Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:31

Киевдаги машҳур ҳарбий мактабга илк марта қизлар ўқишга қабул қилинди


Иван Богур номидаги обрўли ҳарбий лицейда ўқий бошлаган қизлар.
Иван Богур номидаги обрўли ҳарбий лицейда ўқий бошлаган қизлар.

Ўсмир қиз Лина Назипова ҳар доим ота-онасининг изидан боришни орзу қилар эди. Жорий ҳафтада у шундай имкониятга эга бўлди.

Назипова 2 сентябрда Киевнинг Иван Богур номидаги обрўли ҳарбий лицейида ўқий бошлаган 20 қизнинг биридир. Ушбу гуруҳга илк марта қизлар қабул қилинди.

Лина Назипова
Лина Назипова

− Мен орзуим отам ва бобом сингари вертолёт учувчиси бўлишдир, − деди у ўқишнинг биринчи куни сабоқлари бошланиши олдидан. Линанинг айтишича, унинг онаси ҳам қуролли кучларда хизмат қилади.

20 қиз ўқувчи учун мактабда янги, алоҳида синф ташкил қилинди, энди ушбу синф Биринчи эскадрильянинг биринчи бўлинмаси деб аталади.

Шу билан синфнинг бошқаларидан фарқи тугайди.

Мактаб директори, генерал-майор Игорь Гордичук мактабдаги 300 ўқувчининг барчаси учун қабул талаблари, жинсидан қатъи назар, бир хил бўлганини, улар фақат қизларнинг кучи, чаққонлиги, бардошлилиги, руҳий тайёргарлиги ва иштиёқига асосланганини айтди.

Мактаб тарихида илк марта қизлар ҳам ўқитиладиган бўлди.

‒ Мактаб тарихида илк марта қизлар ҳам ўқитиладиган бўлди. Улар кириш имтиҳонларини топшириб, Иван Богур номидаги ҳарбий лицей ўқувчиси деган шарафли номга сазовор бўлди, ‒ деди у Украинанинг “Громадске” хабарлар сайтига. ‒ Агар жорий йил яхши тугаса, биз мактаб раҳбариятига таклифларимизни исботлаб беришимиз ва қиз ўқувчилар сонини яна кўпайтиришимиз мумкин.

Ҳарбий лицейнинг қиз курсантлари
Ҳарбий лицейнинг қиз курсантлари

Мактабнинг асосий биноси чор Россияси меъморчилиги кўринишида бўлиб, XX аср бошларида қурилган, дастлаб у ерга муҳандислик мактаби жойлашган эди. Бино айни пайтда шаҳарнинг томошабоп жойларидан биридир.

Жорий йилнинг январь ҳолатига Украина шарқида Бирлашган қўшинлар амалиёти чоғида Москвага суянаётган бўлгинчиларга қарши курашаётган барча аскарларнинг 8 фоизи аёллар, уларнинг 4 фоизи эса катта зобитлардир, дейди ҳарбийлар.

Мудофаа вазирлигига кўра, худди НАТОга аъзо мамлакатларда бўлгани каби, Украина қуролли кучлари сафидаги жами хизматчилариннг 10 фоизи ҳам аёллардир.

Бўлинма командири ва таълим бўйича назоратчи Юлия Микитенкога кўра, гарчи қизлар синфидаги ўқувчиларнинг иштиёқи баланд бўлса-да, ҳафсаласи пир бўлиши ҳам ҳеч гап эмас.

Айрим қизлар умр бўйи аскар бўлишни орзу қилиб, лицейга кирди.

‒ 20 қизнинг ҳаммаси ҳам қаерга келиб қолганини тушунадими? Албатта, йўқ, ‒ деди у. “Узр, мен бунга тайёр эмас эдим”, деб айтадиган қизлар бўлиши ҳам мумкин. Ҳеч ким уларни айбламайди, чунки армия хизмати жуда оғир. Лекин айрим қизлар умр бўйи аскар бўлишни орзу қилиб, лицейга кирди. Уларнинг қизиқиши катта, нима истаётганини яхши билади.

15 яшар Аполинария Иванованинг ҳарбий хизматга қизиқишига шахсий сабаблари бор эди. Лагерга бориб, уруш ветеранлари ҳикоясини тинглагач, шу соҳага қизиқиши янада ортди.

Иванова 2014 йили Россияга суянаётган бўлгинчилар билан Украина аскарлари ўртасида уруш бошлангандан сўнг Луганск вилоятидаги Северодонецк шаҳридан кўчиб кетишга мажбур бўлган эди.

Уруш сабаб оиласи бўлиниб кетди: онаси кекса қариндошларига қараш учун ўша ерда қолди, ўзи эса опаси ва отаси билан хавфсиз Киевга кўчиб ўтди.

− Мен 11ёшимда аскар бўлишни кўнглимга тугиб қўйган эдим. Бунга ота-онам розилик берди. Улар мени ватанпарварлик лагерларига жўната бошлади. Биз жанг қилиш тактикасини, пулемётни қандай бўлакларга ажратиш ва йиғишни ўргандик, − деди у. – Бу менга келгусида ҳарбий мутахассислик – разведкачиликни танлашимда ёрдам берди. Мен қуруқликдаги қўшинлар сафига бориб қўшиламан ҳамда ўз тажрибам билан қизлар ҳам ҳарбий қисм командири бўлиши мумкинлигини исботлаб беришни режалаштиряпман.

XS
SM
MD
LG