Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:05

Хоразмдаги автозаводда ишчилар карантин пайтида ётоғи билан ишлатилмоқда (ВИДЕО)


Питнакдаги автозавод ишчилари кўрпа-тўшагини кўтариб корхона ҳудудига кирмоқда. 15 апрелда олинган сурат.
Питнакдаги автозавод ишчилари кўрпа-тўшагини кўтариб корхона ҳудудига кирмоқда. 15 апрелда олинган сурат.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш учун ташкил қилинган махсус комиссия уч нафардан ортиқ одамнинг тўпланишини тақиқлаган бўлса-да​, мингдан зиёд одам ишлайдиган Хоразм автомобиль заводида ходимлар 15 кунлик сменада ётоғи билан ишлатилмоқда.

15 апрель куни Озодликка келган видеотасвирларда Ҳазорасп туманининг Питнак шаҳридаги завод олдида юзлаб одам кўрпа-тўшагини кўтариб ишга кириб кетаётганини кўриш мумкин.

Озодлик суҳбатлашган завод ходимлари 15 кун уйга бормасдан, корхонанинг бетон полида ётиб ишлатилаётганликларини айтишди.

Озодлик билан телефон суҳбатида ўзини Хоразм автомобиль заводи раҳбари ёрдамчиси деб таништирган мулозим коронавирус карантини сабаб корхонада ходимлар ўз хоҳишларига кўра ётиб қолиб ишлаётгани, уларга уч маҳал овқат берилаётгани, хавфли вирус тарқалиши олдини олиш бўйича барча талабларга амал қилинаётганини айтди.

"Damas" ва "Labo" машиналари ишлаб чиқариладиган Хоразмдаги автозаводнинг исми ошкор этилишини истамаган ишчиси Озодлик билан суҳбатда ўзи ва юзлаб ҳамкасби апрель ойи бошидан уйга бормасдан корхона ҳудудида ётиб ишлатилаётганини айтди:

15 кун беш юз ишчи уйга бормасдан, ётиб қолиб бир сменада ишладик. Кеча 15 апрелда сменадан чиқдик. Ўрнимизга бошқа смена кўрпа-тўшагини олиб 15 кунга кирди. Ҳеч кимни чиқармайди. Смена бошлиқлари диванда, биз эса бетон полга тўшакни ёйиб ҳаммамиз бир жойда ухлаймиз.

- 15 кун 500 ишчи уйга бормасдан, ётиб қолиб бир сменада ишладик. Кеча 15 апрелда сменадан чиқдик. Ўрнимизга бошқа смена кўрпа-тўшагини олиб 15 кунга кирди. Ҳеч кимни чиқармайди. Смена бошлиқлари диванда, биз эса бетон полга тўшакни ёйиб ҳаммамиз бир жойда ухлаймиз. Юз фоиз антисанитария. Кимдир коронавирусни олиб кирса ҳаммамизга юқади, чунки ҳамма бир жойда ётиб-туряпмиз.

15 апрель куни эрталаб соат 7 ларда олинган видеотасвирларда Хазорасп туманининг Питнак шаҳридаги завод олдида юзлаб одам кўрпа-тўшагини кўтариб ишга кириб кетаётганини кўриш мумкин.

Хоразм Автомобиль заводи ишчилари кўрпа-тўшаги билан ишга келмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:20 0:00

"Мана машина заводи. Йигитлар кўрпа-тўшагини кўтариб келишди, мана, кўринг. Мана бу ерда "Хуш келибсиз!", деб ёзилган. Бетон полга кўрпасини тўшаб ётишади энди", - дейди кадр ортидан гапирган эркак.

Тонгги 7 дан 22 га қадар иш​

Заводнинг Озодлик суҳбатлашган бошқа ходими ишчилар кунига 12 соатдан ишлатилиб, корхонада меҳнат қонунчилиги ҳам бузилаётганини айтди.

Ҳар куни эрталаб 7дан кечки 10гача иш. 12 баъзида 13-14 соат ишлаймиз, табелга 8 соатдан тўлдирилиб, маош ёзилади.

- Ҳар куни эрталаб 7 дан кечки 10 гача иш. 12 баъзида 13-14 соат ишлаймиз, табелга 8 соатдан тўлдирилиб, маош ёзилади. "Ётиб ишлашга рози бўлмасанг аризангни ёз", дейди. Ҳар холда 2 ярим миллион маош оламиз, агар ишдан ҳайдалсак шу пул ҳам йўқ. Шунга ҳамма қўрққанидан, бошлиқларга ҳеч нарса айтолмайди, - дейди заводнинг буёқ цехи ходими.

Озодлик билан телефон суҳбатида ўзини Хоразм автомобиль заводи раҳбари ёрдамчиси деб таништирган мулозим "коронавирус карантини сабаб корхонада ходимлар ўз хоҳишларига кўра ётиб қолиб ишлаётгани, уларга уч маҳал овқат берилаётгани, хавфли вирус тарқалиши олдини олиш бўйича барча талабларга амал қилинаётганини" айтди.

Завод мулозими ишчилар қўйилган вақт меъёридан ортиқча ишлатилаётганини рад этди.

- Белгиланган вақтда ишлашади, белгиланган вақтда дам олишади. Бизнинг мақсадимиз хавфли вирус ёйилишининг олдини олган ҳолда ишни ташкил қилиш. Ҳар куни ишчилар кириб-чиқаверса кимдир касалликни олиб келиб, бошқаларга юқтириши мумкин. Ҳозир ишчилар ҳудди карантиндагидай ўз ихтиёрлари билан сменада қолиб ишлаяпти. Қолаверса, транспорт ҳам қийинку ҳозир. Автобусларда олиб келяпмиз. Ҳамма шароит бор, уч марта овқат. Менинг ўзим ҳам шу ерда ётиб қолиб ишлаяпман. Бу вақтинча, карантин тугаганидан кейин ҳаммаси аввалгидай бўлади, - деди исми очиқланмаслигини истаган Хоразм автомобиль заводи раҳбари ёрдамчиси.

Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани Питнак шаҳридаги автомобиль заводи 2014 йилда очилган.

Мингдан зиёд одам ишлайдиган ва "Ўзавтосанот" акциядорлик компанияси таркибига кирувичи ушбу заводда йилига 50-60 минг "Damas" ва "Labo" машиналари ишлаб чиқарилади.

Хоразм автомобиль заводи ишчилари ётоғи билан ишга сафарбар этилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:47 0:00

Ишчилар вирус ташувчи бўлиб қолиши мумкин

Ўзбекистонда коронавирусга қарши тузилган махсус ҳукумат комиссияси 30 мартдан бошлаб 3 нафардан ошиқ одамнинг тўпланишини тақиқлади ва одамлар орасида 2 метрлик масофа сақланиши лозимлигини билдирди.

Ҳукуматнинг бундай кўрсатмасига қарамай, "Ўзавтосаноат" таркибига кирувчи барча корхоналарда иш тўлиқ режимда давом этмоқда.

Озодлик "минглаб одам ишлайдиган корхоналарда иш тўхтамагани, минглаб ишчи ҳар куни бир жойда овқатланиб¸ бир жойда тўпланиши коронавирусга қарши ҳукумат комиссияси жорий қилган талабларга қанчалик тўғри келади?" деган савол билан "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси раисининг маслаҳатчиси ва матбуот котиби Зумрад Шожалиловага мурожаат этди.

Шожалилова Озодлик саволига: - Ўзбекистонда коронавирус бошқа давлатлардаги каби кенг тарқалмаган. Энг аввало ҳудо сақласин, лекин бизда кам. Шунинг учун корхоналар ишини тўхтатишга зарурат йўқ, - деб жавоб қилди.

Германия, Италия ва АҚШда шу кунларда йирик корхоналар коронавирус пандемияси боис фаолиятини вақтинча тўхтатган.

"Ўзавтосаноат" Питнакдаги заводдаги холатдан хабарсиз

"Ўзавтосаноат" матбуот котиби Зумрад Шожалилова Хазорасп туманининг Питнак шаҳридаги автомобиль заводида ишчилар ётоғи билан 15 кунлик сменада ишлатилаётганидан хабари йўқлигини айтди.

- Мен олдин у ерда нималар бўлаётганини бир ўрганай, кейин сизга бу ҳақда бирон нарса айтишим мумкин, - деди Шожалилова.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 16 апрелга келиб мамлакатда коронавирус юқтиргани тасдиқланганлар сони 1300 нафардан ортганини маълум қилди.

Коронавирус аниқланган ҳудудлар орасида Хоразм вилояти ҳам бор.

Ўзбекистондаги бошқа йирик корхоналар, жумладан Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариладиган завод қураётган Enter Engineering компанияси ҳам коронавирус хавфига қарамай ишларини тўхтатмаган.

Enter Engineering ишчилари Қаршида. 1 апрелда олинган сурат.
Enter Engineering ишчилари Қаршида. 1 апрелда олинган сурат.

Озодлик Enter Engineering компанияси ишчилари карантинга қарамай Ғузорда завод қурилишида ишлатилаётгани ҳақида 1 апрель куни хабар берган эди.

Нега вирус хавфига қарамай қурилиш ишлари тўхтатилмагани ҳақида Озодлик ўшанда ширкат матбуот котиби Максим Носовга саволлар билан ёзма мурожаат қилган, лекин ҳозиргача жавоб олмади.

Ўтган йил декабрь ойида Enter Engineering компаниясининг Ғузорда ишлаётган ходимлари овқатдан оммавий заҳарланган, улардан 65 нафари касалхонага ётқизилган эди.

Шунингдек, "Фарғонаазот", "Навоий тоғ-кон металлургия комибинати"да ҳам иш тўрт сменада давом этаётгани ҳақда Озодлик шу ой бошида хабар берган эди.

Озодлик "ўн минглаб одам ишлайдиган корхоналарда иш тўхтамагани, минглаб ишчининг ҳар куни бир жойда тўпланиши коронавирусга қарши ҳукумат комиссияси жорий қилган талабларга қанчалик тўғри келади?" деган саволга мутасадди идоралардан жавоб олишга уринди.

Аммо 16 апрель куни на ҳукумат комиссияси¸ на Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот учун мутасаддилари билан боғланиб бўлди.

XS
SM
MD
LG