Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:15

Марҳаматни “Обод туман”га айлантириш бюджет ташкилотларига юкланди


2015 йилда туманда ҳамширалар таъмирлаш ишларига жалб қилинганди (Иллюстратив сурат)
2015 йилда туманда ҳамширалар таъмирлаш ишларига жалб қилинганди (Иллюстратив сурат)

Андижон вилоятининг Марҳамат туманида бюджет ташкилотлари ходимлари “Обод туман” лойиҳаси доирасидаги ишларга сафарбар қилинган.

Озодликка боғланган марҳаматликларнинг айтишича, қўшни туманлардан ҳам айрим давлат корхоналари ходимлари ободонлаштириш, дарахтларни оқлаш, уйларни таъмирлаш учун Марҳаматга жалб этилган.

"Обод туман" дастури доирасида туман марказидаги уйлар бир хил рангга бўялиб, шу уйларга ёндош ҳудудларни ободонлаштириш кўзда тутилган.

Марҳамат тумани ижтимоий-таъминот бўлими ходимининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, ҳар бир ташкилотга алоҳида уйлар бириктирилиб, уларни таъмирлаш мажбурияти юкланган.

- Марҳамат тумани бу йил "Обод туман" дастурига тушган. Шунинг учун ҳамма ташкилотларга магистрал йўли бўйидаги уйлар бўлиб берилган, ўртача 2-5 тадан. Битта уй таъмирига 30-40 миллион сўм кетади. Талаб бўйича уйни томи яшил черепица, ташқари фасади ҳам бир хил рангда бўлиши керак. Ҳамма харажати ташкилотлар бўйнига қўйилган, шунга бутун вилоят оёққа турган, - дейди Марҳамат тумани ижтимоий-таъминот бўлими ходими.

“Обод туман” лойиҳаси доирасидаги ишларга банк ходимларидан тортиб ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларигача сафарбар этилган.

Марҳамат тумани Тиббиёт бирлашмасининг айрим ходимлари ҳам олдинига "шанбалик" дея тақдим қилинган ободонлаштириш ишларига кундалик равишда жалб этилаётганини айтишди.

- Асака туманидан Марҳаматга кираверишдаги йўл бўйидаги маҳаллаларда ишлатишяпти. Бир кун шанбалик дейишганди, лекин ҳар куни чиқаришяпти, - дейди Туман тиббиёт бирлашмаси ишчиси.

Бюджет ташкилоти ходимлари шикояти юзасидан Марҳамат тумани ҳокимлиги расмийларидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

“Обод туман” дастури доирасида Марҳамат тумани аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон президентининг 2018 йил июнидаги фармонида ушбу дастур республика бюджети ва мақсадли жамғармалар маблағлари, маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча маблағлари, тармоқ корхоналарининг маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грант маблағлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари, ташаббускор тадбиркорлар маблағлари, ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағлар ҳисобидан молияланиши таъкидланган.

2018 йилнинг июнида қабул қилинган фармон ижросига нега айнан ҳозир киришилгани сабаблари ҳақида ҳозирча Озодликда маълумот йўқ.

Лекин, Озодлик билан суҳбатда бўлган марҳаматлик маҳалла фаолларидан бири туман ҳокимиятини давлат муассасалари ходимларига турли мақсадда ва исталган вақтда фойдаланиш мумкин бўлган ишчи кучи сифатида қараб, уларни истагига зид равишда эксплуатация қилишда айблашади.

- Бу дастурга ажратиладиган пулни молиявий манбасидан эмас, яна текин ишчилар ҳисобидан қилишяпти, - дейди марҳаматликлардан бири.

Марҳамат тумани Тиббиёт бирлашмаси ходимининг айтишича, улар сурункали ободонлаштириш ишларига олиб чиқилаётганига қарамай, ҳеч ким норозилик билдиришга ботина олмаяпти.

- Ишдан қувади. Ҳамма қўрқади. Ҳаммамиз чиқаяпмиз, на илож. Марҳамат тумани "Обод туман" дастурига тушган бўлса бунинг учун пул ажратилгандир, нега биз текин ишчи сифатида ишлашимиз керак?! - дейди у.

Ўзбекистонда давлат ишчиларининг ўз вазифалари қолиб қишлоқ хўжалик ва ободонлаштириш ишларига жалб қилиниши одатий хол.

Ўзбекистонда "Обод маҳалла", "Обод қишлоқ", "Обод туман" ҳукумат дастурларини амалга ошириш ва иншоотлар қуриш учун бюджет ташкилотлари ходимлари жалб этилгани ва пул йиғилгани илгари ҳам кузатилган.

Кўчаларни тозалаш ва бошқа “жамоатчилик” ишлари, жумладан, супуриш, кўча бўйи ва истироҳат боғларига гул экиш ва уларни чопиқ қилиш, ариқ ва зовурларни тозалаш Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг пахта теримидан кейинги энг кенг тарқалган кўринишларидан ҳисобланади.

Гарчи Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 10 майида “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорни қабул қилган эса-да, бюджет ташкилотлари ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани борасида Озодликка тез-тез шикоят хатлари келишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG