Бухорода кучли довулдан зиён кўрган уйларни таъмирлаш-тиклаш ишларига сафарбар этилган темирйўлчилар оғир шароитларда кун кечираётганликларини айтишмоқда.
Озодлик билан шахси сир қолишини сўраб гаплашган “Ўзбекистон темир йўллари" проводник¸ машинист ва вокзал хизматчиларига кўра, улар Бош вазирнинг 1-ўринбосари¸ “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ кенгаши аъзоси (АЖнинг олдинги раҳбари) Очилбой Раматовнинг оғзаки буйруғи билан шу ой бошида Бухорода табиий офатдан вайрон бўлган уйларни тиклашга сафарбар этилган.
"Ўзбекистон Темир йўллари" АЖнинг Тошкент минтақавий темир йўл узели ходимларининг Озодликка айтишича, Бухорода, асосан, улар ишламоқда.
Узел раҳбари ёрдамчиси Озодликка ширкат ходимлари табиий офатдан зиён кўрган Бухорони тиклашга кўнгилли равишда жўнатилганини айтди.
Ўз хавфсизлигидан чўчиб Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гапирган тошкентлик вагон кузатувчисига кўра, "Ўзбекистон Темир йўллари" АЖ га қарашли Тошкент минтақавий темир йўл узелининг 150 дан зиёд ишчиси шу ой бошидан буён Бухорода вайрон бўлган уйларни таъмирлашга кўмаклашмоқда:
- Бизни маҳаллий аҳоли уйларига жойлаштиришган. Шароит оғир. Ўн кундан ошди, дала шароитида кун кўряпмиз. Куни билан ғишт, шифер ташиймиз, бетон қорамиз. Чўмилишга имконият йўқ, антисанитария ҳолатида яшаймиз. Ҳамма қийинчиликларга чидаймиз, чунки офатдан зарар кўрган маҳаллий аҳолига бундан ҳам қийин. Уларга ёрдам бериб савоб ишни қиляпмиз. Лекин бошлиқлар вагонларда алоҳида шароитда, ҳар куни айш-ишрат қилиши алам қилар экан. Алоҳида ошпаз уларни хизматида. Тошкентдан ҳафтасига икки марта егуликлар келтирилади, уларга. Бизни маҳаллий аҳоли боқяпти. Ёрдамга келган эканмиз, ҳамма ёрдам қилиши керак эмасми?!
Озодлик суҳбатлашган бошқа вагон кузатувчисининг айтишича, қурилишга асосан проводниклар, машинистлар ва вокзал хизматчилари жалб этилган.
Суҳбатдош ўз касбий фаолиятига боғлиқ бўлмаган ишларни қилишга биринчи марта мажбурланмаётганини айтаркан, бундай деди:
- Бундан олдин Тошкентда уч ой тинимсиз метро қурилишида ишладик. Ундан олдин Янгийўлда "Обод маҳалла"да ишладик. Ҳозир Бухородамиз.
Темирйўлчилар Бухорода қачонгача ишлатилиши ҳақида айтилмаган.
"Ўзбекистон Темир йўллари" АЖ Тошкент минтақавий темир йўл узелининг масъул ходимларидан бири Озодликка ишчилар табиий офатдан зиён кўрган бухороликларга ёрдам беришга кўнгилли равишда жалб этилганини айтди:
- Ҳеч ким ҳеч кимни мажбурлаётгани йўқ. Кўнгилли бўляпти. Чин кўнгилдан ёрдам бериляпти. У ёқда Сардобада ҳам ишчиларимиз ишлашяпти. Ички ишлар, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳам бир ёқадан бош чиқариб ишлашяпти. Шундай оғир кунда ёрдам беришимиз керак бир биримизга.
"Ўзбекистон Темир йўллари" АЖ Тошкент минтақавий темир йўл узелининг масъул ходими ишчилар оилаларга жойлаштирилганини, маҳаллий уй шароитида яшаётганликларини, озиқ-овқат таъминоти ҳокимият ҳисобидан бўлаётганини айтди.
Лекин, узел бошлиқлари "алоҳида вагонларда кунни айш-ишрат билан ўтказаётгани, бошқа ишчилар оғир шароитда қолаётгани" ҳақидаги иддаолар юзасидан изоҳ олиш учун Озодлик узел раҳбари Ихтиёр Фармоновга боғлана олмади.
"Раматовча" сафарбарлик?
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев табиий офат оқибатларини шахсан кўздан кечириш учун 28 апрель куни Бухорога борган.
Шу куни Мирзиёев Бухорода табиий офат оқибатларини бартараф этиш ҳақидаги фармонни ҳам имзолаганди.
"Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонда офат оқибатларини бартараф этиш ишларига давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратиш белгиланган.
Фармоннинг бажарилиши Бухорода кейинги йилларда қурилган янги объектларнинг бош масъули - бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов зиммасига юклатилди.
Озодлик суҳбатлашган "Ўзбекистон темир йўллар" ширкати ходимининг айтишича, уларга Бухородаги ўз хизмат вазифасига кирмайдиган ишлар учун қўшимча ҳақ тўланмаслиги, доимий оладиган ойликни олишлари айтилган:
- Тошкентда метро қурилишида ҳақ тўланмаган. Бунақа ишларга кўникиб ҳам қолдик. Раматов ("Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг аввалги раҳбари Очилбой Раматов) бош вазир биринчи ўринбосари бўлганидан бери иккинчи касбимиз қурувчилик бўлиб қолди. Лекин, текинга ишлайдиган қурувчилармиз.
Бундан олдин Озодлик "Ўзбекистон Темир йўллари" акциядорлик жамиятига қарашли "Тошкент механика заводи" (собиқ Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси) ишчиларининг ер усти метроси қурилишларига сафарбар этилгани ҳақида хабар берган эди.
Бухорода темир йўл ходимларидан ташқари Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Мудофаа вазирлиги ходимлари ҳам офатдан зиён кўрган уйларни тиклашга жалб этилгани ҳақда маҳаллий матбуотда хабар қилинган эди.
Бухородаги офат
27 апрель куни кучли шамол биргина Бухоро вилоятининг ўзида қирқ мингдан ортиқ объектга зиён етказди.
Аҳоли уйларидан тортиб умумтаълим мактаблари, боғчалар, кўп қаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар, савдо дўконлари, маъмурий бинолар, маданий мерос ва спорт объектлари вайрон бўлди.
Кўрилган зарар миқдори, умумий ҳисобда, 150 миллиард сўм атрофида этиб белгиланган.
Бухоро вилояти ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган расмийси ҳозирга қадар табиий офат оқибатида вайрон бўлган уйларнинг деярли ярми таъмирлаб бўлинганини айтди.
- Кучли шамол 41 мингдан ортиқ уйни вайрон қилган бўлса ҳозиргача 24 мингдан зиёд уй таъмирлаб бўлинди. Келаси бир ҳафтада қолганлари ҳам битказилади, - деди ҳокимлик расмийси.
Президент Шавкат Мирзиёев 28 апрель куни Бухорога сафар қилиб, у ерда юз берган кучли шамол оқибатларини шахсан кўздан кечиргач¸ жабрдийдаларга уйларини тиклаб олиш учун узоғи билан 10 кун ичида зарурий ёрдам берилишини ваъда қилган эди.
9 май куни Озодлик билан суҳбатда бўлган Бухоро вилояти Олот тумани "Халқобод" маҳалласида яшовчилар очилиб қолган уйлари томини ёпишга ёрдам сўраб бир неча марта туман ҳокимлигига боргани, улардан "ўзларинг қиласизлар" деган жавобни олганликларини айтишганди.