган. Мустақилликдан кейин Каримов даврида ҳам бутхона Маданият вазирлиги обидалар рўйхатига киритилмади. Тошкентга сафар қилган рус шовинист сиëсатчилари ва уларнинг маҳаллий ҳайбаракаллачилари Каримов даврида бир-икки марта бутхонани тиклаш масаласини кўтаришди. Аммо уларнинг гапи инобат бўлмади.

Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ Мирзиëев даврига келиб бутхонанинг зудлик билан тарихий мерос рўйхатига киритилиши ва Молия вазирлигидан тўғридан-тўғри молияланадиган қиммат реконструкция бошланиши Ўзбекистон янги раҳбариятининг Кремлга мулозаматидир:

- 2019 йилнинг 28 июнь куни Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси митрополити Владика Викентий бу ерга келиб бинони қайта чўқинтирди. Қўлига супурги олиб, муқаддас сув сепиб, табаррук қилди. Владика Викентий бутхонага рус ҳалоскор аскари тимсоли бўлган авлиë Георгий иконаси қўйилишидан мамнунлик билдирди. Бухоро ва Самарқанддаги ëдгорликлар таъмирига пул етмаëтган пайтда рус босқинчиларига қўйилган бутхона таъмирининг устувор лойиҳа сифатида пул ажратилиб тезда битказилгани шубҳали.

Тарихчи олим Умид Бобоматовга кўра¸ Бутхона 1865 йилнинг 15 июлида Тошкентни босиб олган пайтда ҳалок бўлган 24 нафар Чор босқинчи аскарлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида Россия императори Александр Иккинчи фармони билан қурилган.

- Камолон маҳалласида рус босқинчи аскарларига Қўқон хони Алимқулихон сарбозлари ва маҳаллий аҳоли қаттиқ қаршилик кўрсатган. Айнан шу маҳаллада чор босқинчи армияси катта талафотга учраган. 1300 нафар рус босқинчи аскарларига қарши 30 минг маҳаллий аҳоли фаол қаршилик кўрсатган. Рус аскарлари тарафидан қирғин қилинган тошкентликлар сонига оид аниқ тарихий маълумотлар йўқ. Рус босқинчиларига қарши курашган тошкентликлар хотирасига ҳеч қандай ëдгорлик ўрнатилмаган.

"Ўзини хурмат қиладиган миллат босқинчига ëдгорлик қўймайди"

Тошкентлик сиëсатшунос Анвар Назир Озодлик билан 23 апрель куни қилган суҳбатида босқинчиларга ўрнатилган ëдгорликнинг давлат ҳисобидан таъмирланишини 150 йил олдин ўз шаҳрини ҳимоя қилиб ўлган ватансевар ота-боболар хотирасининг топталиши сифатида баҳолади:

- Камолон маҳалласи аҳолиси бутхонани 150 йилдан бери супуриб- сидириб, обод қилиб ушлаб туришган эди. Хатто совет даврида уни ғиштга бузиб оламиз дейишганда ҳам маҳалла оқсоқоллари "тегманглар, ўлганларнинг руҳини безовта килиб нима қиласизлар", деб сақлаб қолишган эди. Бироқ, юз метр наридаги Камолон масжидининг орқасидаги мозорда шу жангда ҳалок бўлган, шаҳарни ҳимоя қиламан, деб шаҳид бўлган минглаб тошкентлик ва асосан қўқонлик аскарлар қабрини ҳеч ким обод ҳам килмайди, номи-насабини ҳам билмайди.

Анвар Назир:: Ўзини хурмат қилган миллат босқинчига ëдгорлик ўрнатмайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:32:55 0:00
Бевосита линк


XS
SM
MD
LG