Тошкент давлат Аграр университетининг Андижон филиалининг вилоятлардан келган юзлаб талабаси ётоқхона берилмагани боис кўчада қолди.
Университетнинг талабаларни ётоқхоналар билан таъминлаш бўйича масъулига кўра, бу йил бошқа вилоятлардан ўқишга талаба кўп қабул қилингани боис ётоқхонада жой етишмовчилиги юзага келган.
Айни пайтда масъул ётоқхонада қўшимча таъмирлаш ишлари кетаётгани ва талабаларни ётоқхона билан таъминлаш ҳаракатлари бўлаётганини таъкидлади.
Тошкент давлат Аграр университетининг Андижон филиали талабаларининг Озодликка йўллаган мурожаатига кўра, ўқув масканида вилоятдан келган ва ётоқхонага муҳтож бўлган талабаларга билим юрти раҳбарияти "ётоқхона таъмирланяпти, икки ҳафта бошқа жойда амаллаб туринглар" деб айтган.
Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган талаба ётоқхона берилмагани боис кўчада қолганини айтди:
- Борадиган жойим ҳам, бирор танишим ёки қариндошим ҳам йўқ. Ётоқхона беришларига умид қилиб келган эдим
- Борадиган жойим ҳам, бирор танишим ёки қариндошим ҳам йўқ. Ётоқхона беришларига умид қилиб келган эдим. Кўчада қолдим. Кейин бирга ўқийдиган курсдошим вақтинча уйига олиб кетди, - дейди талаба.
Озодлик суҳбатлашган бошқа талаба ётоқхона берилмагани сабаб меҳмонхонада туришга мажбур бўлаётганини айтди:
- Ижарага турай десам вақтинча олишмас экан. Меҳмонхонага жойлашдим, ётоқхона беришса кейин кўчаман. Контракт асосида ўқийман,оиламиз ўртаҳол, лекин нима қилайлик, - дейди талаба.
Талабалар ётоқхонасиз қолганидан уларнинг ота-оналари хавотир олишмоқда.
- Ҳозирги ҳар-хил ғоялар хавф солиб турган пайтда талабаларни ётоқхонасиз сарсон бўлиб юриши, айниқса қизлар учун хавфли эмасми? Ётоқхонада назорат бор. Уларнинг ўз ҳолича қўйиб қўйилиши ақлга сиғмайди. Юрак ҳовучлаб ўтирибмиз. Ахир биз улар бориши билан ётоқхона беришади, деган умид билан ўқишга жўнатганмиз, - дейди бу йил Андижон шаҳридаги Аграр университетига қабул қилинган талабанинг отаси аноним қолиш шарти билан.
Андижон Аграр университетининг талабаларни ётоқхоналар билан таъминлаш бўйича масъул ходими Озодликка бу йил аввалги йилларга нисбатан чекка вилоятлардан ўқишга талаба кўпроқ қабул қилингани боис ётоқхонага талабгор ортгани, лекин таъмирлаш тугаши билан барча талабаларга узоқ-яқинига қараб ётоқхона берилишини айтди.
Бу йил чекка вилоятлардан ўқишга кўп киришган. Хоразм, Қорақалпоғистондан ҳам бор талабалар. Бирор жойга жойлашиб туринглар деб айтилган. Ҳозир аризаларни қабул қиляпмиз
- Реконструкция бўляпти, яна 10 кун чўзилади, деб уларга айтилган эди. Бу йил чекка вилоятлардан ўқишга кўп киришган. Хоразм, Қорақалпоғистондан ҳам бор талабалар. Бирор жойга жойлашиб туринглар деб айтилган. Ҳозир аризаларни қабул қиляпмиз. Талабаларни узоқ-яқинига қараб ётоқхона берамиз. 2 минг атрофида талабани ётоқхонага жойлаштира оламиз, - деди университет масъули.
Университет сайтидаги маълумотга кўра, олийгоҳда жами 2307 нафар талаба таҳсил олади.
Нега Андижон шаҳридаги Аграр университетида ётоқхона таъмири ўқиш бошланадиган кунга қадар тугалланмади?
Бу саволни университет масъули жавобсиз қолдирди.
Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2006 йил 17 январида қабул қилинган “Талаба ва ўқувчиларни турар жой билан таъминлаш” тўғрисидаги 11-сонли буйруғи асосида мамлакатдаги олий ўқув юртлари ўқишга қабул қилинган талабаларни ётоқхона билан таъминлаши керак.
Ҳар бир олийгоҳ раҳбарияти зиммасига ётоқхонага жойлаштирилган талабани ётоқ анжомлари билан таъминлаш, талабанинг яшаши учун барча шароитлар, жумладан, иситиш системалари, иссиқ-совуқ сув, газ ва ёруғлик билан таъминлаш вазифалари ҳам юклатилган.
Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги Озодлик манбасига кўра, ҳозир Тошкентдаги олийгоҳлар ётоқхонага эҳтиёжи бор талабаларнинг 25-30 фоизинигина турар жой билан таъминлашга қодир.