Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:40

Татаристонда лотин ёзувига ўтиш муаммоси


Тўлқин Ўзбекистонда лотин ёзуви қабул қилинганига ҳам ўн йилдан ошган бўлса-да, унга ҳамон тўлу ўтилмаган. Татаристонда эса Республика парламентининг 1999 йилда қабул қилган “лотин ёзувига қайтиш тўғрисида”ги қонуни Россия Давлат Думаси томонидан рад этиб келинмоқда.

Ўтган аср аввалида туркий халқлар ёзувини араб алифбосидан барча туркий халқлар учун ягона бўлган лотин ёзувига ўтказиш ғояси жадидлар томонидан илгари сўрилган эди.

Ўтган асрнинг 30-йилларида совет ҳукумати собиқ иттифоқ таркибидаги туркий халқлар, шу жумладан, ўзбеклар ва татарлар ёзувини ҳам араб алифбосидан лотин ёзувига ўтказди. Аммо орадан 10 йил ўтиб бу ёзув кирилл графикаси билан алмаштирилди.

Татаристон Республикаси парламенти 1999 йилда яна ўша эски ёзувни тиклаш мақсадида махсус қонун қабул қилинди. Хўш, лотин ёзувига қайтишнинг татар халқи, унинг тили, анъаналари учун қандай аҳамияти бор? Шундай савол билан татаристонлик журналист Али Гилмига мурожаат қилдик.

“Татар ёзмасини лотин алифбосига ўтказишнинг энг туб сабаби шуки, шу пайтгача қўлланиб келаётган кирилл алифбоси татар тили товушлар тизимига тўла мос келмайди. Кирилл алифбосида бор бўлган баъзи товушлар татар тилида йўқ ёки татар тилида бўлган кўпгина товушлар кирилл алифбосида йўқ. Товушлар тизими ва имлони комиллаштириш мақсадида Давлат Думасига “эски лотин ёзувига қайтиш тўғрисида”ги қонун тақдим этилди”.

— Лотин ёзувига қайтиш истаги татар халқининг ҳозирда лотин алифбосида ёзаётган туркий халқларга интилишини ҳам англатмайдими?

“Албатта, бу ҳам масаланинг муҳим бир жиҳати. Чунки ҳозирда усмонли турклари лотин алифбосида ёзса, кўпгина туркий халқлар, хусусан, ўзбеклар ва озарбойжонлар лотин ёзувига ўтган. Татарлар ҳам лотин ёзувига ўтса, бу туркий халқларга яқинлашишга ёрдам берган бўлар эди”.

Аммо Татаристон Республикаси парламенти қабул қилган мазкур қонун 3 йил давомида Россия Давлат думаси муҳокамасида бўлиб, 2002 йили дума татарлар тили ёзуви кирилл алифбосида қолдирилиши тўғрисида қарор чиқарди. Думанинг Татаристон парламенти қабул қилган мазкур қонунни рад этганининг асил сабаби нимада, деб ўйлайсиз? — деган саволга Али Гилми бундай жавоб қилди:

“Дума қарорини тушуниш мумкин. Чунки Россияда ҳозир унитар давлат тузишга ҳаракат қилинмоқда. Шу нуқтаи назардан, Россияда мамлакат таркибидаги барча халқларни бир миллатга, бир давлатга, бир халққа айлантиришга интилиш бор. Шунинг учун Россия таркибидаги бир халқнинг бошқа алифбода ёзиши, улар кўзи билан қараганда, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи бир амал бўлиб кўринади”.

Аммо Татаристон Республикаси парламенти дума қароридан норози бўлиб, Россия конституциявий судига мурожаат қилди. Шу ҳафтада Конституциявий суд Татаристон парламенти депутатлари сўрови асосида дума қарорининг қанчалик мамлакат конституцияси ва қонунларига мувофиқлигини текширишни бошлади. “Озодлик” радиоси татар хизмати мухбирининг: Агар суд Татаристон парламенти фойдасига қарор чиқарса, қандай ишлар амалга оширилади? — деган саволига Татаристон Республикаси парламенти Маданият, фан ва таълим қўмитаси раиси Расил Валиев бундай жавоб қилди:

“Агар шундай қарор қабул қилинса, биринчи навбатда мен, ниҳоят, Россияда ҳам одил суд пайдо бўлибди, деб Россия учун қувонар эдим. Агар чиндан ҳам конституцияга асосланган шундай қарор чиқарилса, бу бизнинг ишимизни енгиллаштирар эди. 1999 йилдан буён лотин ёзуви мактабларда тажриба сифатида жорий қилинган. “Татар тилини лотин ёзувига ўтказиш тўғрисида”ги лойиҳа ишлаб чиқилган. Бу лойиҳага президент қўл қўйиб, ишни бошлаб юборган бўлар эдик”.
— Агар конституциявий суд дума фойдасига қарор чиқарса-чи?

“Тескари қарор қабул қилинса, татар халқининг лотин ёзувига ўтиши учун қонуний ҳуқуқи бўлмайди. Аммо биз бу билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Чунки бу ерда бизнинг қайси ёзувга ўтишимиз ҳақида эмас, балки инсон ҳуқуқлари, халқларнинг, миллатларнинг ҳуқуқлари масаласида сўз боради”.

Татаристон парламенти депутати, шунингдек, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун барча маҳкамаларга, хусусан, Страстбургдаги инсон ҳуқуқлари бўйича судга мурожаат қилиши мумкинлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG