Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:38

Давлат муҳофазаси остидаги Ўринғоч кўлини айш-ишратчилар эгаллади (ВИДЕО)


Ўринғоч кўли
Ўринғоч кўли

Ўзбекистоннинг энг ноёб табиий масканларидан ҳисобланган Ўринғоч кўли бўйида айвонлар қурилиб, чойхона ва қайиқда сайр қилиш хизматлари йўлга қўйилгани атроф-муҳит ҳимоячилари ва экосайёҳлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Уларга кўра, яқин – яқинларгача табиатнинг бокира қисми саналган бу кўл атрофлари бугун ароқдан бўшаган шишалару озиқ-овқат қолдиқлари, чиқиндиларга тўлиб тошган.

Угом-Чотқол миллий паркининг экотуризм бўйича масъули кўл бўйида қурилиш қилишга тадбиркорлар Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасидан рухсат олганликларини айтди.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси вакилининг Озодликка айтишича, Ўринғоч кўли бўйича шийпон қуришга ҳеч кимга рухсат берилмаган.​

Тошкент шаҳридан 160 чақирим шимол-шарқда, Қозоғистон черасига яқин Угом-Чотқол миллий парки ҳудудида жойлашган Ўринғоч кўли давлат муҳофазаси остидаги қўриқхона ҳисобланади.

Денгиз сатҳидан 1227 метр баландликда жойлашган ноёб кўл ҳавзасида сув нефрит (кристал) тусида жилоланади ва айнан шунинг учун бу кўл халқ орасида Нефрит кўли деб ҳам аталади.

У ерга борган экосайёҳлар ўзини илк бор одам қадами етган жойда бўлгандай ҳис этганликларини айтиб келишарди.

Кейинги пайтларда кўл ва унинг атрофида юз бераётган ўзгаришлардан хабардорларнинг Озодликка чуқур ташвиш билан билдиришича, сўнгги ойларда бу масканни ҳусусий тадбиркорлар эгаллаган, улар сув устига шийпонлар қуриб, шашлик ва паловхўрларга ижарага беришни бошлаган, кўлга қайиқ ва катамаран ташлаб, сайр қилиш хизматлари ҳам йўлга қўйилган.

“Ўрунғоч” кўли
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:13 0:00

Тошкентлик экожурналист Согдиана Шок Озодлик билан суҳбатда Ўринғоч кўлига ўтган ой охирги марта борганида у ердаги манзарани кўриб даҳшатга тушганини айтди.

- Тадбиркорлар табиатнинг бокира турган бу қисмини ҳам эгаллабди. Қисқаси, улар Ўринғочни ҳам "Тошморе"га айлантиришибди. Кўл бўйида шийпонлар қўйиб ташланган, ҳамма ёқда шашлик тутунининг ҳиди, биллурдай сувда катамаранлар, одамлар устки кийимида сувда чўмилишяпти. Кўл четида ароқ шишалари ва тарвуз пўчоқлари. Ароқ ичиш учун келганларга “Нива” машиналари хизматда. Экосайёҳларга энди у ерга боришдан маъно қолмади.

Кўлга борган ўзбекистонлик экосайёҳ Оксана Наумованинг Озодликка айтишича, шийпонлар ёнида ўрнатилган ҳожатхоналардан, канализация тизимининг йўқлиги боис, ахлат тўғридан-тўғри кўлга оқизилаяпти.

- Бу худуд Угом-Чотқол миллий паркига қарайди. Тадбикорлар гўёки кўл бўйидан ерни арендага олиб, ўз билганларича фойдаланишяпти. Уларнинг гўё рухсатномалари ҳам бор. Лекин улар кўлни ифлослаб, табиат неъматидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишмоқда. Хожатхоналардаги ахлатлар тупроққа синггиб кўлга оқяпти. Агар бунинг олди олинмаса, бир-икки йилдан кейин "Нефрит" кўлимиздан айриламиз.

Facebook тармоғидаги Потребитель.Уз канали фойдаланувчилари ҳам Ўринғоч кўли бўйида чойхона шийпонлари қурилишидан норози.

"Бунақа қилмаслик керак эди. Бу фақат экотуристлар ва дам олувчилар учун бўлиши керак", деб ёзди тармоқнинг Шерхон исмли фойдаланувчиси.

Ўринғоч кўли бўйича маёвка қилгани борганлар ҳар бир шийпон соатига 30 минг сўмдан ижарага берилаётганини айтишади.

- Улфатлар ҳозир шу ерга чойхона палов қилишга боришади. Ароқларни кўлнинг муздай сувига ташлаб, ичиб ўтиришади. Шашлик-машлик, ош-пош. Шийпонни бир соат арендаси 30 минг сўм, - дейди тошкентлик Рихситилла.

Ўринғоч кўлига бориш учун Ғазалкент шаҳридаги автобекатдан тўғридан-тўғри хусусий таксилар бизнеси ҳам йўлга қўйилган.

Дам олувчиларни ташиш билан шуғулланадиган хусусий киракашларни ҳар қадамда учратасиз.

Бу ҳам атроф-муҳит ҳимоячилари норозилигига сабаб бўлмоқда.

- У ерга сайёҳлар пиёда боришарди атроф-муҳитга зиён келтирмаслик учун. Ҳозир борсангиз "Нива" машиналари хизматда. Мен энди у ерга бормайман, - дейди тошкентлик экожурналист Согдиана Шок.

​Давлат ҳимоясида бўлган Ўринғоч кўли бўйида ҳусусий тадбиркорларга шийпон қуриш ва қайиқ хизматини йўлга қўйишга ким рухсат берди?

Озодлик шу савол билан Ўринғоч кўли жойлашган Угом-Чотқол миллий паркининг экотуризм бўйича масъули Аброр Рихсибоевга мурожаат қилди.

Рихсибоев тадбиркорлар Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасидан рухсат олганликларини айтди:

- Бу ўрмон хўжалиги ерлари. Шартнома асосида арендага бериш ваколати Лесхоз (Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси)га берилган. Билишимча, хусусий фирмалар ўрмон хўжалиги давлат қўмитасидан руҳсат олиб шу ишни йўлга қўйган.

Ўзини Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раҳбари муовини деб таништирган мулозим эса Озодликка Ўринғоч кўли давлат мухофазаси остида экани, кўлни бўйига шийпон қуришга ҳеч кимга рухсат берилмаганини айтди:

- Ҳеч кимга руҳсат берилмаган, биз у ердаги ҳолатни ўрганиб чиқамиз

Икки йил аввал табиат ҳимоячилари Ўринғоч кўлидан 60 километр жанубда жойлашган Чорвоқ кўли бўйида ноқонуний қурилмалар қуриб ташлангани ҳақида бонг уришган эди.

Чорвоқ кўли ва унинг атрофида хавфсизлик қоидаларига зид ҳолда¸ солиқ тўламасдан ишлаëтган шахс ва гуруҳлар аниқлангани ҳақида Озодлик ҳам хабар берган эди.

Икки йил ўтиб Чорвоқ кўлига борганлар ноқонуний қурилмалар олинмаганини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG