Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:59

Ота-она ва ўқитувчилар: Олмалиқ ҳокимлиги мактабларга бозор нархидан 5 баравар қимматга кўчат сотмоқда!


Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ота-оналари мактабларни ободонлаштириш учун арча ва мевали кўчат сотиб олишга мажбурланмоқда.

Олмалиқдаги айрим мактаб раҳбарлари Озодлик билан суҳбатда кўчат сотиб олиш ва бунинг учун ота-оналардан пул йиғиш шаҳар ҳокимлиги ва Халқ таълими бўлими раҳбарлари буйруғи билан бораëтганини билдирди.

Озодликнинг бу маълумотга изоҳ сўраб қилган мурожаатига Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ва Халқ таълими бўлими расмийлари жавоб бермади.

Икки фарзанди Олмалиқ шаҳридаги 2-сонли мактабда ўқийдиган ота-оналардан бири Озодликка арча учун ҳар бир ўқувчига 5 минг сўмдан ўлпон солинганини айтди.

- Ҳар бир синфга 5 донадан арча, 5 донадан мевали кўчат, 2 донадан садақайрағочдан солиқ солинмоқда. Ҳар бир ўқувчи 5 минг сўмдан олиб келиши керак экан. Болаларимиз пул сўраб ҳолу жонимизга қўйишмаяпти. Кеча кинога деб 2500 сўмдан зам. директор пул йиққан. Энди кўчат учун, деяпти. Ҳар ҳафта нимагадир пул олишади. Буларни назорат қиладиган ташкилот борми? Биз ота-оналарга ёрдам беринг, ота-оналарнинг тинкасиини қуритаяпти бу йиға-йиғлар, - дейди исми очиқланмаслигини сўраган оналардан бири.

Мавзуни ўрганиш жараëнида Озодлик Олмалиқдаги қатор мактаб директори ва муаллимлари билан гаплашди ва суҳбатлар давомида кўчат учун пул йиғишнинг фақат 2-сон мактаб эмас, балки бутун шаҳар мактабларида бўлаëтганини аниқлади.

Озодлик боғланган таълим мутасаддилари, мактабларни ободонлаштириш учун кўчат экиш тадбирининг шаҳар ҳокимлиги ва халқ таълими бўлими буйруғи билан бошланганини таъкидлади.

Ота-оналар эса¸ кўчатларнинг фақат шаҳар ҳокимлигининг ўзидан бир неча баравар қимматга олиш мажбурийлигини қўшимча қилди.

- Бозорда 5 минг сўм турадиган кўчатни булар 25-30 минг сўмдан олдираяпти. Ҳар бир синфга бешта кўчат олиш айтилган. Унақа- бунақа кўчат бўлмас экан, фақат ҳокимлик ажратган кўчатни сотиб олиш керак экан. Ҳар бир бола 5 минг сўмдан олиб келиши шарт дейилаяпти. Бизнинг мактабда ихтиёрий, деган нарса йўқ. Ихтиёрий деб айтилса ҳам шунга мажбур бўлади, ота-она. Чунки, “нега пул олиб келмадинг?”, деб тенгдошлари олдида фарзандлари изза қилинишини ҳеч ким истамайди. Сўралаётган бу пуллар кимлар учундир арзимасдир, лекин уч-тўрттадан фарзанди борлар учун катта пул, - дейди фарзандлари Олмалиқдаги 3-сонли мактабда ўқийдиган ота-оналардан бири.

Олмалиқ туманидаги мактабларга ҳокимлик босими остида мажбуран ўтказилаëтган арча кўчатларини айнан қайси агрофирма сотаëтганига оид маълумот Озодликда ҳозирча йўқ.

Озодлик ота-оналарнинг бу иддаолари юзасидан изоҳ сўраб Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ва Халқ таълими бўлимига боғланди.

Телефонда гаплашган маҳаллий расмийлар бу ҳақда изоҳ берилмаслигини айтиш билан¸ суҳбатни қисқа қилди. Халқ таълими вазирлиги сайтида келтирилган матбуот хизмати телефон рақамларига қилинган қўнғироқларга эса 25 февраль куни ҳеч ким жавоб бермади.

Олмалиқдаги 4-сон мактаб директори Турсуной Жалилова кўчатга пул ўқитувчи ва ота-оналардан ихтиёрий равишда йиғилаётганини иддао қилди.

- Ҳар бир ўқитувчи, ўқувчи мактабни ободонлаштириш учун ҳиссасини қўшиши керак. Жуда қурби етмаса, боғида бирон кўчат бўладику, дарахтларни ёнидан чиққан, шу ҳам бўлади. Шаҳар ҳокимлигидан буйруқ келган. Лекин мажбурий эмас, ихтиёрий, деди Турсуной Жалилова.

Ўзбекистон Конституциясининг 41-моддасида “ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга экани, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши айтилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги "Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш" тўғрисидаги қарорида халқ таълими муассасаларини ободонлаштириш, реконструкция қилиш, таъмирлаш вазирликнинг асосий вазифалари ва функциялари сифатида кўрсатилган.

Ўзбекистонда ўқитувчилар мактаблар учун арча кўчати сотиб олишга мажбурланиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Икки йил аввал Хоразмнинг Шовот туманидаги мактабларда ҳам ўқитувчиларга арча кўчатлари мажбурлаб соттирилган. Кузга бориб эса кўчатлар қуриб қолган.

Мактабларда сарғайиб қуриган арчаларни бўяш учун ўқитувчилардан яна пул йиғилган эди.

XS
SM
MD
LG