Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:34

Қирғизистонда Миллий мотам. Тожикистон ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот бермаяпти


Тожикистон отган минадан ҳалок бўлган Мадина Рахматжонова 12 ёшда эди.
Тожикистон отган минадан ҳалок бўлган Мадина Рахматжонова 12 ёшда эди.

Мадина 12 ёшда эди

-Мадина қизимни кеча ерга бердик... Аёлим билан кичик қизим Бишкекда, касалхонада ётишибди...

12 ёшли Мадина Рахматжонованинг отаси Наимжон Абдулов йиғисини тўхтата олмади...

Мадина Лайлак туманидаги Интернациональ қишлоғи Тожикистон ҳарбийлари томонидан минемётлардан ўққа тутилган пайтда ҳалок бўлди.

-Ўша куни эрталаб мен ишга кетдим. Кейин бирдан Тожикистон ҳарбийлари қишлоғимизга ўқ отишни бошлабди. Хотиним болалар билан кўчага чиққан. Ўша пайтда уйимизнинг томига бир нарса тушиб, қаттиқ портлабди. Хотиним “портлашдан қулоғим кар бўлиб қолди”, деб айтди. У икки қизимизни етаклаб қочаётган пайтда минемётдан ўқ отишган. Катта қизим (Мадина) йиқилиб қолган. Мина хотиним ва кичик қизимга ҳам теккан. Хотиним яраланганига қарамай, кичик қизини бағрига босиб, катта қизимизнинг олдига боришга ҳаракат қилган. Аммо тинимсиз ўқ отилаётгани учун шок бўлиб қолган,-деди Наимжон.

Кейинроқ бу оила аъзоларини “Тез ёрдам” олиб кетган. Мадина касалхонага олиб кетилаётганида вафот этди. Мадинанинг яраланган онаси ва синглиси эса даволаниш учун Бишкекка жўнатилган.

Мадина Рахматжонова 28, 29, 30 апрель ва 1 май куни Қирғизистон - Тожикистон чегарасида содир этилган отишманинг энг ёш қурбони бўлди.

Чегарачи Беҳзод Йўлдошев энди ҳеч қачон 31 ёшга тўлмайди

Прапорщик Беҳзод Йўлдошев эса 10 май куни 31 ёшга тўлар эди. У Боткендаги 2021 ҳарбий қисмида хизмат қиларди.

Беҳзод 29 апрель куни ҳоласи Зебо Холматовага телефон қилиб, “урушга кетаётгани”ни айтган.

“У чегарага кетаётганида “Урушга кетаяпман”, деб хайрлашган эди. Унга “эҳтиёт бўл”, деб айтдим. Кейин унинг ҳалок бўлганини эшитдик. Жума куни (30 апрель) кечқурун унинг жасадиникатта қийинчиликлар билан аранг уйга олиб келишди. Бугун ( 1 май) уни дафн қилдик,- деди Зебо Холматова.

Беҳзод уч боланинг отаси эди. Каттаси 7 ёшда, ўртанчиси 5 ёшда, кенжатойи эса эндигина 6 ойлик бўлган эди.

Ҳалок бўлганлар орасида Беҳзод Йўлдошевнинг сафдошлари бўлган ҳарбийлар – 30 ёшли Эсентур Кубаничбеков ва 29 ёшли Нурсултан Манасбек ўғли ҳам бор.


28, 29, 30 апрель ва 1 май кунлари давом этган чегара низосида Қирғизистон томонидан расман 34 киши ҳалок бўлгани, 180га яқин киши жароҳатлангани, 33 мингдан ортиқ одам уй-жойини ташлаб қочишга мажбур бўлгани маълум қилинди.

Ҳалок бўлганларнинг асосий қисми тинч аҳоли вакилларидир.

Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати: Тожикистон қирғиз қишлоқларига авиаракеталар отган

Боткендаги Максат қишлоғидаги уйлардан бири.
Боткендаги Максат қишлоғидаги уйлардан бири.

2 май куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати Тожикистон ҳарбийлари қирғиз қишлоқларини нафақат автомат, пулемёт ва минемётлар, балки авиаракеталар билан ҳам бобмардимон қилгани ҳақида баёнот берди.

Қўмитанинг маълум қилишича, Боткеннинг Ўртабўз қишлоғида Тожикистонга тегишли бўлган авиаракета топилди. Ракета қишлоқдаги хонадонлардан бирининг деворини тўсиб ўтган ва бахтли тасодиф туфайли портламай қолгани оқибатида бу уйда яшовчилар зарар кўрмаган.

Миллий хавфсизлик қўмитаси 29 апрелда Тожикистон томони “Ми-24” вертолёти билан Боткен туманининг Тўрткўча ва Чирдўбў ҳудудларига ҳужум қилганини ҳам билдирди.

Тожикистон ҳукумати ҳозирча бу баёнотга муносабат билдирмади.

Тожикистон ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот бермаяпти

Чегара низосида ҳалок бўлган Тожикистон ҳарбийси Некрӯз Ғафуров.
Чегара низосида ҳалок бўлган Тожикистон ҳарбийси Некрӯз Ғафуров.

Тожикистон ҳукумати тўрт кунлик низода ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар тўғрисидаги маълумотларни шу кунгача очиқламади.

Аммо Озодлик радиоси тожик хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда камида 15 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берди. Мазкур хабарда таъкидланишича, ҳалок бўлгани аниқланган 15 кишидан 7 нафари Тожикистон Қуролли кучларининг зобитлари ва оддий аскарларидир.

Душанбедаги “Азия-Плюс” агентлиги эса ўз манбасига таянган ҳолда, 30 апрель ҳолатига кўра, 10 нафар тожикистонлик ҳалок бўлгани ва 90 нафари яралангани ҳақида билдирган.

Низо хроникаси

Қирғизистон ва Тожикистон 1 майда ўқ отишни тўла тўхтатиш ва ҳарбийларни чегара ҳудудидан олиб чиқиб кетиш тўғрисида 4 банддан иборат “принципиал келишув”га эришгани маълум қилинди. Мазкур келишув асосида ҳар икки ҳукумат вакилларидан иборат бўлган ишчи гуруҳлар 2 майдан бошлаб ҳарбийларнинг чегарадан олиб чиқиб кетилишини назорат қилиб боради.

30 апрель куни ҳам Қирғизистон ва Тожикистон “чегараолди ҳудуддан барча кучлар ва ҳарбий техникани олиб чиқиб кетиш, йўлларни очиш ва тинч аҳолининг эркин ҳаракатланиши учун шароит яратиш”га келишган эди. Бироқ бу келишим бажарилмай, 30 апрель ва 1 май кунлари ҳам зиддият давом этган.

28, 29, 30 апрель ва 1 май кунлари давом этган чегара низосида Қирғизистон томонидан расман 34 киши ҳалок бўлгани, 178 киши жароҳатлангани, 33 мингдан ортиқ одам уй-жойини ташлаб қочишга мажбур бўлгани маълум қилинди. Ҳалок бўлганлардан бири 13 ёшли қизалоқдир.

Низо оқибатида Қирғизистоннинг Боткен вилоятининг Боткен ва Лайлак туманларидаги ўнлаб қишлоқлар зарар кўрда, ўнлаб уйлар ва тадбиркорлик объектлари ёниб кетди.

Озодлик радиоси тожик хизмати эса ўз манбаларига таянган ҳолда Тожикистон томонида камида 15 киши ҳалок бўлгани, 90 киши яраланганини билдирди. Тожикистон ҳукумати ҳозирча ҳалок бўлганлар ва тортилган зарар тўғрисида маълумот бермаяпти.

Қирғизистонда 1-2 май Миллий мотам куни деб эълон қилинди.

XS
SM
MD
LG