Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:38

Қизилқумдаги газ қувурида "ўғрилик": Газ идораси бошлиқлари шерикликда гумонланмоқда


Ҳодисадан сўнг ясама ҳовуздаги конденсат ёқиб юборилгани айтилади.
Ҳодисадан сўнг ясама ҳовуздаги конденсат ёқиб юборилгани айтилади.

Рамазон ҳайити куни Бухоро вилоятидаги “Қумли” кони қувуридан газ конденсатини ўғирлашга уринган тўрт киши ушлангани хабар қилинди.

Гумондорлар “Ўзбекнефтгаз” билан Миллий гвардия ҳамкорликда ўтказган рейд пайти қўлга олинган.

Гумон қилинишича, уюшган жиноий гуруҳ томонидан газ қувуридан тонналаб конденсат ўғирлаб келинган ва бу ўғрилик соҳа мутасаддилари билан шерикликда амалга оширилган.

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг 20 га яқин раҳбари ишдан олинган, уларнинг айримларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистоннинг нефть ва газ монополиячиси - “Ўзбекнефтгаз” ширкати тарқатган хабарга кўра, жорий йилнинг 13 май куни мамлакат аҳолиси Рамазон ҳайитини нишонлаётган бир пайтда “Қумли” конига тегишли газ қувуридан конденсатни ўғирлашга уринган гуруҳ аъзолари қўлга олинган.

Хабарда айтилишича, ўғрилик диаметри 720мм бўлган газ коллекторини тешиб, ўрнатилган 2та хомутдан конденсат олинаётган пайти аниқланган.

Ҳодиса тафсилотларидан хабардор манбага кўра, ўғрилик уюшган жиноий гуруҳ томонидан амалга оширилган.

“Газ қазиб оладиган қудуқлар чўлнинг 50-60 километр ичкарисида жойлашган. Йўл йўқ, қумлик. Оддий машина юра олмайди, ботиб қолади. Ўғрилар ўзига махсус транспорт ясаб олган. Улар ночное видение аппаратини тақиб, кечаси машиналарини фараларини ёқмасдан ҳаракатланган. Ҳар 10-20 километрда ўз агентларини қўйиб қўйган. Улар гуё чўпонлик қилаётган бўлиб, хавф туғилганда сигнал беришган. Ҳайит куни эрта тонгда ҳамма ҳайит намозига кетган пайти ўғрилар қувурни тешиб, 2та хомут ўрнатган ва ундан шланка тортиб, 10-15 километр узоқликда яшириб қўйган. Кечқурун бориб, улар қўлбола ҳовуз ясаб, салафан ётқизган ва шланка орқали конденсатни тортиб олаётган пайти ўғрилик ошкор бўлган”,- деди аноним қолишни истаган манба.

“Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, ўғрилик ширкат билан Миллий гвардия ходимлари ҳамкорликда ўтказган рейд чоғида аниқланган.

Ширкат масъулларидан бири аноним қолиш шарти билан Озодликка айтишича, жами 4 киши ўғриликда гумонланиб ушланган:

“Олдин ўғрилар ходимларимиздан қўрқмаган. Баъзи ишчилар ўғрилар билан шериклик ҳам қилган. Шунинг учун “Ўзбекнефтгаз” Миллий гвардия билан шартнома имзолади. 1 ойдан бери Газлида рейд бўляпти. Миллий гвардия тўлиқ қуролланган. Ўқотар қуроллар, чўлда юришга мўлжалланган махсус техникаси ҳам бор. Ўша куни ўғрилар Миллий гвардия келаётганидан хабар топган ва ўзларидан из қолдирмаслик учун ясама ҳовуздаги конденсатни ёқиб, қочиб қолишган. Лекин Миллий гвардия машиналари зўрлиги сабаб уларни қувиб етиб, ушлади”.

Ширкат хабарига кўра, ушбу ўғрилик ошкор бўлгач Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг жами 16 нафар раҳбари, жумладан, бошқарма директори Абдулло Мажидов ва бош муҳандис Аброр Ражабов ишдан бўшатилган.

Аноним қолиш шарти билан суҳбатлашган ширкат масъулига кўра, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбарларидан бир нечтасига нисбатан жиноят иши ҳам қўзғатилган.

“Шу каби ўғирликларга шерик бўлгани учун Газли бошқармасининг 20га яқин ходими ишдан бўшатилди. Бу ўғрилар трубанинг қаерда жойлашганини ичкаридаги одамлардан олган. Улар қаердан билади, труба қаерда, қандай жойлашганини? Шу ўғриликка шериклик айблови билан Газли бошқармасида 1 йил ичида 4та раҳбар алмашди. Мажидов 2 ойча ишлади, шу вақт ичида 11 марта ўғрилик бўлган, ҳаммаси яширилган. Ҳозир Газли бошқармасининг собиқ раҳбарлари бўйича жиноят иши очилган. Ишни Бухоро вилоят прокуратураси олиб боряпти”.

Ширкат масъули ҳисоб-китобича, гап катта суммадаги ўғрилик ҳақида кетмоқда:

“Конденсат худди бензиндай, ишлатишга тайёр ҳолда бўлади. Ўғирланган конденсатни заправкалар сотиб олади ва бензинга аралаштириб сотади кейин. Конденсатнинг 1 литрини 3500 сўмдан сотиш мумкин. 10 тоннаси 35 миллион сўм бўлса, ҳисоблаб кўраверинг қанча пул бўлишини. Бир кунда 100 минг тоннагача ўғирлашлари мумкин”.

Маълум бўлишича, газ қувурларига оид маълумотлар автоматлаштирилмагани сабаб шу пайтгача қанча конденсат ўғирлангани номаълум.

“2020 йилнинг март-апрел ойларида бошлаб тўлиқ автоматлаштирилди. Заводга қайси кондан қанча конденсат келаётгани аниқ бўлди. Лекин 2020 йилнинг охирига келиб камайишни бошлади. Шундан кейин ўғирликларни текшириш бошланди. Агар кеча шу нарса аниқланмаганида улар йил давомида қувурдан қанча конденсат ўғирлаши мумкин эди. 4та коннинг бошлиқлари ҳам шу ўғриликларнинг олдини олмаганликда айбланиб, ишдан олинди”, - деди ширкат масъули.

Бухоро вилоят прокуратурасининг Озодлик боғланган ходими Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси собиқ раҳбарларидан бир нечтасига нисбатан иш қўзғатилганини тасдиқлади, бироқ тергов ҳаракатлари ниҳоясига етмагани сабаб тафсилотларни очиқлай олмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG