Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:39

Янги фабрикалар ишга тушди


Ўзбекистонда янги ишлаб чиқариш корхонасининг барпо этилиши оддий халқ томонидан хушхабар сифатида қарши олинади.
Ўзбекистонда янги ишлаб чиқариш корхонасининг барпо этилиши оддий халқ томонидан хушхабар сифатида қарши олинади.

Наврўз арафасида Ўзбекистонда еттита ип йигириш корхонаси ишга тушди. “Ўзбекенгилсаноат” расмийларига кўра, бу корхоналар хориж сармоясига қурилган бўлиб, уларда 1500 дан ортиқ иш ўрни яратилди.

Ўзбекистонда ҳозир қурилиб ишга топширилаётган ҳар қандай ишлаб чиқариш корхонаси аҳоли томонидан катта хурсандлик билан қарши олинади. Чунки, ўзбекистонликлар учун ҳар бир иш ўрини бугунги ишсизлик шароитида жуда қадрли.

"Ўзбекенгилсаноат" давлат акционерлик компанияси Наврўз арафасида еттита ип-калава ишлаб чиқарадиган хорижий корхоналарнинг мамлакат пойтахти ва вилоятларида иш бошлаганини маълум қилди.

Компаниянинг инвесторлар билан ишлаш бошқармаси ходими Ғанижон Ҳасановнинг Озодликка айтишича, бу лойиҳаларнинг ишга тушиши натижасида 1500 дан ортиқ иш ўринлари яратилади:

- Худога шукур¸ ривожланиш бор. Ҳозир мана еттита корхона ишга тушди. Ўзимизнинг республикада етиштирилган пахтани йигириш йўлга қўйилади. Бу орқали бошқа корхоналар ҳам йигирилган ипдан фойдаланиб¸ тайëр маҳсулот ишлаб чиқаришади¸ дейди Ғанижон Ҳасанов.

Ғанижон Ҳасановнинг айтишича, бу корхоналарнинг камида 80 фоиз ишлаб чиқарган маҳсулоти хорижга экспорт қилинади. 20 фоиз ип-калава эса мамлакат ичкарисидаги корхоналар учун сотилади. Хўш, бугун Ўзбекистондаги тўқимачилик корхоналари бугун мамлакатнинг ички эҳтиёжини қоплай оладими?

- Мен ўйлайман¸ қоплаши керак. Мана мен ўзим яқинда битта-иккита корхоналарда бўлдим¸ кўрдим. Худога шукур сифатлари ҳам анча яхши¸ дейди Ғанижон Ҳасанов.

Ўзбекистондаги мустақиллик йилларида қурилган тўқимачилик корхоналарининг аксарияти тайёр маҳсулот эмас, ип-калава ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Натижада, ҳали ҳамон Ўзбекистон хом ашё ёки ярим маҳсулот сотадиган давлатга айланиб қолмоқда.

Биз бунинг сабаблари ҳақида Тошкент тўқимачилик енгил саноат институти профессори Эркин Ҳалимбоевдан сўрадик. Унинг айтишича, ўшанинг ўзи ҳам Ўзбекистон учун катта ютуқ. Чунки, Ўзбекистон илгари фақат тола экспорт қиларди, холос. Энди эса:

- Ҳозир энди ипга чиқдик¸ ярим маҳсулотга. Энди трикотаж матолари ҳам чиқаяпти. Трикотаж маҳсулотларнинг қўлланилиши газламаларга қараганда камроқ. Шунинг учун газлама кам бўлаяпти.

Тўқимачилик ўзи мураккаб технология. Бизга собиқ иттифоқдан жуда ëмон технология қолган. Корхоналар ўта даражада катта бўлган. Мана шу иккита омил туфайли бизнинг қийинчиликдан чиқишимиз қийин бўлаяпти. Лекин ҳозир бирин-кетин корхоналар ишга тушаяпти¸ дейди Эркин Ҳалимбоев.

Хўш, гарчи шундай экан, бугун шундай тўқимачилик корхоналарини Ўзбекистонда кўпайтиришга ва аҳолини иш билан таъминлашга қандай имкониятлар бор?

- Имкониятлар кўп. Ҳозир янги технология ўрнатилган корхоналар ҳам кўп. Лекин улар тўлиқ ишга тушиб кетишмаяпти. Ҳозир бизда ип етарли. Олдин ип йўқ эди.

Ҳозир экспортни ҳам таъминлаяпмиз¸ агар ишлатсак ўзимизнинг эҳтиëжга ҳам етади. Тошкент¸ Тўйтепа ва Фарғонадаги корхоналар тўлиқ ишга тушиб кетса¸ ҳажм ва одамларни иш билан таъминлаш кўпаяди¸ дейди профессор Эркин Ҳалимбоев.

Ўзбекистондаги энг катта тўқимачилик корхоналари бугун тўла қувват билан ишлай олмаяпти. Нега уларни янги технологиялар билан жиҳозлаб, қайтадан ишга тушириш мумкин эмас? Профессор бу тадбир ўзини оқламаслигини айтади:

- Гигант корхоналар ҳозир тўқимачилик саноатида ўзини оқламаяпти. Совет пайтида бизда четдан маълумот кам эди. Ҳозир маълумот кўп олаяпмиз.

Мана сизга мисол қилиб айтаман. Америкада 1980-85 йилларда корхоналарда ўрнатилган дастгоҳлар энг кўпи 500-600 та бўлган. Текстил корхоналарда 7000-9000 тагача дастгоҳ бўлган. У гигантлар ҳозир ўзини оқламаяпти.

Илгари қанча мато ишлаб чиқарсангиз¸ собиқ иттифоқнинг одамлари ишлаб берган газламани кияверар эди. Ҳозир газламаларнинг ҳаммаси ҳам кетмайди. Шунинг учун олдинги текстил комбинатни тиклаш бўлмайди¸ дейди профессор Эркин Ҳалимбоев.

Профессор Эркин ҳалимбоевнинг айтишича, ҳозирча Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кийим-кечаклар хориж моллари билан рақобатлаша олмайди. Бунинг сабаби:

- Соф пахтадан ишлаб чиқарилган кийимларнинг камчилиги бор: тез ғижимланувчан. Шунинг учун четдан келаëтган маҳсулотларнинг ҳаммасида синтетик тола бор. Собиқ иттифоқ даврида бизда соф пахтага аралаштириладиган синтетик тола чиқариш бўлмаган.

Ҳозир ўзимизда соф пахтада ишлаб чиқарилган маҳсулотларга 20 фоиз синтетик қўшиш борасида иш олиб борилаяпти. Шундагина ўзимизнинг соф пахтадан бўлган газламалар рақобатбардош бўла олади¸ дейди профессор Эркин Ҳалимбоев.
XS
SM
MD
LG