Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:47

Намангандан Андижонга электр тармоғи фермерларнинг буғдойзорини пайҳон қилиш эвазига тортилмоқда


Фермер Шамшиддин Мирзакаримовга қарашли даланинг электр тармоғи тортилаётган қисми. Орқа планда темир симёғоч кўринмоқда. Улуғнор тумани, 2020, 3 март.
Фермер Шамшиддин Мирзакаримовга қарашли даланинг электр тармоғи тортилаётган қисми. Орқа планда темир симёғоч кўринмоқда. Улуғнор тумани, 2020, 3 март.

Андижон вилоят, Улуғнор туманида 45 фермер хўжалигининг буғдой экилган далалари бир қисми Тўрақўрғон ИЭСидан (Наманган вилояти) Андижон туманидаги Юлдуз подстанциясига юқори кучланишли линия тортиш жараёнида пайҳон қилинмоқда.

Фермерлардан бирининг айтишича, биргина унинг юз гектарли ерига кузда сепилган ва униб чиққан буғдойнинг 5 гектардаги қисми нобуд бўлган, у кўрган зиён эса юз миллион сўмни ташкил қилган. Фермерга кўра, бу ердан линия ўтиши ҳақида ўзи ҳам, бошқа фермерлар ҳам олдиндан огоҳлантирилмаган.

Бу ҳолатни тасдиқлаган Улуғнор туман ҳокими ўринбосари фермерларга келтирилган зиён тўлаб берилишини айтди. Қурилиш ишларини олиб бораётган “Электрқишлоққурилиш” ширкатининг расмий вакили эса фермерлар бир неча ой олдин бу ҳақда огоҳлантирилганини билдирди.

"Биргина мен юз миллион сўм зиён кўрдим"

Андижон вилоят, Улуғнор туман, Мирзааҳмедов массивидаги Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли ҳудудда фермерлик қилувчи Шамшиддин Мирзакаримов Озодлик билан 5 март куни бўлган суҳбатда:

- Ҳозир 3 гектарча еримни пайҳон қилишди. Умуман 5 гектар буғдой экилган еримни пайҳон қилишар экан. Ҳозир буғдойни суғоришим керак. Лекин еримга техника кириб, пайҳон қилгани оқибатида агротехник тадбирларни амалга ошира олмаяпман. Бу эса ҳосилдорликнинг камайишига олиб келади, -деб айтди.

Унга кўра, у бунинг оқибатида камида юз миллион сўм зиён кўради. Фермер ўз ерида юқори кучланишдаги линия тортилишидан аввалдан огоҳлантирилмаган:

- Огоҳлантириб қўйишганида бу ерга экин экмаган бўлардим. Шунча меҳнатим, шунча пул ҳавога учди.

Ҳоким ўринбосари: Бузилган экин ҳаражати тўланади. Қачонлиги номаълум

Улуғнор туман ҳокими ўринбосари Нўмонжон Қирғизов Озодлик билан суҳбатда фермерлар экин эккан ерлардан юқори кучланишдаги линия ўтаётгани, шунинг учун ер пайҳон қилинганини тасдиқлади:

-Туманимиздан юқори кучланишли бу линия жами 45 та фермер хўжалиги еридан ўтади. Линияни тортаётган ташкилот фермерларнинг пулларини тўлаб беришга ваъда берган. Қайси ташкилот бу ишни қилаётганидан хабарим йўқ. Шу электрга қарашли ташкилот-да...

Нўмонжон Қирғизовга кўра, фермерларга келтирилган зиён қачон тўлаб берилиши ҳозирча номаълум.

“Лекин пайҳон қилинган ерларнинг сотихи аниқланиб, унга кетган сарф-ҳаражат тўлаб берилади. Ҳозирча қанчадан тўлаш кераклиги ҳам номаълум. Бу масала энди ҳисоб-китоб қилинади”,- деди ҳоким ўринбосари.

Лекин расмий "Фермерлар нега уларнинг ерларидан электр тармоғи ўтказилиши ва белгиланган ерларга экин экмай туриш ҳақида огоҳлантирилмаган?" деган саволга жавоб бера олмади.

Бош муҳандис: Зиённи тўлаб берамиз, лекин қачон тўлашимизни билмайман

Озодликнинг аниқлашича, Улуғнор туманидаги фермерларнинг ерлари бу ердан Тўрақўрғон ИЭСидан Андижон туманидаги Юлдуз подстанциясига юқори кучланишдаги 220 кВт.ли иккита линия ўтказилаётгани сабабли пайҳон қилинаяпти. Бу ишни Тошкентдаги “Энергоқишлоққурилиш” ширкатининг Наманган филиали 11-механизациялашган жамланмаси амалга оширмоқда.

11-механизациялашган жамланма бош муҳандиси Абдурашид Бойдадаев фермерларга келтирилган барча зиён тўлаб берилишини маълум қилди:

“Зиён тўлаб берилади. Нафақат қилинган ҳаражат, балки ўша ҳосилдан олиниши мумкин бўлган даромад ҳам тўланади. Бу мақсадда биз махсус баҳоловчи ширкатни ёллаганмиз. Қурилиш ишлари битганидан сўнг баҳоловчилар зиённи ҳисоблаб чиқишади ва фермерларга зиённи қоплаб берамиз. Бу иш қачон амалга ошиши номаълум, лекин зиён албатта тўланади”.

Абдурашид Бойдадаев электр тармоғи тортилишидан олдин вилоят, туман ҳокимликлари ва фермерлар огоҳлантирилганини айтди.

Энергетика вазирлиги расмий сайтида мурожаат эълон қилган

Айни пайтда Энергетика вазирлиги ўз расмий сайтида 2019 йилнинг 16 сентябрида “Андижон, Смарақанд, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги замонавийлаштирилаётган подстанциялар ҳудудига 25 метрдан яқин масофада ер участкасига эга бўлган аҳолига мурожаат” билан чиққан эди:

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ хабар қиладики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 сентябрь №ПҚ-3284 сонли Жаҳон Банки иштирокида “Магистрал электр тармоқ подстанцияларини замонавийлаштириш ва реконструкция қилиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Қарорига асосан, Республика ҳудудида жойлашган 22 та подстанцияда қурилиш-монтаж ишларини ўз ичига олувчи подстанцияларни замонавийлаштириш ишларини бажариш кўзда тутилган”, дейилади мурожаатда.

Вазирлик шундан келиб чиққан ҳолда “2019 йилнинг 7-10 октябрь кунлари подстанцияларга яқин жойлашган ҳудуд аҳолиси билан юзага келувчи экологик ва ижтимоий саволларни муҳокама қилиш мақсадида” режалаштирилган оммавий консультатив йиғилишлар ўтказилиши ҳақида эълон қилган.

Бироқ фермер Шамшиддин Мирзакаримов Озодлик билан суҳбатда бундай "консультатив йиғилишлар" бўлмаганини айтди.

У шунингдек, “Энергоқишлоққурилиш” ширкатининг Наманган филиали 11-механизациялашган жамланмаси бош муҳандиси Абдурашид Бойдадаев гапларини рад қилар экан: “Ҳеч қандай огоҳлантириш хати бермаган менга. Қандайдир муҳокамалар бўлгани ҳақида ҳам биринчи марта эштаяпман. Берган бўлса ҳам ҳокимга бергандир. Ҳокимият бизни огоҳлантирмаган, ҳаммаси ёлғон гапиряпти. Мен ва бошқа фермерлар аҳмоқ эмаску, пайҳон қилинадиган ерга экин экиб, меҳнат ва пул сарфлайдиган”, деб айтди.

Фермер хўжаликларининг муаммолари

Ўзбекистонда фермерлар билан боғлиқ муаммолар мунтазам ҳолатга айланганини кузатиш мумкин. Жумладан, Озодлик фермерлар пахта кластерларидан ҳосил пулини ололмаётгани ҳақида қатор мақолаларни чоп этган. Бу мақолалар ортидан айрим кластерлар фермерларга пахта пулларини тўлаб берган.

Бундан ташқари Озодлик Ўзбекистонда ҳокимларнинг ноқонуний равишда фермер ерларини олиб қўяётгани, йиғилишларда фермерларни ҳақорат қилгани ва дўппослагани ҳақида ҳам хабарлар берган. Бундай ҳақоратга учраган фермерларнинг айримлари ўз жонларига қасд қилишган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG