Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:46

Юздан ортиқ таниқли киночи «Ўзбеккино» раҳбарини диктаторликда айблаб, ҳукуматга шикоят қилди


Фирдавс Абдуxолиқов
Фирдавс Абдуxолиқов

Таниқли ўзбек кино арбоблари «Ўзбеккино» директори Фирдавс Абдуҳолиқовни яккаҳокимликда¸ цензорликда ва кино соҳасини билмасликда айблаб, 14 апрель куни Бош вазир Абдулла Ариповга жамоавий шикоят хати билан чиқди.

Кино арбоблари шикояти 16 апрель куни маҳаллий нашрларда эълон қилинди, кейин олиб ташланди ва 17 апрелда яна тикланди.

Фирдавс Абдуҳолиқовнинг вакили 17 апрелда Озодликка шикоят юзасидан Абдуҳолиқовнинг ўзи яқин кунлар ичида жамоатчиликка изоҳ беришини билдирди

Шикоят мактубида 2019 йилда «Ўзбеккино» миллий агентлиги директори этиб тайинланган Фирдавс Абдуҳолиқов кино ривожига мутлақо алоқадор бўлмаган фаолият билан шуғулланиб келаётгани, кўп йиллик тажрибага эга ходимларни четлатиб, уларнинг ўрнига кино соҳасидан йироқ бўлган, унинг ўзигагина қарашли одамларни бошқарма ва бўлимлар раҳбарлигига тайинлаш амалиёти йўлга қўйилгани ëзилади.

Шунингдек, мактубда «Абдуҳолиқов иш ўрнига ваъзхонлик,тадбирбозлик, кераксиз ишлар билан шуғуллангани ҳамда давлат маблағини кераксиз сафарларга сарфлагани" айтилади.

Озодлик мухбири танишиб чиққан жамоавий шикоят 109 киши томонидан, хусусан, «Ўзбеккино» бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, бош директор ўринбосари Низом Маҳмудов, «Ўзбекфильм» директори Фотиҳ Жалолов, Ўзбекистон киноарбоблар уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов, Алишер Навоий номидаги киносарой директори Баҳром Ўтанов, «Мультстудия» директори Севара Тўлаганова, Республика кинофонди директори Шуҳрат Умаров, шунингдек, Ҳилол Насимов, Жаҳонгир Қосимов, Сарвар Каримов, Абдуҳалил Мингноров, Акбар Бектурдиев каби режиссёрлар томонидан имзоланган.

Озодлик ушбу хатни имзолаган 109 кишидан бири, таниқли кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов билан суҳбатлашди.

Қосимов аризада келтирилган шикоятлар нафақат 109 киши¸ балки¸ ўзбек киноиндустриясида банд бўлган минглаб ижодкорлар дарди эканлигини таъкидлади.

Абдуҳолиқов шахсига эмас¸ балки унинг самарасиз фаолиятига қарши эканлигини айтган Қосимов маҳаллий матбуот саҳифаларидан «ушбу шикоят хати ҳақидаги мақолаларнинг кўринмас қўллар билан олдиртириб ташланиши муаммо ечими эмаслигини» таъкидлади.

Киночи Жаҳонгир Қосимов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:52 0:00
Бевосита линк


Киночиларнинг жамоавий шикояти 16 апрель куни Daryo.uz ¸ Qalampir. uz каби махаллий нашрларда эълон қилинган ва куннинг иккинчи ярмига бориб олиб ташланган эди. Мақола ëзилаëтган 17 апрель, куннинг иккинчи ярмига келиб, бу нашрлардаги мақолалар қайта тикланди.

Абдуҳолиқовнинг вакили нима деди?

Озодлик Фирдавс Абдуҳолиқовнинг вакили билан 17 апрель куни боғланди.

Вакил бу жамоавий шикоят юзасидан Абдуҳолиқовнинг ўзи яқин кунлар ичида жамоатчиликка изох беришини билдирди. Абдуҳолиқов кўз қарашини Озодлик билан суҳбатда ифодалаган вакилга кўра¸ бу мактуб кинодан пул қилишни ўзига мақсад қилган кекса авлод талвасасидир, деган фикрни билдираркан, бундай деди:

«Абдухолиқов кино соҳасидаги коррупцияга барҳам бериш мақсадида янги шаффоф тизим жорий қилди. Бу тизим кинога ажратилган давлат маблағларини ўмаришга ихтисослашган эски авлод кадрлар бозорини касод қилди»

Абдуҳолиқов вакилига кўра. «таниқли киночилар бу провокацияда кино коррупционерларининг қўлида қўғирчоқ сифатида қўлланилмоқда»

Абдуҳолиқовнинг вакили «эски авлод коррупционерлари» айнан ким эканлигига аниқлик киритмади.

Шикоят аризасига қўл қўймаган, аммо кино соҳасидаги муаммолар ботлигини эътироф этган ва исми айтилмаслик шарти билан Озодликка суҳбат берган таниқли киночининг айтишича¸ «Жанг кино соҳасидаги эски ва қотиб қолган генерация вакили «Ўзбеккино» бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев ва соҳани шаффоф қилишга уринган Фирдавс Абдуҳолиқов ўртасида кечмоқда:

- Мен ҳар икки томоннинг ўз ҳақиқати борлигини айтмоқчиман. Тажрибали мутахассислар эътибордан мосуво бўлгани рост. Абдуҳолиқов ўзини ўзи пиар қилиш ва аниқ заминга эга бўлмаган лойиҳалар ҳақида жар солиш билан бандлиги ҳам рост. Холбуки ўзбек кино санъати тарғиботчига эмас¸ балки кризис даври менежерига муҳтож. Абдуҳолиқов сиймосида бу менежерни кўрмоқчи бўлганларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Айни пайтда Абдухолиқов танқидчилариниг ўзлари ҳам муаммони ечишга қодир эмас.

Озодлик 17 апрелда боғланган Ўзбекистон миллий кинокомиссияси раҳбари Мухлиса Азизова киночилар ва унинг раҳбари ўртасидаги бу низога ҳозирча изоҳ бермаслигини айтди.

"Абдухолиқов сувдан қуруқ чиқади"

Россия ва Беларусда суратга олинган бир неча фильмлар муаллифи ва айни пайтда у Ўзбекистонда суратга олган «Судхўрнинг ўлими» фильми цензура боис токчага қўйилган 49 яшар кинорежиссер Улуғбек Йўлдошевга кўра¸ вазият шикоят хатида ëзилиганидан анча ëмон:

- Шикоят ўта заиф ëзилган. Ўзбек киносидаги откатлар тизими¸ коррупция фактлари ҳақида аниқ ëзиш керак эди. Фирдавс Абдиҳолиқов дабдабали гапириб кейин бу гапларни эсдан чиқарадиган мулозим. Масалан у Москвага келганида Шуҳрат Аббосовнинг 90 йиллигини халқаро миқёсда нишонлаймиз, ҳайкал қўямиз,мактаблар очамиз Аббосов номида деб ваъда берди. Катта гапирди. Булардан биттаси ҳам амалга ошмади. Ҳеч нима килмади. У телевизионшчик. Кино ҳам ТВга ўхшаш нарса деб ўйлаб қаттиқ янглишади. Шикоятчиларнинг ҳақли аризаси инобатга олинмайди деб ўйлайман. Фирдавс Абдуҳолиқов яна сувдан қуруқ чиқади. У Гулнора Каримова гўштмайдалагичидан омон чиққанлигини​ эсланг. Менимча Фирдавс Абдуҳолиқов бу мактубдан унумли фойдаланади. У аллақачон «Ўзбеккино» ташкилотини демонтаж қилмоқчи эди. Ниҳоят буни амалга ошириш учун аъло имконият пайдо бўлди.

Фирдавс Абдухолиқов ва Гулнора Каримова
Фирдавс Абдухолиқов ва Гулнора Каримова

Гулноранинг қаноти остида етишган медиа магнат

Асли самарқандлик 57 яшар Фирдавс Абдуҳолиқов Ўзбекистонда бир қатор нашрларнинг эгаси сифатида танилган.

Ислом Каримовнинг қизи - Гулнора Каримованинг ёнида 10 йилга яқин ишлаган ва бу муддатда маҳаллий журналистлар таъбирича, Фирдавс Абдуҳолиқов "Ўзбекистондаги энг йирик медиамагнатга" айланган эди.

Ўзбекистондаги қатор нодавлат телеканаллар - Форум ТВ, ТВ-Марказ, НТТ ва SOFTS телеканаллари СТВ - Самарқанд телеканали Ўзбекистондаги медиа бозорни тўлиқ назоратига олган НЭОАВМА - Нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси орқали унинг раҳбари бўлган Фирдавс Абдуҳолиқовга 2019 йилгача ҳисоб бериб келган эди.

Асл касби рус филологи бўлган, Олий Мажлиснинг 57 яшар собиқ депутати Фирдавс Абдуҳолиқов 1991 йилда Ўзбекистондаги илк нодавлат телеканал ва газетани очиш билан бирга 2003 йилдан буён мамлакатдаги 60 дан ортиқ ахборот воситасини бирлаштирган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига 2019 йилгача раҳбарлик қилиб келган эди.

Бундан ташқари, 2008 йиллардан бошлаб, у Гулнора Каримова етакчилигида бўлган ва 2013 йилнинг охирида ёпилган "Форум фонди" ташкилоти тадбирларида фаол иштирок этган амалдорлардан бири сифатида муттасил матбуот кўз ўнгида бўлган.

Шунингдек, Абсуҳолиқов Ўзбекистондаги илк кўнгилочар газета ҳисобланган ва жуда катта тиражда чоп этилган "Даракчи" газетаси, бу газета ва яна бир неча кўнгилочар нашрларни чоп эттираётган "Даракчи" ижод уйининг ҳам Абдуҳолиқовга тегишли экани айтилади.

Бу нашрлар ҳам, Гулнора Каримовага тегишли бизнес империя қулаши арафасида "такрор текширувлардан" ўтган, қисқа муддатга ёпилиб-очилган эди.

XS
SM
MD
LG